II б о б
1
Бу дунёда иблис етовида юрувчи одамлар бор экан, прокуратура терговчиси ишсиз қолмайди.
Бир учи Асадбекка бориб тақаладиган чигал ишларни ечиш машаққатидан расман озод
этилган, аммо норасмий равишда кузатувларини давом эттираётган Зоҳид Шарипов яқин орада
прокуратурадаги хонасини тарк этажагини ҳали билмас эди.
Борлиқни шом қоронғулиги ютиб, идорадаги расмий иш вақти тугаган онда Зоҳидни прокурор
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
14
йўқлади. Бу ердаги иш вақтига «расмий» деб нисбат беришимиз бежиз эмас. Чунки бу
идорадаги иш ҳажмини ҳам, иш вақтини ҳам белгилаб бўлмайди. Баъзан тунлар тонг-ларга
уланишини, баъзан бир неча кунлаб уйга бориб келишга ҳам имкон бўлмаслигини ҳамма ҳам
билавермайди. Идорада ишловчилар эса «иш вақти тугадими?» деб соатларига қарамайдилар.
Зоҳид бу соҳанинг машаққатларига милитсияда ишлаб юрган кезлариёқ одатланиб кетган. Шу
боис бошлиқнинг кечки йўқловидан ажабланмади. Шаҳар прокурори ҳам соҳада бошланган
янгиликлар, ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ бу идорага қўйилган эди. Озодалик билан
тартибни хуш кўрувчи прокурор ҳақида Зоҳид ёмон гап эшитмаган эди. Зоҳидни фақат бир
нарса ажаблантирарди: тартибни хушловчи прокурор идорасидаги айрим ходимларнинг ғирром
ўйин юритишларидан хабардормикин? Зоҳид прокурор билан асосан мажлисларда кўришарди,
юзма-юз ҳолда гаплашиш шарафига ҳали муяссар бўлмаган эди.
Зоҳид хонага кирганида прокурор ниманидир ўқиб ўтирарди. У бош кўтариб «келинг, ўтиринг»,
деб қўйди-да, ўқишни давом эттирди. Зоҳид саломининг жавобсиз қолганидан, бундай совуқ
тарздаги муомаладан бир оз оғринди. Прокурор қўлидаги «Иш»ни охиригача ўқиб
тугатмагунига қадар бошини кўтармади. Ўн беш дақиқа шу зайлда, совуқ сукут ҳукмида ўтди.
Прокурор сўнгги саҳифани ўқиб бўлгач, «Иш»ни ёпди-да, совуб қолган қаҳвадан бир ҳўплади.
Кейин Зоҳидни ажаблантирган ҳолда ўрнидан туриб у билан кўришди. Сўнг ҳозиргина ўқиб
тугатган «Иш»ни Зоҳидга узатди:
— Бу ишни ўзимиз юритмасак бўлмайди. Милитсия аччиқ ичакдек чўзиб юборди. Ишни чўзган
улару гапни мен эшитаман. Диққат билан ўқиб чиқинг. «Иш» ниҳоятда чигал. Гумондаги икки
киши саккиз ойдан бери ўтирибди. «Угро»да ишлаганингиз учун бу «Иш»ни сизга ишоняпман.
Тезлатинг, аммо... шошилманг. Тушундингиз-а? Бу «Иш»га тегишли ҳамма масалани фақат мен
билан бирга ечасиз.
Прокурор шундай дегач, яна ўрнидан турди-да, ҳам муваффақият тилаш, ҳам хайрлашиш
мақсадида қўл узатди.
Зоҳид хонасига қайтиб, «Иш»ни варақлади. Саккиз ой муқаддам йўқолган бетон заводи
директорининг мурдаси Бўзсув тўғонидан топилганини эшитган эди. Бетон заводи директори
Мавлон Шокаримов вино заводи бошқони Қилич Сулаймонов каби шаҳарга донг таратган
бўлмаса-да, бекорга ўлдирилмагани аниқ эди. Шокаримов бирон кишининг шахсий ғарази
қурбони бўлгани ё тасодиф билан ўлганми ёки бирон тўданинг ғашига тегиб қўйганми?
Тўданинг... Қайси тўданинг? Дастлабки саволлар гирдоби Зоҳидни ўзига торта бошлади.
«Қотил» деб эмас, «Қотилликка даҳлдор», деб қамоққа олинганлардан бири Шокаримовнинг
ҳайдовчиси Эшпўлатов, иккинчиси эса ўйнаши Зарипова эди. Шокаримовнинг уйи шаҳардан
йигирма беш чақирим нарида экан. Шаҳарнинг кунботар томонидаги янги уйда ўйнаши яшаган.
Эшпўлатов хўжайинини охирги марта шу уйга олиб борган. Авваллари ярим кечагача бўлса ҳам
шу ерда кутган экан. Охирги сафар Шокаримов унга «Сен кетавер, эрталаб шу ерга келасан»,
деган. Эшпўлатов айтилган вақтда келган, бир соат кутган. Сўнг юқорига кўтарилиб, эшик
қўнғироғини босган. Зарипова эшикни дарров очмаган. «Аканг кеча келмаганлар» дегану
эшикни ёпган. Эшпўлатов ичкарида бир эркакни кўрган. Ҳайрон бўлиб заводга борган.
Хўжайин йўқ. Уйга борган — хўжайин йўқ. Кечгача заводда кутган. Кейин уйига бориб хабар
берган. Зарипова аввалига «ҳеч қанақа Шокаримовни танимайман», деб ўйнашидан тонган.
Кейин «баъзи-баъзида келиб турардилар, аммо орамизда ҳеч гап бўлмаган, ўша куни
келмаганлар», деган. Эрталаб уйида эркак борлигини ҳам рад этган. Терговчи ҳам бу далилга
нечундир эътиборсиз қараган.
«Демак, машинадан тушган, йўлакка кирган, уйга эса чиқмаган. Йўлакда биров кутиб
турганми, йўлакда ўлдирганми?» Зоҳид саккиз ой мобайнида ечилмаган масалага бир онда
ойдинлик кирита олмас эди. Уни чулғаётган саволлар милитсия ходимларини ҳам гангитган,
масаланинг турли ечимларини излаб кўришган, аммо боши берк кўчада тентирашдан ўзга
чорани топа олишмаган эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |