Жинс генетикаси
Бактериялар, тубан ўсимликлар, ҳайвонларда жинс бўлмайди. Шунга кўра улар бўлиниш орқали кўпаядилар. Органик олам эволюциясининг маълум босқичида Ер юзида айрим жинсли организмлар пайдо бўлган. Айрим жинсли организмларнинг пайдо бўлиши катта биологик аҳамиятга эга. Чарлз Дарвин таъкидлашича ўз-ўзидан чатишиш биологик жиҳатдан зиён, четдан чатишиш эса фойдалидир. Одатда организмлар четдан чатишганда авлодларда ота-она организмлар нисбатан ирсий ахборотининг кўпайиши рўй беради. Бу эса уларнинг ўзгарган муҳит шароитига мосланишида катта имкониятлар яратади.
Жинс муаммоси билан одамзот қадимдан машғул бўлиб келишига қарамай, фақат генетика фан сифатида шакллангандан сўнг бу муаммо ўз ечимини топди.
Жинс организмнинг гаметалар ҳосил қилиш орқали насл қолдириши, ирсий ахборотни келгуси авлодга узатишни таъминлайдиган белги ва хоссалар мажмуасидир. Юксак ҳайвонларда ҳар хил жинсли организмларни фарқлантирувчи белги-хоссалар бирламчи ва иккиламчи жинсий белгиларга ажратилади. Бирламчи жинсий белгиларга организмнинг ташқи аъзолар, уларнинг ривожланишини таъминловчи морфофизиологик хоссалар киради.
Иккиламчи жинсий белгилар эркак ва урғочи организмлар гаметаларини ҳосил қилишда, уларнинг ўзаро қўшилиб уруғлашнишни таъминлашда ҳамда жинсий кўпайишда билвосита роль ўйнайди. Жинсий диморфизм яъни эркак ва урғочи организмлар орасида тафовут кўпгина ҳайвонларда, одамларда ҳам кўзга ташланади. Масалан, қушларнинг, сут эмизувчи ҳайвонларнинг эркаги гавдасининг йирик бўлиши, чиройли бўлиши, одамларнинг эркакларида соқол, мўйловнинг бўлиши, овознинг йўғон бўлиши бунга мисолдир. Улар бирламчи жинсий безлар томонидан ажралган гормонлар таъсирида ривожланадилар.
Жинсни аниқлаш.
Жинсни аниқлашнинг уч: прогам, эпигам, сингам хили мавжуд. Жинсни аниқлашни прогам хилида жинс уруғлангунча маълум бўлади. Масалан, баъзи бир коловраткалар, чувалчангларда урғочи организм одатда йирик, цитоплазмага бой ҳамда майда цитоплазмаси кам бўлган тухум ҳосил қиладилар. Цитоплазмага бой тухум ҳужайра уруғлангач урғочи, майда, цитоплазмаси кам тухум ҳужайра эса уруғлангач эркак организмни ҳосил қилади.
Жинсни аниқлашнинг эпигам хилида жинс шаклланиши ташқи муҳит омилларига боғлиқ бўлади. Чунончи, Ўрта Ер денгизи ва Атлантика океанида тарқалган чувалчанг Bonella viridisни уруғланган тухум ҳужайрасидан эндигина ривожланган личинка мустақил яъни тошларга ёпишиб ҳаёт кечирса урғочи жинсни, аксинча у урғочи организмнинг айрисимон хартумчасига ёпишиб, сўнгра шу орқали унинг жинсий органида паразитлик қилиб яшаса эркак жинсли организмни ҳосил этади
Жинсни аниқлашнинг сингам хилида жинс уруғланиш даврида маълум бўлади. Бунда жинсни асосан жинсий хромосомалар белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |