www.ziyouz.com kutubxonasi
2
Шунга бизлар амал қилсак, ҳидоят йўлидан тоймасмиз, инша Аллоҳ.
Тўртинчи китобга жамланувчи фикрларни қоғозга тушириш аввалида айрим изоҳларни баён
этмоққа ҳожат сезилди. Дастлабки умидимиз — воқеалар баёнини уч китобга жамлаш эди.
Учинчи китобда умидга еткурган Тангримизга шукрлар қилганимиз ҳолда асарга сўнгги нуқта
қўйилганини маълум этиб эдик. Яширмаймиз, дастлабки аҳдга биноан ўзимизни зўрлаган
ҳолатда асарни якунлагандай бўлиб эдик. Ана шу зўракилик талабчан китобхонларимизга
маъқул келмабди. Учрашувларда, мактубларда асар якун топмагани хусусида танқидий
фикрлар билдирилди. Шу кезлари гиёҳвандлик оқибатлари муаммолари ҳусусида ҳужжатли
филм учун маълумотлар тўплашга тўғри келди. Мазкур жараён ҳам асарни давом эттиришга
даъват этди. Бизни энди ҳижолатга солаётган бир сабаб бор: «Бемаза қовуннинг уруғи кўп
бўлар», деганларидек, асарнинг чўзилиши оқибатида Сиз — азизлар ҳафсаласини пир қилиб
қўймасак бўлгани... Начора, яхши умид билан яна қўлга қалам олдик, раҳмли
Парвардигоримиздан хайрли ниҳоясига етказмоғини сўраймиз.
Муножотимиз будир:
Илоҳо Парвардигоро! Иззатинг ва жалолинг ҳаққи, анбиёю мурсалин ва авлиёйи солиҳийн ва
уламои росихин разияллоҳу анҳум ажмаъйин арвоҳи шарифлари ҳурмати, биз заиф ва
гуноҳкор қулларингни ҳам бу қавмдан бенасиб қилмагил ва ул хос наслиданким, буларга насиб
этдинг, бизларни ҳам маҳрум қилмағил. Ва шаръий амалларимизни гуноҳларимизга каффорот
айлагил ва сўнгги нафасда иймонимизни шайтон макридан ўзинг сақлагил. Омийн я Роббил
аламийн*!
Шундан сўнг Ҳақ таоло инояти билан баёнларимизни бошлармиз, биавниллоҳи таоло.
_____________
* Фаридиддин Аттор ҳазратларининг лафзларидан фойдаландик. Оллоҳ у зотдан рози бўлғай.
I б о б
1
Лаҳтак булутлар қитмирлиги туфайли яйраб нур тарата олмаётган қуёш шом киришини
кутмаёқ бота қолгандай бўлди. Тонгда эса Беғубор осмон умидида кайта бош кўтардию яна
булутлар шумлигига учради. Олмония қуёшининг тайинсизлигига, файзсиз тонгларига
Манзуранинг чидаши оғир кечди. Зотан, унинг қалби шу қуёш каби ожиз ҳолатда эди. Гарчи
ўғилларининг тўйидан кўнгли равшанлашган бўлса-да, ҳавотир булутларининг чақинидан
бағри куйиб турарди.
Eри Асадбекнинг, қизи Зайнабнинг аянчли аҳволидан бехабар бўлса-да, ўзига ҳам номаълум
бир туйғу кўнглини ғашлик булути билан чирмаб турарди. Асадбекнинг телефонда тўнг оҳангда
гаплашиши уни ажаблантирмас, бу ҳолатга йиллар бўйи кўникиб кетган эди. Уни эзаётган
нарса бошқа — эри ҳар сафар «уйга қайтишга шошилма»,— деб гапни қисқа қилади. Қудалари
эса «Қачон қайтасизлар?» деб очиқ айтишмаса ҳам кўз қарашларидан шу маъно сезилиб
турарди. Ўғиллари нигоҳида ҳам шу савол зуҳур эди. Маъсума аёл саволга жавоб қайтаришга
қодир бўлсами эди, бу ерда бир он ҳам қолмасди.
Қанотлари қайрилган эмас, қирқиб олинган қуш ҳолатидаги Манзура тунда қуёш балқишини
кутган нотавон каби эридан ҳар дақиқада бир мужда кутарди.
Манзура қамоқдаги маҳбус ҳолатида эди, дейилса юмшоқроқ айтилган бўлади. Чунки маҳбус
озодликка қачон чиқишини билади, шу кунни, соатни, орзиқиб кутади. Кутиш ҳам у учун бир
саодат. Ҳар тунда ёстиққа бош қўйиб ҳар тонгда кўз очишининг ўзиёқ бир бахт. Манзура эса
яна қанча тунд тонгларни мусофирликда қаршилашини билмайди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |