Ғайрат ЙЎЛДОШ
КЕНЖА
– Йўқ, у аёл отамга тўғри келмайди, – дерди ўғил.
Ота эса индамай маъюс ўтирарди.
– Йўқ, буниси ҳам тўғри келмайди, – ўғил зўр бериб қариндошлар таклиф этаётган аёлларни бирин-кетин рад этарди. Камига
эса ёнида ўтирган хотини эрини туртиб «бўлмайди» деб имо қиларди.
– Сенга қанақа аёл тўғри келади ўзи? Кимни айтсак «бўлмайди» дейсан? – қариндошлардан бирининг жаҳли чиқа бошлади.
– Ўзим топаман. Отамга туғмайдиган хотин керак. Ё ёши ўтганроқ ёки умуман туғмас аёл топиш керак. Мен кенжаман ва бу
ҳовлини янги укаларимга қолдириб кетишни хоҳламайман.
Отага қўшилиб ўғил ва унинг хотинидан бошқа ҳамманинг энсаси қотди...
ИЛК ТААССУРОТ
– Қара, ҳўкиздай бўлиб унинг юришини, – деди ёнимдаги одам болалар квадроциклини миниб юрган полвонкелбат йигитни
кўрсатиб.
Яқинимизга келганида қарасак, йигитнинг икки оёғининг ҳам сонидан пасти йўқ экан. Гапирган одам жим бўлиб қолди....
ТАЪНА
– Итдан бўлган қурбонликка ярамас, – деди ўғил онаси вафот этганидан сўнг отаси уйланган аёлнинг ҳомиладорлигини билиб.
– Тўғри, – деди отаси хўрсиниб.
ЗАРАР
У телефонидаги ўйин билан машғул экан, телевизорда гапираётган опанинг «Интернет ўйинлари болалар учун зарар» деганини
эшитиб сергак тортди. Ўғли орқасида турганча унинг ўйнашини томоша қиляпти.
– Бориб дарсингни қил, – деди-да яна ўйинини давом эттираверди.
ОТА УЙ
– Ўзи сенинг уйинг борми, қачон қараса машинанг шу ерда, – қўшни бу гапни кулиб ҳазилга олиб айтган бўлса ҳам унинг ҳами
-
ятига тегди.
«Сенга нима? Мен ўзим туғилиб ўсган ҳовлига, ота-онамнинг олдига келяпман-ку. Агар сен ҳам туғилиб ўсган жойингдан кў
-
чиб кетганингда ва ота-онангни соғинганида уларнинг олдига тез-тез келиб турардинг».
У ота-онасининг олдига кирар экан, ичидаги гапини овоз чиқариб айтди:
– Қўшнига мазза – ёлғиз ўғил, доим ота-онасининг бағрида...
ШАРТ
Тақдир уларни анча кечикиб учраштирди. Бунгача йигит уйланиб, оғир касаллик туфайли хотини вафот этган, қарамоғида икки
-
та боласи билан қолган эди. Қизнинг эса ёши ўттизнинг тагига борган. Бугун навбатдаги учрашув.
– Кел, тўйдан олдин очиқ гаплашиб олайлик, – деди йигит. – Ана шунда эртага бир-биримизга таъна қилиб юрмаймиз. Мен
сенинг ўзбошимчалик қилмаслигингни, ҳатто ота-онангни кўришга ҳам рухсат олиб боришингни хоҳлайман. Умуман олганда,
оиламизда ҳар бир масалани ўзаро маслаҳатлашиб сўнгги сўзни мен айтишни хоҳлайман.
– Майли, розиман, айтганингиздай бўлади. – жавоб берди қиз. – Энди мени эшитинг. Болаларингизни ака-укангиз, опа-сингил
-
ларингиз ёки ота-онангиз, хоҳлаган одамингизга бериб юборасиз. Улар бахтли оила қуришимизга халақит беришини хоҳламай
-
ман.
Йигит қизга тикилиб қолди. Сўнг тилга кирди:
− Узр, бу хоҳишингни бажара олмайман. Мен болаларимни жудаям яхши кўраман. Шунинг учун, уларга тоқат қила олмайдиган
инсон билан оила қуришни истамайман. Хайр!
Йигит кетди. Қиз эса унинг орқасидан индамай қараб қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |