Мавзу: МБСТМ (давоми). Гипс асосидаги буюмлар (ГБ). Таркиблари ва хоссалари. Блоклар, панеллар, гипскартон ва гипс толали листлар ва бошқалар. Энергия ва ресурс тежамкор, экологик тоза технологиялар. Р Е Ж А - Гипс асосидаги буюмлар
- Таркиблари ва хоссалари.
- Блоклар, панеллар, гипскартон ва гипс толали листлар ва бошқалар.
- Энергия ва ресурс тежамкор, экологик тоза технологиялар.
Гипс асосидаги буюмлар
Гипс боғловчиси ишлаб чиқариш хом ашё заҳирасининг битмас-туганмаслиги ва энергияни бошқа турдаги боғловчи моддаларга нисбатан кам талаб қилиши, буюмлар тайёрлаш циклининг қисқалиги гипс асосида йирик ўлчамли йиғма элементлар олишга имкон беради. Гипс асосида тайёрланган буюмларнинг ўртача зичлиги кам бўлган ҳолда, етарли мустаҳкамликка, иссиқлик ва товуш изоляцияси хусусиятларига эга бўлади. Гипс боғловчисининг оқ рангда бўлиши, таркибига пигментлар киритиб исталган рангдаги буюмлар олишга имкон яратади. Гипс буюмларнинг энг афзал хусусиятидан бири унинг экологик тозалиги ва инсон организмига безиёнлигидир.
Гипс асосидаги буюмларнинг асосий камчиликларига сув муҳитига чидамсизлиги, нам таъсирида куч остида вақт бўйича пластик деформациянинг меъёрдан ошиб кетиши кабилар киради, шу сабабли уларни бино ва иншоотларнинг нам тегмайдиган қисмларида ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
Гипс буюмлар хоссаларини яхшилаш учун таркибига минерал ва органик майда ва йирик тўлдиргичлар қўшилади.
Гипс буюмлар гипс ва гипсбетон асосида тайёрланади.
Гипс бетонлар гипс боғловчиси ва ғовак минерал тўлдиргичлар ва енгил органик тўлдиргичлар асосида тайёрланади.
Минерал тўлдиргич сифатида ёқилғи ва домна шлаклари, туф ва пемза чақиқ тошлари, чиғаноқли оҳактош, керамзит, перлит ва бошқалар, органик тўлдиргич сифатида эса қипиқ, майдаланган похол, қамиш, макулатура ва бошқалар ишлатилади.
Гипс буюмлар таркибига тўлдиргичларни киритиш мустаҳкамликни пасайтиради; мустаҳкамликни ошириш мақсадида гипс қоришмаси таркибидаги сув миқдорини камайтириш учун титратиш, пресслаш, вибропресслаш каби усуллар қўлланилади.
Гипс ва гипсбетон буюмлар ишлаб чиқаришда юқори маркадаги гипслар ва гипсшлаки, гипсцементпуццоланли мураккаб таркибдаги боғловчилар ишлатилади. Мураккаб боғловчилар асосидаги буюмлар юқори мустаҳкамликка, намлик муҳитига чидамлиликка эга бўлади.
Гипс ва гипсбетон буюмлар ишлатилиш сохасига нисбатан қуйидаги турларга бўлинади: пардадеворлар учун плита ва панеллар; ёпма буюмлар; деворларни қоплаш учун листлар (гипсли қуруқ сувоқ); девор тошлари ва блоклари; иссиқлик изоляцияси буюмлари; архитектура-безак қисмлари (карнизлар, муқарнаслар, плафонлар, ўймакорлик буюмлари ва бошқ.). Пойдевор учун плиталар. Бундай плиталар гипс хамиридан тайёрланган гипсли ва тўлдиргичлар қўшилган гипс қоришмаси ва гипсбетондан тайёрланган бўлади. Гипс плиталар ўртача зичлиги қоришма таркиби ва зичлаштириш усулига боғлиқ бўлади ва ўртача 1100-1300 кгм3 ни ташкил қилади.
Гипс плиталар ишлаб чиқариш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: гипс, тўлдиргичлар, сув, қотишни секинлаштирувчи (ёки тезлаштирувчи) қўшимчалар ва пластификаторларни дозировкалаш; гипсқоришмаси қоргичда қоришма тайёрлаш; буюмни қолиплаш ва қуритиш. Гипс плиталар қуйма, титратиш ва пресслаш каби зичлаштириш усулларида қолипланади. Пардадевор учун гипс плиталарни карусел машинада ишлаб чиқариш технологик схемаси 1-расмда берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |