Битирув ишининг объекти ва предмети. Битирув ишининг объектини давлат бошқаруви республика шаклининг назарий-ҳуқуқий асослари, шунингдек республика шаклидаги давлатларни шакллантириш ва ривожлантириш борасидаги муносабатлар ташкил этади.
Битирув ишининг предмети республика бошқарув шакли тўғрисидаги илмий-назарий асарлар, тадқиқотлар, миллий ва хорижий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тарихий ва замонавий давлатларнинг амалий тажрибалари таҳлили ҳисобланади.
Битирув ишининг мақсади давлат бошқаруви республика шаклининг тарихий ва замонавий кўринишларининг ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлари, ҳозирги замон республикаларининг умумий ва хусусий томонларини илмий билиш ва уларни таҳлил этишдан иборат.
Битирув ишининг вазифалари:
республика бошқарув шакли тушунчаси, хусусиятлари ва юридик табиатини ўрганиш;
давлат бошқаруви республика шаклининг ривожланиш босқичларини қиёсий таҳлил асосида ўрганиш;
ҳозирги замон республика шаклидаги давлатларнинг ўзига хос жихатлари ва умумий хусусиятларини ўрганиш ҳамда қиёсий таҳлилини амалга ошириш;
республика бошқарув шаклидаги давлатлар тўғрисидаги илмий асарлар, тарихий-замонавий тажрибаларни ўрганган ҳолда қилинган хусусий таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб тегишли таклиф ва тавсияларни шакллантиришдир.
Битирув ишини тайёрлашда фойдаланилган адабиётлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қисқача таҳлили. Битирув ишини ёзишда қуйидаги муаллифларнинг асарлари атрофлича таҳлил қилинди: Хусанов О.Т. Конституциявий ҳуқуқ, Одилқориев Х.Т. Давлат ва ҳуқуқ назарияси, Сабуров Н., Сайдуллаев Ш. Давлат ва ҳуқуқ назарияси, Исломов З.М. Давлат ва ҳуқуқ назарияси, Одилқориев Ҳ., Азизов Н., Мадиримов Х. Давлат ва ҳуқуқ тарихи, Икрамов Ш. Муаллифлар жамоаси. Конституциявий ҳуқуқ китобларида давлат бошқаруви, унинг республика шаклининг ўзига хос жиҳатлари, тарихиш ва замонвий шакллари, ривожланиш босқичлари, ислоҳ қилиниши, замон ва маконда бир-биридан фарқланиши каби хусусиятларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва амалга оширилишининг ҳуқуқий асослари ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидан Президент ва Парламент ваколатлари ҳамда ўзаро муносабатларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунидан палата ваколатлари, таркиби, қонунларни ишлаб чиқиш тартибини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунидан Сенатнинг мақоми, ваколатларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ–4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сонли “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонларидаги давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар йўналишлари ўрганилиб, ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |