www.ziyouz.com kutubxonasi
11
келмаслигини айтган бўларди. Ҳалимжон унинг қалампирга беланаётган гапларини тилга
чиқмай қолишига сабабчи бўлди.
— Болаларга айтдим, — деди Ҳалимжон ҳисобот оҳангида. — Янгам телпон қилганмишлар.
Асадбек учун бу хабар хавотирсиз эди. Шу сабабли босиқлик билан сўради:
— Нима дебди?
— Сизни сўрабдилар халос.
Асадбек «бўпти, боравер», деган маънода ишора қилди. Хотинининг бу қўнғироғи улуғ
қайғулар саройи дарвозаси қулфига солинажак очқич эканини унинг ғофил қалби сезмади.
Кесакполвон азиз фарзандидан айрилиб, дунё кўзларига қоронғу кўринаётган ота қиёфасида
турар эди. Қабристонга келганларнинг аксари қорининг тиловатидан сўнг тарқалишди. Унинг
«қайғули» кўринишига биров аҳамият берди, биров эътиборсизгина қараб қўя қолди. У ўзини
мотамсаро қилиб кўрсатишга тиришса-да, олазарак кўзлари ғамдан йироқ эканини ошкор этиб
турарди. Яқинроқ танишлар «бандалик», деб таъзия билдириб қўярди. Унинг олазарак кўзлари
эса одамлар орасидан Асадбекни қидирарди. Юраги айрилиқ азоби билан эмас, хавотир
ташвиши билан тепарди.
Асадбекнинг қабр тепасидаги гапи, ҳозир эса кўринмай қолиши уни қафасга тиқилган маҳлуқ
ҳолатига солди. «Сен менинг юрагимга тупурдинг», деган гапнинг мағзини чақмоқчи бўлди.
Болаликда «халқ душманининг ўғлига нафратини изҳор этиш учун» юзига тупургани нечундир
эсига келмади. Асадбек илгарилари аччиқланганида ҳам уни «йўқол!» деб ҳайдаб қоларди.
Аммо бугунгиси бошқачароқ оҳангда, «бутунлай йўқол» деган мазмунда жаранглади.
«Нима учун дарров мендан гумонсиради?» деб ўйлади Кесакполвон. Кейин ўзидан ўзи
нафратланди: «Асад, агар шу менинг ишим бўлса — Худо урсин!» деган гапи энди ўзига ғалати
туюлди. «Нега дарров қасам ичдим. Нега ўзимни оқлашга уриндим?» деб ғашланди. «Қўрқоқ,
олдин мушт кўтарар» деганлари каби хатога йўл қўйганини фаҳмлаб, қафасдан чиқиш
йўлларини излай бошлади. Агар Асадбек шу ерда бўлганида ёнида туриб, бир-икки гаплар
билан юмшатишга ҳаракат қилармиди... Шундай ўйларди-ю, аммо Асадбекни қандай гаплар
юмшата олиши мумкинлигини билмас эди. Шунинг баробарида дарғазаб хожасининг қайда
қолганини ёки қайга жўнаганини ҳам билмасди.
Кесакполвон беўхшов пилдирак каби хизмат қилиб юрган Хумкаллани кўзи билан имлаб,
машинаси томон юрди. Хумкалла ҳаялламай, тезгина яқинлашди.
— Бек аканг кўринмай қолди-ку? — деди Кесакполвон лабига сигарет қистириб.
Хумкалла чўнтагидан чаққонлик билан ёққич олиб унга олов тутди:
— Жалилхон акамиз билан биллашиб мошинага ўтирувдилар. Кейин билмадим, ҳайронман,
қаёққа кетишдийкин? — деди.
— Бу акангни нима деб чақирувдинг? — Кесакполвон унга ўқдек кўзларини қадади.
— Бек акам чақиряптилар, тез етиб келинг, дедим.
— Ўзига айтганмидинг?
— Ўзлари ҳали келмаган эканлар, ўғилларига та-йинловдим. Оғзимга рўмолча тутиб гапирдим,
мени танимади.
— Ҳайвон! — Кесакполвон шундай деб бармоқлари орасида тутаётган сигаретни унинг юзига
отди. Хумкалла бир сесканиб, орқасига тисланди. Атрофда одамлар бўлмаганида уч-тўрт тепки
мазасини тотиб кўрмоғи тайин эди.
— Ҳайвон, йўқол! — деди Кесакполвон. У ҳам Асадбек каби ғазаб билан гапирди. Хумкалла
шошиб изига қайтди-ю, «йўқол!» дегани оддий ҳайдаш эмас, балки ҳукм эканини фаҳмламади.
Кесакполвон Асадбекнинг нима учун дарғазаб бўлганини энди тушунди. Хожасининг юрагини
бир-икки гап билан юмшатиш мумкин эмаслигини ҳам англади. Шу пайтга қадар Асадбек билан
неча марта хафалашган, аразлашган бўлса, буларнинг барчаси ҳолва экани, қабр тепасида
айтилган гаплар тил учида эмас, юрак қаъридан отилиб чиққанини ҳам фаҳмлади.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |