Ўқувчиларга нашр этилган янги китобларни ўқишга тавсия этар эканмиз, уларнинг мазмуни ҳақида қисқача гапириб бериш ўринлидир. Масалан, Исажон Султоновнинг “Ҳазрати Хизр изидан” китобининг мазмуни ҳақида сўзлаб бериш керак. Асарнинг бош қаҳрамони ҳаётида кўп муаммоларга дуч келиб, қийналиб ўз муаммоларини ечишга ёрдам сўраш учун Ҳазрати Хизрни излаб йўлга чиқади. Қорақалпоқ Хоразм юрти, Бухоро, Самарқанд, водий тарафлардан ва бошқа ҳудудлардан Ҳазрати Хизрни излайди. Аммо Ҳазрати Ҳизрни учрата олмайди. Шунда ўйлаб туриб, ёшлигида касалланганида отасининг кечқурун қаттиқ совуқ ва аёзни писанд қилмай фарзандини тўнига маҳкам ўраб касалхонага олиб боргани, даволатгани ҳақидаги хотиралари эсига тушади. Гўдак бола бу ҳолатни эслай олмасада, отасининг айтиб берганлари асосида хотирасида сақлаган эди. Кейин ўйлаб қолади, балки мени ўшанда ўлимдан сақлаб олган отам (падари бузрукворим) Ҳазрати Ҳизрдир. Мени минг тўлғоқ билан дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараган Онам – чи. Менга минг машаққат билан илм ўргатган, ҳарфни танитган, саводимни чиқарган устозларимчи? Улар Ҳазрати Хизр эмасмикан?, - деган ўй – хаёллар билан, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш учун қишлоғига қайтади. Қишлоғига яқинлашганда, унинг олдидан оппоқ соқолли, мўйсафед сиймосидаги Ҳазрати Ҳизр чиқадилар. Унга қарата Хазрати Ҳизр айтадилар: “ Сен тўғри йўлни танладинг?”. Энди тила тилагингни деганда, асар қаҳрамони она юртимга, бутун жаҳонда тинчлик бўлсин. Ер юзида ҳамиша фаравон ҳаёт ҳукмрон бўлсин. Мени дунёга келтирган ота – онам, маърифат зиёсини берган барча устозларим эзгу ниятларига етсин – дея тилак сўрабди. Хазрати Ҳизр ҳам унинг тилакларидан мамнун бўлдилар. Исажон Султоннинг “Ҳазрати Ҳизр изидан” асари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтган “Замонамиз қаҳрамони” номинацияси бўйича танловда ғолиблар қаторидан жой олди. Асарнинг қисқача мазмуни билан танишган ўқувчи бу асарни ўқишга ҳаракат қилади. Шунингдек, ўқувчиларни машҳур олим ва ёзувчилар ҳаётида китоб ўқишнинг ўрни билан ҳам таништириб бориш уларни китобхонликка ўргатишда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Нобель мукофоти лауреати Боб Дилан ўзининг болалик ва ёшлик йилларидаги китоб ўқишга бўлган қизиқишларини қуйидагича хотирлайди. Булар: “Моби Дик”, “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” ва “Одиссея”дир. Нобел мукофоти лауреати Боб Дилан “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” китобини ўқиб олган таассуротларини қуйидагича тасвирлайди: ”Бу китобдан даҳшатга тушганман. Йўқотилган ёшлик, инсон қалбининг дунёга боғланиш – ю, оқибатли бўлиш хусусида. Китобни мутолаа қилаётганда бош қаҳрамон билан кўплаб изтиробни бошдан кечирасиз. Зулматга михланганга ўхшайсиз. Сиз суйган жаҳон хаёлингизда минг бир бўлакка ажралиб кетади. Дунёга сиғмай қоласиз. Инсониятга ачинаётган осмон кўз ёш тўкади. Ёмғир бир маромда қуяди. Сиз эса ёлғизсиз. Фронтда отилган ўқнинг бири келиб нақ юрагингизга тегади. Сиз адойи тамомсиз. Тирикликка керагингиз йўқ. Уруш ҳақидаги роман мени гўё телбага айлантириб қўйди ”, - дейди. Болалигидаёқ китоб ўқишдан олган илк таассуротларини Боб Дилан эслар экан, ҳиссиётларни англашни, ҳаётга ўз нигоҳим билан боқишни, инсон табиатига хос хислатларни тарозига солишни, ҳар бир ҳодисадан моҳият излашни китобдан ўрганганман” 16- дейди.
Кўнгилни поклаб, руҳни озиқлантириш кучига эга китоблар турли тилларда кўплиги юксак маънавий ҳазинадир. Аммо барча хазиналар каби уларга ҳам қўл узатса етгудек кўринса – да, ҳамма ҳам етавермайди. Бу ҳодисада эрка бир қавмнинг тақдир саҳовати билан сийланишга ўхшаш ҳол мавжуддек туюлади. Кўпчиликка бундай сийлов насиб этмагани боис, ўзларини енгил – елпи нарсалар билан овитишга уринадилар. Нобель мукофоти лауреати Ҳерман Ҳессенинг “Китоб мустақил бўлмаган кишиларни яна ҳам маънавий заифлаштириш учун ёзилмайди”, деган сўзларни эслаб кўрайлик. Бундай китобларни ҳаддан ортиқ тарғиб – ташвиқ қилишлариям мумкин, аммо буям фойда ўрнига зарарга ишлайди. “Мутолаа иштиёқи мени ёзувчи қилди”17 – дейди белорус адибаси Светлана Алексиевич.
Бизнинг юртимизда оддий инсонлар, кекса авлод ҳам китобхонликка муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Сурхондарёда уйида ўнг мингдан зиёд китоби бор саксон ёшли кекса отахон Дўстқобил ота Қодировга вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Китоб уйи” қуриб берилди. Бу қандай содир бўлди? Муҳтарам Президентимиз Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида шу ерлик оқсоқоллардан бири Президентимизга 83 ёшли Дўстқобил ота уйида ўнг мингта китоби борлигини айтади. Президентимиз жуда хурсанд бўлиб, бу маърифатпарвар оқсақолга “Китоб уйи” қуриб бериш ҳақида маҳаллий раҳбариятга топшириқ бердилар. Ушбу “Китоб уйи” – кутубхонада барча турдаги ноёб китоблар йиғилган. Ўзбек мумтоз адабиёти дейсизми, жаҳон адабиёти дурдоналари дейсизми… ХХ асрнинг 50 – 60- йилларда чоп этилган ноёб китоблар дейсизми (уларнинг айримлари ҳали қайта нашр этилмаган) ҳаммаси мавжуд. Дунёдаги энг зўр китобман дегани ҳам шу ерда. Кутубхона Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан интернет орқали уланган.18 Қойил қолмай иложи йўқ. Бу кекса отахоннинг ёшларни китобхонликка ўргатиш борасидаги шахсий намуаси эмасми?!Ўқитувчилар янги очилган “Китоб уйи” ва унинг китоб фонди ҳақида ўқувчиларга берган маълумотлари уларни китобхонликка янада кучлироқ киришишларига имконият яратди. Натижада Сурхондарёлик ўғил – қизлар жон – жаҳди билан “Китоб уйи”даги китобларни ўқишга киришиб кетишди. Кутубхонада ўқувчилар ва китобхонлар иштирокида адабий машғулотлар ўтказилмоқда. “Китоб уйи”нинг очилиш кунида бу маросимга қатнашган отахонлар шундай эслашади: “Бутун қишлоқ, эл – эломон сайлга чиққан каби оппоқ уй – оқ ниятли уй – кутубхона очилиш маросимида жамул – жам эди. Ўзиям тарихда қоладиган иш бўлди-да,- дейди чоллардан бири. Дўстқобил ҳам тарихда қолади,- дейди бошқаси. Дўстқобилнинг дўстимиз-ку, биз ҳам тарихда қоламиз,-дейди бошқаси. ”19 Ҳақиқатдам ҳам бундан ортиқ бахт борми? 83 ёшли Дўстқобил ота зиё маскани очиб, ўғил-қизларимизга зиё нурини тарқатишда фидойилик қилмоқдалар.
Аксинча, айрим бойваччалар эса дабдабали тўйлар қилиб,ўзларини кўрсатишга, “шону-шуҳрат”га бурканишга ҳаракат қиладилар. Аслида дабдабали тўйлар миллатимизнинг энг катта фожиаси. Бир бойвачча қилган ўртача тўйга камида икки минг китобга эга бўлган кутубхонага ташкил этиш мумкин экан.
Ёшларга фақат дарс жараёнида эмас, оилада ота – оналар, бобо – бувилар ҳам китобхонликка қизиқиш уйғотиши мумкин. Улар мутолаа аҳамияти ҳақида ўз фарзандларига маслаҳатлар бериб боришлари керак. Масалан, таниқли адиб Умберто Эко набирасига ёзган мактубида “Хотирангни моғор босиб қолишига йўл қўйма!” дея даъват этади. Бунинг учун кўпроқ китоб ўқиш кераклигини таъкидлайди. Бундан ташқари компьютер ва интернетдан фойдаланишни ҳам ман этмайди. Аммо китоб ўқишнинг аҳамияти катталигига набирасининг эътиборини қаратади. “Сен, агар буюк Карл кимлигини ёки Куала – Лумпур қаерда жойлашганини билмоқчи бўлсанг, компьютер тугмасини босасан – у, барчасини интернетдан билиб оласан. Интернетдан керак бўлсагина фойдалан, бироқ кейин олган маълумотларингнинг мазмунини ёдингда сақлаб қол, булар сенга, масалан, мактабда қўл келиши мумкин. Энг ёмони шуки, компьютер саволингга истаган пайтингда жавоб топиб берадию, ахбаротни эслаб қолиш истагидан маҳрум этади. Бу ҳолатни қуйидагича ифодалаш мумкин: бир кўчадан иккинчисига пиёда бориш имконияти турганида ҳам киши автобус ёки метрога ўтиради, нега деганда, пиёда юришга зарурат қолмади, деб ҳисоблайди – да. Аммо сен пиёда юришни канда қилаверсанг, бир кун келиб ногиронлар аравачасига муҳтож одамга айланасан.”20 Китоб мутолаа қилган, ўқиган китобларининг мазмунини ким яхши эслаб қолиши борасида баҳс юритиб туриш яхши самара бериши, хотирани моғор босишдан сақлаб қолишини эслатиб ўтади, адиб. Қандай ажойиб фикрлар, булар…. Бу фикрларни ўқиган ёшлар, албатта китобхон бўлишга интилади.
Ўқувчи – ёшлар ўртасида китобхонликни ташвиқ қилиш мақсадида “Китоб дунёси” маънавий – маърифий, ижтимоий – сиёсий газетаси таҳририяти ҳам 2018 йил бошиданоқ алоҳида ташаббус билан чиққан эди. “Китобхон миллат” кўрик – танловини ташкил этиб, ўзбек адабиётининг энг ноёб дурдоналарини ташкил этиб, ўзбек адабиётининг энг ноёб дурдоналарини биргаликда мутолаа қилиш бошланган эди. Дастлабки китоб сифатида Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи муҳокама учун берилди. Қарангки, биргина чорлов сабаб кўплаб муштарийлар китоблар жавонидан мазкур асарни олиб қайта мутолаага ошиқдилар. Газетага романни ўқиб олган ўз тассуротлари акс эттирилган кўплаб мактублар кела бошлади. Улар орасида ўқувчи – ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этар эди.
Бу эзгу ташаббусни давом эттирган “Китоб дунёси” газетаси таҳририяти 2018 йил март ойида ўзбекнинг буюк адиби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Навоий” романини мутолаа қилишни эълон қилди. Асар бадиияти, сюжетидаги ўзига хосликлар, кўпчилик илғамаган жиҳатлар ҳақида фикирлаш ўқувчи – ёшлар учун китобхонликда ёрқин мусобоқа майдонига айланди. Бу жараён газета таҳририяти томонидан йил давомида амалга оширилиб келинди.
Инсон тафаккурини бойитиш, маънавиятини юксалтириш учун китобдан бўлак хазина йўқлигини англаб етган мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларида китобхонликка, китоб мутолаасига иштиёқ баланд. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати борки, давлатни ва халқни бошқариб турган раҳбарларнинг китоб таратган зиёдан баҳраманд бўлишга интилиши ва иштиёқи баландлигини ўқувчи – ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин. Ўқувчи – ёшлар англаб етадиларки, мутолаага берилган ҳар қандай киши халққа яқин, унинг дарду - ташвишига малҳам бўлади. Шу боисдан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам китобсиз келажак йўқлигини, раҳбарлардан тортиб оддий аҳолигача китобга меҳр қўйиши – нурли келажагимизнинг муҳим пойдевори эканлигини бот – бот таъкидламоқдалар.
Мамлакатимизда бу борада Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ўзига хос ташаббус билан чиқди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг буйруғи билан Агентлик марказий аппарати, тизимдаги нашриёт – матбаа уйлари, Қорақалпоғистон Республиакси матбуот ва ахборот агентлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар матбуот ва ахборот бошқармалари раҳбар ҳодимлари ҳар ойда камида биттадан бадиий асар ўқиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
“Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи! ”маънавий – маърифий ташаббусига асосан тизим бўйича ҳар ойнинг охирги шанба куни “Мутолаа ҳисоботи” куни этиб белгиланди. Унга кўра ҳар бир раҳбар ходим ўша куни ўзи ишлаётган идоранинг расмий веб – сайтида ўқиган китоби ҳақида ёзган таассуротларини эълон қилади. Энг китобхон раҳбарлар ёзган ҳисоботларига қараб Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рағбарлантирилиб борилади. Бунда раҳбар ҳодимнинг ўз оиласида фарзандлари ва оила аъзоларини китобхонликка даъват этиш борасидаги фаолияти ҳам ҳисобга олинади. Бундан ташқари, агентлик 1500 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси, 130дан ортиқ нашриёт ва 1800 га яқин босмаҳонада меҳнат қилаётган минглаб соҳа раҳбарларини ҳам ушбу ташаббусни қўллаб – қуватлашга чорлаган;21 Китобсеварлар юрти Ўзбекистонда яшовчи барча инсонлар зиёли, фермер, тадбиркорлар ҳам аҳолини, ўқувчи – ёшларни илм зиёси билан таъминлашга хизмат қиладиган кутубхоналар очишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 2018 йил ноябрь ойида “Ёшлар келажак бунёдкори” дастури доирасида вилоятнинг Ромитан тумани марказида касби ўқитувчи бўлган маърифатпарвар инсон Қибриё Рустамова банкдан 50 млн сўм кредит олиб, кутубхона ташкил этди. Ушбу кутубхонада, ёшлар ва болалар ўқишга мўлжалланган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, болалар ёзувчиларнинг асарлари жамланган.
Китобхонликни тарғиб қилишдан фермерлар ҳам четда турмаяптилар, 2017 йил 7-8 июль кунлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифидан сўнг биргина Норин туманидаги илғор фермерлар ташаббуси билан учта кутубхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Муҳаммад ота Набираси Бурҳонжон” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Норин туманидаги пешқадам хўжаликлардан бўлиб, юқори даромад ва мустаҳкам иқтисодиётга эга. Фермернинг шундай имкониятни зиё маскани барпо этишга йўналтиргани мақтовга лойиқ. Хўжалик ҳисобидан 270 млн сўмдан зиёд маблағ сарфлаб, туман марказида замонавий кутубхона қурди.
“Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида фаоллар иштирокида ўтказган видиоселектор йиғилишида халқимизни маънавиятга ошно этиш, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавият соҳиблари сифатида камол топтиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади”, - дейди ”Муҳаммадали ота набираси Бурҳонжон” фермер хўжалиги раҳбари Набижон Мамадалиев.22 Ўша учрашувда айтилган гаплардан руҳланиб, туман марказида битта кутубхона қуришга аҳд қилган эдим, деб таъкидлайди, фермер. Бугунги кунда кутубхона китобхонларнинг севимли масканига айланди ва ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. “Сиддиқов Нодирбек” фермер хўжалиги Норин туманидаги Қозоқ – овул қишлоғида лойиҳа қиймати 70 млн сўмлик, “Бўстонлик Анваржон” фермер хўжалиги Бўстон қишлоғида лойиҳа қиймати 80 млн сўмлик кутубхона қуриб фойдаланишга топширди.
“Кўп йиллар жамоа хўжаликларини бошқарган отамнинг хотирасини абадийлаштиришни орзу қилиб юрар эдим – дейди ”Сиддиқов Нодирбек” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Сиддиқов. Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, кутубхоналар ташкил этиш ташаббуслари ушбу орзуйим рўёбга чиқишига туртки бўлди. Қисқа фурсатда отамнинг шахсий кутубхонаси асосида зиё маскани ташкил қилганимдан хурсандман” 23 Ушбу зиё масканида электрон кутубхоналардан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган. Мазкур кутубхоналарнинг ҳар бири 3 минг нусхадан зиёд китоб фондига эга, зиё масканларига вилоят ҳокимлиги томонидан 60 млн сўмликдан зиёд китоблар тўплами туҳфа этилди. Энг муҳими, ушбу кутубхоналарнинг асосий абанентлари ўқувчи – ёшлар. Ўқувчи – ёшлар бу зиё масканларидан ўзларини қизиқтирган китобларни олиб ўқимоқдалар. Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ўқитувчи педагоглар дарс машғулотлардагина эмас, балки кўплаб маънавий – маърифий тадбирларда ўқувчи – ёшларни китобхонликка ўргатиш бўйича самарали ишларни амалга оширмоқда. Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани сингари ўқувчи – ёшларни китобхонликка ўргатиш ва ёшларда китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар мактабларида китобхонлик ва китобхонлик маданиятига бағишланган маънавий – маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, 2018 йил октябрь ойида Бектемир туманидаги 293 – мактабда “Оммавий китобхонлик” ҳафталиги муносабати билан “Китоб – нур, зиё” номли маданий – маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирга ўқувчиларга кишининг тафаккур дунёсининг юксалишида китобнинг, мутолаанинг ўрни беқиёслиги ҳақида ҳаётий мисоллар асосида маълумотлар берилди.
“Китоб ўқиган кишининг сўзи ҳам, фикри ҳам, қарашлари ҳам бошқалардан фарқ қилади, - дейди, Бектемир туманидаги 293- мактаб кутубхоначиси Ҳуснора Умарова. Ўқувчиларга ҳам буни кўп бор таъкидлаймиз. Бугунги тадбирдан кўзлаган асосий мақсад – ҳам уларнинг мутолаага қизиқишини, меҳрини янада ошириш”дир.24 Ушбу тадбир доирасида ўтказилган викториналар, савол – жавоблар, баҳру байтлар ҳам ўқувчиларда китобхонликка қизиқишини кучайтиришга қаратилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Халқларни бир – бирига таништиришда ҳам китобнинг ўрни беқиёс. Китоб инсоннинг руҳи, онги ва қалбига теран таъсир кўрсатади. Нотинч замонамизда инсоният эзгуликка чорлаш бобида китобдан кучли восита бўлмаса керак. Маълумки, инсоният жамияти тамаддуни ривожида ҳам китобнинг ўрни катта. Шундай инсонлар борки, уларни бир – бирига яқинлаштирган, дўстлаштирган, устозу – шогирдга айлантирган китоб бўлиб, улар бир умрга китобдан миннадор бўлиб яшаганлар.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Абдуқаҳҳор Иброҳимов машҳур рус ёзувчиси Николай Евгенивич Вирта билан китоблар орқали яқинлашгани, устоз – шогирдга айлангани қайд қилади. Ўзининг “Арра” (Пила), “Зўлдир”, “Майли, майли ”, “Танисангиз керак”, сатирик комедияларини, “Бу замон ўғлони” сатирик драмасини, “Чакана савдо” (“Бир ўликка бир тирик”) памфлет драмаларини устози Николай Евгеньевич Карелский (адабий тахаллуси Вирта) ўқиб юқори баҳо бергани, китоблари ва асарлари туфайли ўзаро ҳам фикрлик пайдо бўлгани, ҳатто Николай Вирта унинг маънавий устозига айланганини, уларни меҳр – оқибат яқинлаштирганини ёзади. Масалан шу даражага бориб етадики, китоб орқали пайдо бўлган устоз – шогирдлик Абдуқаҳҳор Иброҳимовни Николай Виртанинг энг яқин маслакдошига айлантиради. Абдуқаҳҳор Иброҳимов устозидан ҳамиша хабардор бўлиб туради ва унинг яқин кишисига айланади.
Машҳур рус адиби 1975 йилнинг декабрида олтмиш тўққиз ёшга борганида бетобланиб қолади. Буни қарангки, ўзининг балоғат ёшига этган, уй – жойли бир қизи ва икки ўғли, бир неча навералари ҳамда хотини бўла туриб, Васиятномасини дини, миллати, тили бўйича мутлақо бегона одамга – Абдуқаҳҳор Иброҳимов номига ёзган экан. Ўшанда, 1976 йилнинг қаҳратон қишида Москва адабий жамоатчилиги ўртасида машҳур адибнинг вафот этгани хабаридан кўра, у ёзиб қолдирган Васиятнома кўпроқ шов – шув бўлиб кетади. Ёзувчининг оила аъзолари, меросидан бир улуш умидвор бўлиб юрган айрим хеш – ақраболари безовта бўлиб қолишади. Тошкентлик бир ёзувчи Переделкинодаги икки қаватли иморату бир гектарли дала ҳовли, ундаги жуда бой кутубхонага, тўриқ оту отхонага эга чиқаётгани уларнинг ақлига сиғмай қолган эди.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов ўзини Никоколай Виртанинг “Маънавий ўғли” деб ҳисоблаши, уларни бадиий ижод, ўзлари ёзган ва ўқиган китоблари, меҳр – оқибат бирлаштирганини буюк адибнинг қавму – қариндошларига, Москва адабий жамоатчилигига маълум қилади.
Ўзбек адиби, Ўзбекистон Республикасининг санъат арбоби, профессор Абдуқаҳҳор Иброҳимовни марҳумнинг васиятини тўлиқ бажармаслиги қийнар эди. Охири адиб ўз виждони айтганини қилди ва устоз руҳидан розилик сўраб, васиятномада кўрсатилган мол – мулк , уй – жой ва қалам ҳақига оид қонуний ҳуқуқларидан марҳумнинг оила – аъзолари ва Адабиёт жамғармаси фойдасига воз кечади. Шунда Николай Виртанинг ҳамкасаба тенгдош дўстлари “Тантилик яхши-ю, лекин, жиллақурса кутубхонадан воз кечмаслик керак эди-да “- дея афсусланишган25 Адибнинг ўзлари ҳам кутубхонадан воз кечганига кейинчалик афсусланиб юрган. Мана Сизга, китобнинг куч – қудрати!
Шунинг учун ҳам ўқувчи – ёшларни ёшлигидан китоб ўқишга даъват этсак кўзланган мақсадга эришамиз. Биз фарзандларимизнинг истеъдодини вақтида пайқаб, уларни маълум мақсад сари йўналтира билсак, унинг қалбини тарбиялай олсак, шунда уларга қўпроқ ёрдам берган бўламиз. Бунда китобхонликнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам нафақат дарсларда, балки мактабда ўтказиладиган барча маънавий – маърифий тадбирларда ўқувчи – ёшларни китобхонликка ўргатиш ва уларнинг онги ва қалбида китобхонликка қизиқиш уйғотишга қаратилмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларни авайлаб-асраш, уларнинг камолотини таъминлаш йўлида “Ўз болангни ўзинг асра” деган шиорни кенг қўллашга даъват этдилар. Буларнинг ҳаммаси Юртбошимиз томонидан ёшларга берилаётган эътиборнинг намунасидир.
Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонуннинг асосий мақсади- ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, уни ривожлантиришга қаратилгандир. Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини
ёшлар ташкил қилади. Ватанимизнинг эртанги тараққиёти ёшларга бўлган бугунги эътибор, олиб борилаётган сиёсатнинг самарасига боғлиқ. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ёшларга оид давлат сиёсати” ва бошқа қонунлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда кабул қилинган. Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган. 33 моддадан иборат. 2016 йил 14 сентябрда Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. “Ёшларга оид давлат сиёсати деганда давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими тушунилади. Сиёсий фанлар нуқтаи назаридан ёшлар деганда ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилади. Ёш оилани эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила ташкил этади.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: очиқлик ва шаффофлик; ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ёшларнинг иштирок этиши; ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш; маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги; ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги. Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонуннинг 5 - моддасига асосан ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
- ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;
- ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;
- ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;
- ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;
- ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;
- ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;
- ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
- ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;
- ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.
Давлат дастурлари, ҳудудий ва бошқа дастурлар ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни таъминлайдиган зарур шарт-шароитларни яратиш, жамият ҳаётида уларнинг ўрни ва фаоллигини ошириш, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш мақсадида ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси - ёшларга оид давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди; соҳага доир давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлайди ва ш.к.
2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари - тегишли ҳудудда ёшларга оид давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди; ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади ва ш.к.
3. Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасалар тизимига қуйидагилар киради: таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари; давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
маданият ва спорт ишлари бўйича органлар; меҳнат органлари; прокуратура органлари; ички ишлар органлари; адлия органлари; мудофаа ишлари бўйича органлар.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунга мувофиқ ҳар бир ёш фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланади. Ёш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бирор бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди ҳамда бундай чеклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ёш фуқаролар ва ёш оилалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат томонидан қуйидагилар воситасида ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари назарда тутилган:
- оилавий ҳаётга оид муаммолар, психологик-педагогик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш тизимини ривожлантириш;
- ёшларга ижтимоий хизмат, ижтимоий ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини ривожлантириш;
- ёшларнинг дам олиши ва уларни соғломлаштиришни ташкил этиш тизимини ривожлантириш. Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантлари тақдим этиш;
- фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш;
- умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар фаолиятини ташкил этиш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар, фестиваллар, кўриклар, концертлар, симпозиумлар, ўқишлар, конференциялар, семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида, шу жумладан хорижий мамлакатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва амалиётни ўташ дастурларидан танлов асосида фойдаланишини таъминлаш;
- илмий-тадқиқот, маданий-маърифий ишларни ўтказиш учун ёш мутахассислар ва олимларга шарт-шароитлар яратиш, ёш олимларнинг ишланмаларини амалиётга жорий этишга кўмаклашиш, шунингдек ёшларнинг кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш;
- спорт-таълим муассасалари, клублари тармоқларини ривожлантириш, иқтидорли ва истеъдодли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш;
- иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаётган жисмоний ва юридик шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантириш йўли билан амалга оширилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафиникенгайтиришга бевосита боғлиқ. Шу мақсадда яна бир муҳим ҳужжат “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларга оид давлат сиёсатини янада кучайтириш мақсадида уларнинг имконятларини янада кенгайтирдилар. Иқтидорли, истедодли ва ижодкор қизларни тақдирлаш учун 1999 йилдан буён берилиб келаётган Зулфия номидаги давлат мукофотини олишга 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар жалб этиладиган бўлди. Шунингдек, ҳар бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳридан иккитадан номзодлар Зулфия номидаги давлат мукофотини олишига имконият яратилди.
Савол туғилади: “Нима учун Зулфия номидаги давлат мукофотини олувчилар ёши 30 ёшгача узайтирилди? Бунда илмий тадқиқот ишлари олиб борадиган қизларимиз ўз тадқиқотлари натижаларини 30 ёшгача рўёбга чиқара олиш имконияти яратилгани ҳақиқий жавоб бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ёш йигитлар учун “Мард ўғлон” унвонининг таъсис этилганлиги ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор натижаларини яққол кўрсатмоқда, Бухоро вилояти Шофиркон туманидан Муҳаммаджон Ҳайдаровнинг “Мард ўғлон” унвони билан тақдирлангани вилоятдошларимиз ёшларига катта ғурур бағишлайди. Мамлакатимизда ишчи кучининг эркин айланиши учун турли ҳудудларда рўйхатда турмасдан ҳам ишга қабул қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги қонунчиликнинг яратилиши ёшларга яратилган кенг имконятлардан биридир.
Шу пайтгача Ўзбекистон фуқароси сифатида ўз паспортига эга бўлмаган инсонлар, шу жумладан ёшларнинг Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши ёшларга катта куч - кувват бағишлади. Адашиб ёд ғояларга эргашган , экстремистик кучларга қўшилиб қолган ёшларга авф берилиши, уларнинг жамиятга қайтарилиши ҳамда қайта тарбияланиши ҳам ёшларга берилаётган эътиборининг самарасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларни, ҳатто Марказий Осиё доирасида эмас, балки Жаҳон миқёсида ҳамкорликка чақирдилар. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё ёшлари форумини ташкил этиш, унинг фаолиятига хорижда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистонлик ёшларни ҳам жалб этиш ҳақидаги конструктив таклиф-мулоҳазаларни билдирдилар. 2018 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ёшлари форуми бу борада дастлабки қадам бўлди, десак хато бўлмайди.
Муҳтарам Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамбелеясининг 72 - сессиясида (Нью Йорк шаҳрида 2017 йил 19 сентабрда) сўзлаган нутқида бугунги дунё ёшлари муаммоларини ҳал этишга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратганлиги дунё аҳли томонидан эътироф этилди. Дунёда 2 миллиардни ташкил этадиган жахон ёшлари муаммолари ечимини топишга халқаро майдонда ҳамкорликда ҳаракат қилишга даъват этдилар ҳамда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқишни таклиф этдилар: “Бизнинг асосий вазифамиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиш учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қуватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат-БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади”,- деб Халқаро Ҳамжамиятга мурожат қилдилар.26 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасини буюк Имом Бухорийнинг “Ал Жомеъ ас Саҳиҳ” асарининг бошланишидаёқ келтирилган “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадисни келтириш билан бошлаганликлари бежиз эмас. Негаки, 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ҳам мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи устувор вазифалардан бири бўлиб қолиши таъкидланди.