Икки мўъжиза
Ўша даврда Арабистонда бир неча бадавлат, қудратли мажусий шаҳзодалар яшар эди. Улардан бири Ҳабиб ибн Малик эди. Уни доно Ҳабиб дейишарди. Сабабки, у яҳудий ва насроний китобларни ўқир, табиатан яхши одам эди.
Доно Ҳабибнинг Сатиҳа исмли қизи бор эди. Сатиҳа тўсатдан ғалати касалга чалиниб, бир йўла кар, кўр, қўлсиз ва оёқсиз бўлиб қолади. Ҳабиб қизининг қисматига қайғуради. Каъбага келиб, унинг соғайишини тилаб, тоат–ибодат қилади.
Муҳаммаднинг амакилари Абу Суфён билан Абу Жаҳл шаҳзодага учраб Муҳаммаднинг қилмишларидан шикоят қилиб, шаҳзода ёрдамида уни ўлдирмоқчи ёки ҳайдаб юбормоқчи бўлишади. Доно Ҳабиб уларнинг арзини эшитгач, Муҳаммадни ўз ҳузурига чақиради. Буни эшитиб, мусулмонлар қўрқиб кетишади. «Сизга мушкул бир жумбоқни рўпара қилса–чи?» –– деб сўрашади улар.
Муҳаммад уларга таскин беради, таваккални худога қилайлик, ўзи мушкулимизни осон этгай, дейди.
У кириб борганда, шаҳзода ҳашаматли чодирда духоба болишларга суяниб ўлтирар, атрофида маҳраму мулозимлари хизматга шай бўлиб туришарди.
Доно Ҳабиб Муҳаммаднинг очиқ, дадил, аллақандай нурланиб турган, маъсум ва мусаффо чеҳрасига тикилиб қарайди.
«Эшитишимча, Аллоҳ мени пайғамбар қилиб юборди, демишсан… Шу гап ростми?» –– сўрайди у.
«Рост, –– деб жавоб беради Муҳаммад, –– инсонларни ҳақ йўлига бошлаш учун Аллоҳ мени пайғамбар қилиб юборди».
«Далилинг борми? –– яна сўрайди шаҳзода. –– Барча пайғамбарлар муъжиза кўрсатишган. Нуҳнинг камалаги, Сулаймоннинг узуги бор эди. Иброҳим оловга ҳоким эди, амр этиб уни сўндира оларди. Исмоилнинг қўчқори, Мусонинг ҳассаси бор эди. Исо ўликка жон бағишларди. Қани, сен айт–чи, менинг чодиримда ким бор ва мен уни нега буёққа келтирдим?»
Муҳаммад тиз чўкиб, ибодат қилади. Сўнг ўрнидан туриб дейди: «Ё Ҳабиб, чодирингда қизинг бор. У кўр, кар, тилсиз ва оёқсиз. Сен унга шифо истаб, буёққа келтиргансан. Бор, чодирингга кириб, қизинг билан гаплаш».
Ҳабиб ўрнидан туриб, чодирга киради ва соппа–соғ қизи уни ширин табассум ила қарши олади. Ҳабиб уни кўриб, ҳайрону лол қолади.
Сўнгра Ҳабиб Муҳаммаддан яна мўъжиза кўрсатишни сўрайди. Муҳаммад яна тиз чўкиб, ибодат қилади. Шунда ажиб ва ғаройиб ҳодиса рўй беради. Ҳаммаёқни зулмат, қоронғулик қоплайди. Ҳозир бўлганлар ҳайратланиб қараб туришаркан, Муҳаммад бармоғини осмонга қадайди. Шунда кўз очиб–юмгунча ўтган фурсат ичида тўлин ой қоқ иккига бўлиниб яна бирлашади…
Ҳабиб ҳанг–манг бўлиб, қотиб қолади. У тиз чўкиб дейди: «Ё Муҳаммад, мени ҳақ йўлига бошлагил». Шунда Ҳабибнинг изидан эргашиб тўрт юз етмиш киши пайғамбарга имон келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |