Қишлоқ ҳўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун шу экинга мос далани танлаш ҳамда унинг ўзига хос агротехникани қўллаш жуда муҳим ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ғўзанинг суғориш тартиби ва маъдан ўғитларга бўлган талаби адабиётлар таҳлили бўйича тўлиқ ўрганилди.
Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги тажриба далаларида қўлланилган агротехник тадбирлар Хоразм вилояти хўжаликлардагига мувофиқ, яъни ПСУЕАТИнинг Хоразм филиали тавсияномасига асосан амалга оширилди.
Ғўза тажриба даласи учун йиллик минерал ўғитлар меъёри гектарига қуйидагича берилади: 250 га азот, 175 кг. фосфор ва 125 кг. калий (1:0,7:0,5 нисбати бўйича). Ғўзани бўйи ўсиб кетмаслиги учун август ойида чеканка қилинди. Хосилдорликни аниқлаш қўлда амалга оширилди.
Барча дала, ишлаб чиқариш тажрибалари улардаги кузатув, таҳлил ҳамда ҳисоблар ПСУЕАИТИда қабул қилинган услубий қўлланмалар асосида ўтказилди.
Республика ғўза селекцияси ва уруғчилиги олдида 110-120 кунда пишадиган эртапишар, тола чиқими 38-40 фоиз ва узунлиги 33-
34 мм., толаси IV типга мансуб дунё бозори талабларига жавоб берадиган навларни яратиш вазифаси қўйилиши муносабати билан, ғўзанинг 160 дан ортиқ навлари яратилди. Шулар қаторида толаси жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланган “Хоразм-127” нави хам бор. “Хоразм-127” ғўза нави Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институти Хоразм филиалининг ғўза селекцияси ва уруғчилик
бўлими олимлари томонидан ғўзанинг “163-Ф” навини “С-9062” нави билан табиий равишда чатиштирилиб, кўп танлаш йўли билан олинган. Нав муаллифлари: Искандаров О., Йўлдашев Ж., Ибраҳимов Ш., Бахрамов К., Матназаров К. Ушбу нав 1993 йил якуни билан Давлат нав синовига топширилган. 1997 йилнинг апробация якунига кўра истиқболли навлар қаторига киритилган. 2001 йилдан эса “Хоразм-127” навининг уруғчилик ҳўжалиги ташкил қилинди.
“Хоразм-127” ғўза нави пояси тик ўсиб, баландлиги 90-120 см. яшил рангда ўртача даражада тук билан қопланган, ҳосил шохлари тупнинг 5-6 бўғинидан ўсиб чиқади, 1-1,5 типда шохлайди, барги анча йирик 3-5 бўлакли, тук яшил рангда, кўсаги ўртача 6,0-6,5 гр. тухумсимон думалоқ, чўзинчоқ силлиқ, туки-кўк, чаноқлари жуда яхши очилади. Чигити оч яшил, кулранг момиқ билан қопланган. 1000 дона чигитнинг оғирлиги 120-123 гр., мойдорлиги 24,5 фоиз, толасининг чиқиши 36,5-38,4 фоиз, тола узунлиги 34,5-36,0 мм., метрик номери 6100 (164), тола пишиқлиги 4,4-4,6 гк., нисбий узилиш кучи 26,2 гк/текс, микронейр кўрсаткичи 4,2, толасининг сифат кўрсаткичлари бўйича IV типга мансуб.
“Хоразм-127” ғўза нави йилнинг иқлими шароитига қараб Хоразм вилоятида андоза сифатида экилаётган “175-Ф” навига нисбатан 7-13 кун эрта пишади. Агротехника чора тадбирлари тўғри ўтказилса, гектаридан 45-50 ц пахта ҳосили олиш мумкин. Вилоятда экилиб келинаётган навларга нисбатан 4-6 ц/га кўп олинади.
Пахтанинг оқлиги энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, бу Хоразм вилоятида экилаётган “Хоразм-127” навида шундай хусусият мавжуд. “Хоразм- 127” бошқа бир қатор навлар орқали, IX- Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасида намойиш этилган.
“Хоразм-127” ғўза нави 2016-2017 йилларда Хоразм вилоятида 38 минг гектар майдонда экилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |