www.ziyouz.com kutubxonasi
123
чиқиб келдим-да, иккинчи учрашмай уйга дўкон қуриш ҳаракатига тушдим, — деди. Уста
Фарфи ҳам устакорнинг бу қилиғидан нафратланган эди:
— Ўбба падарлаънати, ҳали шунақа иш қилди денг-чи? Ўзи одам эмас, ҳали бу унинг
ҳунарларининг энг пачоғи, — деди ва товшини секинлатиб давом этди: — бадбахт, ақллар
ишонмаслиқ даражада бўлган ҳар бир ёмонлиқларни қилар эканки, биз билмас эканмиз.
Отабек уста Алимнинг ҳикоясини илтифот билан эшиткан эди. Шунинг учун ундан сўради:
— Бу қандай Ҳомид, қора чўтир киши эмасми? Мен ҳали уни қўшнингиз уйидан чиқған ҳолда
кўрган эдим.
Уста Алим ажабсиниб Отабекка қаради:
— Ўша-ўша, сиз уни қаёқдан танийсиз?
— Унинг билан аллақаерда сўзлашканим бор эди.
Уста Фарфи Отабекка кулги аралаш қараб олиб деди:
— Бўлмаса, унинг қўланса сўзларига хўб завқлан-ғандирсиз.
Отабек маънолик қилиб илжайди. Уларнинг сўзи шу ерга етканда рўймолда тугиглик бир
нарса кўтаргани ҳолда Сайфи кириб келди, саломдан сўнг уста Фарфи билан кўришди ва
Отабекка қараб деди:
— Кеча сизни кута-кута ошларимиз совиб қолди, бек ака.
— Мен бу кунгами, деб ўйлабман, — деди кулиб Отабек.
Сайфи ҳовлиқиб бир нарса дейишка ҳозирланар эди:
— Бу кун кечаси ҳаммомнинг оғилида биравни ўлдириб кетибдирлар, — деди.
— Кимни? — деб сўради уста Алим.
— Ким эканини билмадим.
Уста Фарфи жавоб берди:
— Келишимда қўрбошилар бошлиқ ўлукни аравага ортар эканлар, ўлдирилган Салим
шарбатдорнинг ўғли бечора Комилбек.
— Тавба, — деб қўйди уста Алим ва сўради: — ўлдурғучи ушланганми?
— Ушланиш қаёғда, ўлукнинг ўзини қидира-қидира зўрға ярим кечада топқанлар, — деди
уста Фарфи. Отабек бу хабарни совуққина эшитиб ўлтурар эди ва фотиҳа ўқуб туришка
ҳозирланар эди.
— Гумондор борми? — деди уста.
— Гумондор-ку йўқ, аммо бечоранинг ўлуми жуда қизиқ кунга тўғри келиши ажиб, — деди
уста Фарфи ва давом этди: — Кеча Комилбекнинг Мирзакарим ака-нинг қизи билан никоҳлари
бўлмоқчи экан. Бечора никоҳдан икки соат чамаси илгарироқ ёниға бир ўртоғини олиб
ҳаммомга борған ва бир онда ҳаммом ичидан йўқолған, ҳатто унинг ёнидағи киши ҳам қаёққа
кетканини сезмай қолған. Қизникида ҳамма тажаммулни тайёрлаб, Комилбекнинг отасидан
тортиб никоҳ қила-турған қозию қуззотларғача куявни кутиб ўлтурар эканлар. Бир вақтда
ҳалиги биргалашиб ҳаммомга тушкан йигит ҳовлиқиб қизникига келган, куяв кутиб
ўлтирганлар куявдан дарак сўрасалар, ул улардан куявни сўраған ва воқиъани айтиб,
ҳаммомда кийимларини ҳам қолдириб бир онда йўқолғанини хабар берган. Шундан сўнг никоҳ-
никоҳда, ош-ошда қолиб куявни қидириб кетканлар. Ниҳоят, ярим кечада ҳаммомнинг
таҳоратхонаси ёнидағи бир оғилнинг охиридан қониға белашиб ётқани ҳолда топқанлар.
Бечора таҳорат учун оғилға кирганда товуш чиқармаслиқ ерига ханжар уриб, охирға тиқиб
кеткан эканлар. Жуда қизиқ гап... Ким ўлдирған ва нима учун ўлдирилган ҳеч ким
билмайдир,— деди.
Отабек тамом онглашилмаған бир ҳолатда қолған эди. Бу хабардан қувонишға-да билмас ва
хафаланишға ҳам йўл топмас эди. Рақибнинг ўлдирилиши унинг тамом сўниб биткан умидини
яна қайтарғандек бўлса ҳам, нима учундир ул бу ишдан ўзига тинчлик ортдира олмаған,
аксинча тинчсизлана бошлаған эди. Бу фожиъадан ортиқча асарланган уста Алим «вой бечора-
бечора», дер эди.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |