www.ziyouz.com kutubxonasi
124
— Бирарта душмани борлиғи маълумдир, ахир? — деб сўраб қўйди.
— Албатта бордир, — деди уста Фарфи ва Отабекка қараб қўйди. Бу қарашдан Отабек
борлиқ-йўқлиқ ҳолға кирган эди. Уста Фарфи давом этди: — Дунёда қандай одам йўқ, деб
ўйлайсиз, кишининг ризқиға тупурганлар, охиратини ўйламағанлар ҳамма ёқда ҳам тўлиб
ётибдир, — деди, яна Отабекка қараб олди... Отабек ёрилиш даражасига бориб қайтди... Уста
Фарфининг бу кейинги қарашини уста Алим пайқаған эди ва уста Фарфининг бу тўғрида бир
нарса билиб-да, сўзлашка Отабекдан мулоҳаза қилиб тўхтадими, деб ўйлаған эди:
— Сўзлай берингиз Фарфибой, бу киши ўзимизники-дир,— деди.
— Нимани сўзлай берайин?
— Комилбекнинг душмани тўғрисида билганингизни.
— Мен сизга бир нарсани биламан, дедимми? — деди ва кулиб Отабекка қаради: — бу
одамнинг ўсмоқчилашини қаранг-а?
Бу сўз билан Отабек бир оз енгиллашди.
— Менга бир-икки қайта қараб олғанингиз учун билсангиз ҳам сўзлашка мендан
ётсиндингизми, деб уста ўйладилар шекилли, — деди Отабек.
— Тўғрисини айтсам, сиз бу тўғрида бир нарса биласиз, лекин сўзлашка Шокирбекдан чўчиб
турасиз, — деди уста.
— Қуруқ туҳматни қўйинг-чи, — деди уста Фарфи.
— Қуруқ туҳмат эмас, билиб туҳмат, — деди уста ва:— Шокирбек сиз ўйлаган кишилардан
эмас, асло тап тортмай сўзлай беринг, — деди.
— Астағфируллоҳ, — деб кулиб қўйди уста Фарфи ва бир оз ўйлаб олғач деди: — Сиз билан
менга шу нарса-нинг нима зарурати бор, уста!
— Аввало сўзламайтурған бўлғандан сўнг пук бериш керак эмас, тилдан илингандан кейин
бизга зарурати бўлмаса ҳам билганни айтиш керак, — деди уста Алим.
Айниқса устадан кўра ҳам Отабек сабрсизлана бошлаған эди. Ҳозиргина ўйлаб турған жўнаш
масаласи ҳам унинг эсидан чиқған, чунки рақибининг қотили ким эканлигини билиб олиш
ҳаммадан ҳам унга қизиқ ва аҳамиятли эди.
Уста Фарфи энди айтмаса бўлмаслиғини онглади, шу-нинг учун Сайфига ишонмағансумон
қаради:
— Жиян, сен ёшсан ҳали, сенинг оғзингга ишонч йўқ, — деди ва: — бир оз дўконингга
бориб тур, аччиғинг чиқса ҳам.
Уста Алим ҳам қайнисини туришка ишорат қилди ва ўрадан савзи олиб тўғрашга буюрди.
Бола кетгач, уста Фарфи оҳистагина деди:
— Агар гумоним тўғри бўлса, Комилбекнинг қотили Ҳомиддир.
Бу сўз Отабекни ажабсинтирғандек, уста Алимга ҳам ғариб эшитилган эди.
— Ҳомид дейсизми?! — деб сўради уста Алим.
— Ҳомид, — деди, яна секингина уста Алимдан сўради: — сиз Умарбекни Ҳомидға яқин дўст
эканлигини биларсиз, албатта?
— Биламан, ҳамма вақт юриш-туриши ўшанинг билан эди.
— Бали, — деди уста Фарфи, — Ўша Умарбек билан оралариға яқинда бир совуқлиқ тушди-
да, мундан ўн кунча илгари Ҳомиднинг бир мудҳиш ваҳшати тўғрисида Умарбекдан бир сир
эшитдим. Ҳомид Комилбекни ўлдирганда устида бўлмаған бўлсам ҳам, аммо ҳалиги эшиткан
сиримнниг далолатига қараб албатта Комилбекнинг қотили Ҳомид деган фикрга тушдим... Сиз
мундан уч йилча илгари Марғилон келиб Мирзакарим аканинг қизиға уйланган Отабек исмлик
тошкандлик бир йигитни ҳалиги қайин ота бўлмиш Мирзакарим ака билан қамалиб, осилишға
ҳукм қилинғанларида дор остидан қутқарилиш воқиъаларини хотирлайсизми?.. Албатта
ёдингизда бўлса керак, ҳов, биз Сарибойнинг дўконида чой ичишиб ўлтурған эдик-ку,
ёдингизга тушдими?
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |