Хуршида АБДУЛЛАЕВА
СОҲИБЖАМОЛ
Корчалон бадавлат мижозига завқ билан гап уқтирди:
– Ишонаверинг, жанобим, бунақасини ҳали кўрмагансиз! Жуда чиройли, келишган!
– Соғломми? – сўради меҳмон.
– Албатта, саломатлиги текширилган, сира айби йўқ! – корчалон бир зум жим қолиб, яна шавқ билан қўшиб қўйди, – Бўйи ҳам,
ёши ҳам худди сиз истагандtr... Терисининг нафислигини айтмайсизми! Соҳибжамол! Нақ ҳурлиқо!
– Бўпти, аввал кўрайлик-чи!
Корчалон сал нарида имога илҳақ турган йигитга буюрди:
– Чампани келтиринглар!
Йигит чиқиб кетди. Мезбоннинг тинимсиз бидирлашларига қулоқ тутиб ўтирган меҳмон интиқ нигоҳларини эшикдан узмасди.
Ниҳоят, эшик очилди ва йигитнинг ортидан Чампа кўринди.
– Мана, кўринг, жанобим! Айтмадимми, бу – энг ноёб қоплон!
– Яхши! – жилмайди меҳмон, – энди нархини келишсак бўлади...
РЕЖА
Майдонда барваста бир одам қўлларини орқага қилганча алланималарни пичирлаб, айланиб юрарди. Майдон четида турган
икки киши ундан кўз узмасди.
– Хўш, уни қандай қилиб ўлдириш мумкин? – сўради бири папирос тутатиб.
– Роса бошни қотирди-да бу иш! Айтувдим-ку, ҳаммасини олдиндан пухта ўйламагунча бошламаслик керак, деб! – шеригининг
қовоғи осилди.
– Балки ортидан пусиб бориб, ҳамла қилган маъқулдир?
– Йўқ, бу ер очиқ майдон, бўлмайди. Яхшиси, хилватроқ ерга бошлаб бориш керак... Эҳ, – тишларини ғижирлатди у, – бунинг
учун яна битта одам керак бўлади...
– Яна бирор йўли борми? – сўради биринчиси.
Икковлари ўйга толишди. Бу орада майдонни айланиб юрган одам уларнинг орқасида пайдо бўлди.
– Кечирасиз, жаноб режиссёр, - деди у хижолат аралаш, - мумкин бўлса, тасвирга олишни бошласак, бугун уйга эртароқ қайт
-
моқчи эдим...
ҲАДЯ
Қиз ҳаяжон билан стол устидаги жўнатма қутисини силаб-сийпаларди.
«Қандай яхши! Қандай ажойиб! Туғилган кунимни унутмабди! У мени севади! Нақадар бахтлиман! Қизиқ, ичида нима бор
экан? Узукми? Гулларми? Балки мен ёқтирган атирдир? Ҳозир кўзларимни юмиб, қутини очаман ва ичида нима борлигини
билволаман... Қандай ёқимли дақиқалар...»
Эшик тақиллади.
– Кечирасиз, яхши қиз, марҳамат қилиб жўнатмани қайтарсангиз... Манзилни адаштиришибди...
МАНЗАРА
У қаршисидаги манзарадан кўз узолмай қолди. Шарқираган сой. Қирғоғида мажнунтоллар савлат тўкиб турибди. Қушлар сай
-
раяпти. Осмон ложувард. Тиниқ.
У завқ билан кўксини тўлдириб нафас олди.
– Ё раббий! Шу қадар гўзал, шунчалар мусаффоки бу ҳаёт!
У бошини кўтариб осмонга тикилди. Бир дақиқадан сўнг яна ўша манзарани кўришни истаб, рўпарасига қаради. Аммо манзара
ғойиб бўлганди.
У ишларини йиғиштириб, кетиб бораётган мусаввирнинг ортидан югурди:
– Тўхтанг, шу суратни менга сотинг! Истаган нархингизни бераман!
Do'stlaringiz bilan baham: |