www.ziyouz.com kutubxonasi
218
юришда кетяпти. Яна сенинг далдангга муҳтож бўлиб қолдим.
Бугай бу сўзларни шундай осойишта оҳангда айтдики, гўё Хонгирей «Прага» ресторанида
ўтирмагандай, гўё Марказий банк хизматчисининг уйига бостириб кирмагандай, уни қўрқитиб
олмагандай эди.
— Мен Худога бўйсунмаслигим мумкин, лекин биродарлик қонунига хиёнат қилмайман. Бизнинг
орамизда мурувват қилиш йўқ, мажбурият бор. Шунинг учун бўйнига тасма таққан
олифталарга ўхшаб мин-ғирламай, гапнинг дангалини айт. Мен эркаклар билан гаплашишни
яхши кўраман.
— Чет билан катта ишни бошлаб қўювдим. Иш банкка тақалиб қолди, сен аралашмасанг куйиб
қоламан.
Кечагина Хонгирейни бурдалаб ташлашни истаётган Бугай дардини шундай маданий тарзда
баён этди. «Сен тумшуғингни тиққанинг учун ишим тўхтаб қолди, банкдан қарз ололмаяпман»,
деб даъво қилмади. Хонгирей унинг айёрлигига тан берди-ю, лекин эркакчасига «мен атай
тўхтатдим, менинг ҳам нафсим бор», демади.
— Фойдани чамалаб кўрдингми?
— Фойда ёмон бўлмайди.
— Энди дўстим, ўғриликдаги биродарлик бошқа, тижоратдаги шерикчилик ўзгача, — деди
Хонгирей тагдор оҳангда.
— Шартни айт, — деди Бугай. Ичида эса «биродарлик ҳақида гапирган ит сенмидинг?» деб
сўкинди.
— Шахсан мен биродарликни ҳамма нарсадан устун қўяман, — деди Хонгирей худди Бугайнинг
хаёлидан кечган гапни ўқигандай: — Ўғри ўғрини қўллагани учун ҳам барчанинг тақдирини ҳал
этишга қудрати етади. Лекин тижоратда сарф-харажат деган гаплар бор. Менга сенинг бир
тийининг керакмас.
— Шартни айт.
— Йигирма фоиз.
— Княз, унда мен икки бармоғимни бурнимга тиқиб қоламан. Менинг харажатларим кўп, сен
беш фоизини ол.
— Бугай, биз бозордаги анқов чайқовчилар эмасмиз-ку, мен сен учун хизмат қиламан, керак
бўлганда ҳимоямга оламан. Ўн беш.
Хуллас, чет элга чиқариладиган темир эвазига олингувчи фойданинг ўн фоизи Хонгирейнинг
чўнтагига оқадиган бўлди. Унинг розилиги ўша куниёқ банкдаги Марк Абрамовичга етказилгач,
Бугайнинг ишлари ҳам юришиб кетди.
3
Асадбекни Жамшид кутиб олди. Хонгирей билан телефонда гаплашмай туриб, уйга қўнғироқ
қилган, борар вақтини бидириб қўйган эди. Орага ресторандаги учрашув суқулиб кириб,
кейинги учоқда учишини эса маълум қилмаганди. Жамшид салкам тўрт соат кутган бўлса-да,
«Бек ака, кечикиб қолдингизми?» деб сўрамади. Машинага ўтиришгач, Жамшид одатига кўра
«Қаёққа борамиз?» деган маънода хожасига қаради. Илгарилари сафардан қайтган Асадбек
кўпинча уйига эмас, идорасига борарди. У дамларда ёнида Чувринди бўларди... Асадбек
Жамшиднинг қарашидаги савол аломатини ўқиб, ўша дамларни эслади. Кўз олдига Чувринди
келиб юраги бир оз эзилди. Кейин:
— Уйга ҳайда, — деб буюрди. Машина ўрнидан қўзғолгач: — Сен тўғри фаҳмлаган экансан,
Ҳалим Красноярда экан, — деди.
«У ёқда нима қилиб юрибди?» деб сўраб хожасини сўроққа тутиш одоб доирасидан чиқишдай
туюлиб, Жамшид:
— Узоқ қолиб кетди-ку? — деб қўйди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |