Фаришта яна келади
Муҳаммад чиндан ҳам на ўқишни, на ёзишни биларди, бас, у қандай қилиб гўзал шеърлар бита оларди? Унинг яқинлари буни яхши билишар ва яна билишардики, юз йиллар, минг йиллар олдин юз берган ва келажакда юз берадиган воқеалар хусусида классик араб назми оҳангларида шеърлар яратувчи кимса ёлғиз илоҳий куч –– илҳомга суянади!
Кўплар унга имон келтиради. Биринчи бўлиб Муҳаммадга имон келтирган киши Хадича эди, сўнг Али, сўнг Зайд, кейин бошқалар…
Барча араб тили алломалари Қуръоннинг гўзаллиги ва тиниқлигига тан беришади. Ҳатто араб тилини билмаганлар учун ҳам уни ёд олиш осон эди. Шу туфайли пайғамбар издошлари унинг айтганларини ёд ола бошлайдилар.
Бироқ, Муҳаммад энди бениҳоя ташвишли кўринади. У Ҳира тоғига тез–тез қатнар, ўзи бениҳоя озиб–тўзиб кетган, кўзлари ғалати боқар, ҳамиша жиққа терга ботиб юрар эди. У ҳеч нарса емас, ичмас ва ухламас эди. Тунлари тоат–ибодатдан бош кўтармасди.
«Менга нима бўлди ўзи? –– деб сўрайди Хадичадан. –– Магар ақлдан озмаяпманми? Ёнидан ўтсам, ҳатто тошлар ҳам «Аллоҳуакбар!» деб қичқиради…»
«Ташвишланманг, –– дейди унга Хадича. ––Худо сизни пайғамбар этиб сайлаган экан, ўзи тўғри йўлга бошлайди».
Бир кун у яна Жаброилни кўради. Фаришта ер билан осмон оралиғида чордона қуриб ўлтирар эди. Жаброил дейди: «Ё Муҳаммад, сиз чиндан ҳам расулиллоҳсиз».
Муҳаммад Каъбага бориб, тоат–ибодат қилади. Худонинг овозини эшитиб, уни қалтироқ босади. «Аё яктак кийган киши! –– дейди овоз, –– оёққа тур, бориб, инсонларга хабар қил ва яратган Эгангга шукрона айт».
Шундан сўнг Муҳаммад ўзининг тангри томонидан инсонларга элчи қилиб юборилганига ишонади ва Аллоҳ сўзини одамзодга уқдириши лозимлигини англайди.
Пайғамбарлик
Ваҳийдан неча кун ўтгач, худо пайғамбарга, қариндошларингни йиғиб, исломдан сўз оч, деб буюради. Муҳаммаднинг дини «Ислом» деб аталади. «Ислом» бўйсуниш маъносини билдирар, худонинг иродасига бўйсунганларни «муслим» деб аташарди.
Муҳаммад қирққа яқин қариндошини уйига таклиф этади. Улар орасида амакилари –– Абу Лаҳаб, Абу Толиб, Ҳамза ва Аббос ҳам бор эди. Меҳмонлар олдида бир пиёладан сут ва бир бурдадан буғдой нони қўйиб, ўзи овқатга қўл уришдан олдин: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейди. Лекин меҳмонлар қанчалик еб–ичшмасин, нон ва сут камаймайди. Абу Лаҳаб қаҳ–қаҳ уриб кулади. «Муҳаммад бизни сеҳру жоду қиляпти», дейди у. Сўнгра меҳмонлар тарқалишади.
Орадан бир неча кун ўтгач, Муҳаммад уларни тағин чорлайди. Бу гал у жиддий туриб: «Мен сизларга илгари ҳеч кимса айтмаган ажойиб бир нарса айтмоқчиман. Агар, душман сизга ҳужум қилмоқчи, десам, менга ишонасизларми?» –– дейди.
Ҳозир бўлганлар: «Албатта ишонамиз, чунки сен илгари ҳеч қачон ёлғон гапирмагансан», –– деб жавоб беришади.
«Унда менга ишонинглар, –– дейди у. –– Ишонингким, Аллоҳ мени сизларни тўғри йўлга бошлаш, унинг муқаддас иродаси ва қаҳру ғазабидан огоҳ этиш учун юборади. Мусога эргашган Аърондек менга ким эргашади? Ким менга биродар, ворис ва халифа бўлади?»
Ҳеч кимсадан садо чиқмайди, ёлғиз ёш Али ўрнидан туриб дейди: «Ё Муҳаммад, мен сизга эргашаман, сизга зиён етказганларни қиличдан ўтказаман. Мен сизга мададкорман, ё расулиллоҳ».
Ўлтирганлар қаҳ–қаҳ уриб кулишади ва Абу Толибга киноя қилишади: «Сиз энди ўғлингиз Али олдида бош эгинг. Негаким, Муҳаммадга биродар ва ворис бўлди».
Чиндан ҳам Али Муҳаммадга ҳамиша мададкор бўлиб, хавф–хатар дақиқаларида унинг ёнида туради.
Фаришта Жаброил Муҳаммадга Қуддусга қараб намоз ўқишни ўргатади. Бир куни Абу Толиб кўрса, Али Муҳаммаднинг орқасида ўлтириб, намоз ўқиётган экан. Али намозни тугатиб, дейди: «Мен ишонаманки, оламда Аллоҳ –– воҳиддир ва Муҳаммад –– унинг расулидир. Мен у ўргатган йўсинда тоат–ибодат қиламан».
«Сенинг ўргатаётганинг янги динми?» –– деб сўрайди Абу Толиб Муҳаммаддан.
«Йўқ, янги дин эмас. Бу ҳазрат Иброҳим таълимотининг худди ўзи», –– деб жавоб беради Муҳаммад.
Абу Толиб Алига ўгирилиб дейди: «Ўғлим, сен Муҳаммадга эргашиб, тоат–ибодат қилавер. Ишончим комилки, Муҳаммад ёмон йўлга бошламайди».
Кўп ўтмай, Муҳаммаднинг дўстларидан бўлмиш Абу Бакр ҳам исломни қабул қилади. У Яманга саёҳат этган эди. У ерда Азд қабиласидан чиққан кекса бир донишмандга дуч келади. Донишманд унга Маккада пайдо бўлажак пайғамбар ва унинг бир ёш, бир кекса ёрдамчиси ҳақида сўзлайди. Абу Бакр Маккага қайтгач, Муҳаммад билан учрашади.
Муҳаммад ўзининг расулиллоҳ айтиб, уни исломни қабул этишга ундайди.
«Сўзингга бирор далилинг боми?» –– сўрайди ундан Абу Бакр.
«Кекса донишманд билан учрашганингда у мен тўғримда сўзламадими?» –– дейди Муҳаммад.
Бу гапни эшитиб, Абу Бакр ҳайрон қолади ва пайғамбарга имон келтиради.
Таъқиб
Муҳаммад уч йил давомида исломни фақат ўз оиласи ва дўстлари доирасида тарғиб этади. Худо энди бутун қурайш қавмларига амри маъруф этишни буюради. Лекин қурайшлар унга қулоқ осишмайди. Амр бин Аъасдеган шоир уни масхара қилиб шеър ёзади ва кўча–кўйда хиргойи қилиб айтиб юради. Баъзилар кулги–мазах қилади, баъзилар тош отади. Айримлар унга ими–жимида пора қистирмоқчи бўлишади, пул, бойлик ва мансаб ваъда қилишади. Аммо бу уринишларнинг бари бекор кетгач, пайғамбар ва унинг тарафдорларини сиқув остига олишади. Уларни, темир совут кийдириб, саҳро қуёши остида қизиган қум устига ётқизишади. Айримларни ўлгудек калтаклашади, турли қийноқларга солишади. Айримларига найза санчишади, айримларини туяларга боғлаб судратишади.
Мелодий 615 йилда пайғамбар ислом ташвиқотини бошлаганига 5 йил тўлади. Маккада туриш энди хавфлилиги туфайли айрим мусулмонлар қўшни мамалакатларга ўтишга мажбур бўлишади. Ўн бир эркак, тўрт аёл Абиссинияга қочади. Мамлакат подшоси Негус уларни ғоят меҳрибонлик билан қаршилайди. Ўшанда у насроний бўлиб, кейинчалик исломни қабул қилади. Бундан руҳланган мусулмонлар гуруҳ–гуруҳ бўлиб Абиссиния (ҳозирги Ҳабашистон ––Эфиопия) га ўта бошлайдилар.
Қурайшлар ташвишга тушиб қоладилар. Улар Абиссиния қироли саройига элчилар юбориб, қочоқларни қайтариб беришни сўрашади. Қирол уларнинг совға–саломларини қабул қилиб, сўзларини эътибор ила эшитади. Сўнг қочоқларнинг ҳам арзини тинглайди. Уларнинг бошлиғи Алининг укаси Жаъфар эди. Жаъфар фасоҳат ила сўзлайди: «Ё подшоҳим! –– дейди у. –– Биз золим, ахлоқсиз, пасткаш кишилар эдик. Ифлос ҳаёт кечирардик, бўлар–бўлмасга уруш чиқазиб, беҳудага қон тўкардик. Меҳмондўстлик ва меҳрибонлик русумини унутган эдик. Муҳаммад бизни олижаноб бўлишга ундади. Ягона Аллоҳга сиғинишга, рост гапиришга ўргатди. Биз уй–жойларимизни ташлаб кетмоқчи эмасдик, бироқ юртдошларимиз жабр–ситам қилавериб, бизни шунга мажбур этишди».
Бу сўзларни эшитиб, Абиссиния қироли кўзларига ёш олади. У мусулмонларга қараб, юртимда яшайверинглар, дейди; элчиларга ўгирилиб подшолигимдан чиқиб кетинглар, деб буюради.
Таъқиқ
Шу воқеадан сўнг пайғамбарнинг амакиси Ҳамза мусулмон бўлади. Сўнг Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон имон келтирадилар. Турли тўсиқларга қарамай, Муҳаммаднинг тарафдорлари кўпайиб бораверади.
Буни кўриб, қурайшлар баттар ташвишга тушадилар: «Энди нима қиламиз?» –– деб сўрашади улар бир–биридан. –– Уни ўлдириб, бир йўла қутулиб қўя қолсак бўлмайдими?» «Йўқ, йўқ! –– деб эътироз этишади бошқалар. –– Биз бу ишни қилолмаймиз. Абу Толибнинг жияни эканини унутмайлик».
«Биз Каъбанинг посбонларимиз. Бу ерга бутун Арабистондан зиёрат этгани келишади. Агар Муҳаммад бу ерда ваъз айтаверса, ҳадемай ҳаммани ўз томонига ағдариши мумкин», –– деб куйинади улар.
«Ҳа, ҳа биз одамларни огоҳлантиришимиз керак», –– дейди бошқа биттаси.
«Биз бу ерда бир жинни ваъз айтиб, сизни чалғитмоқчи бўляпти. Гапига қулоқ османглар», –– деймиз.
Қурайшлар Муҳаммад қавми уни жон–дилидан севиб иззат–эҳтиром этиши, ҳатто мусулмон бўлмаганлар ҳам унинг ҳимоясига ҳозир–нозир эканлигини кўриб, қатъий чоралар қўллашга қарор қилишади.
Шу мақсадда улар аҳднома битишади. Аҳдномага кўра, бошқа қавмларнинг одамлари Муҳаммад қавми одамлари билан кўришмасликлари керак эди. Улар билан савдо–сотиқ қилиш ҳам маън этилганди. Шу мазмунда ёзилиб, оқсоқоллар муҳр босган аҳдномани Каъбага элтиб яшириб қўйишади. Шу йўсинда Муҳаммад қавмини Каъба яқинидаги яланг водийда уч йил асоратда тутишади. Белгиланган чегарадан ташқарига чиқармай, кўз–қулоқ бўлиб туришади. Мусулмонлар кўп азоб–изтироб чекишади. Баъзан яшириқча келтирилган озгина озиқ–овқатни ҳисобга олмаганда, кўпинча оч қолишади. Эчки терисини чайнаб, қуруқ сув ичиб, шунга қаноат қилишади.
Уч йилдан сўнг шу тахлит чеклаш–тақиқлашлардан қурайшларнинг ўзлари ҳам чарчаб, безиб қолишади.
«Шу қадар душманчилик нега керак?», ––дейди кекса бир чол.
«Энди ишимизнинг натижасига ҳам бир қарайлик. Балки улар ўзгариб қолишгандир».
«Балки Муҳаммад қавми билан бир битимга келсак, яхшироқ бўлармиди», –– деб таклиф этади бошқаси.
Улар Каъбага бориб, у ерда бекитиб қўйилган аҳдномани олишади. Аҳдноманинг барча сўзларини чумолилар еб битирган, фақат «Бисмика Алаҳумма» деган ибора қолган эди, холос. «Бу –– чинданам муқаддас ёзув», –– дейди қурайшлардан бири. «Ҳаққас рост, –– дейди иккинчиси. –– Биз энди уларга эрк берайлик».
Шундай қилиб, Муҳаммад ва унинг қавмини чеклаган қатағонлар бекор этилади. Уч йил давом этган аъзоб–уқубатлар туфайли Абу Толиб ва Хадичанинг тинкаси қуриган, улар заифлашиб қолишганди. Чеклаш–тақиқлашлар бекор қилингач, кўп ўтмай, аввал Абу Толиб, сўнг Хадича вафот этади. Муҳаммад икки суюкли кишиси, икки мададкоридан айрилиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |