www.ziyouz.com kutubxonasi
13
роҳатланувчи Кесакполвон кўп йиллардан бери ўзи одам ўлдирмасди. Бу «қора иш»ни
мулозимлари рисоладагидай бажарар эдилар. Масаланинг мушкул томони шундаки, улар
бегоналарнинг ёки рақибларнинг жонларини роҳатланиб суғурар эдилар. Ўз шерикларининг
юрагини ҳам шундайин роҳат ила суғура оладиларми ё йўқми — Кесакполвон учун айнан
шуниси қоронғу эди.
Фотиҳа ўқиб чиқаётганлар орасида Қозини кўрган Кесакполвон машинаси эшигини қия очди.
Тўдадан ажраб машина сари юра бошлаган Қози қадамини илдамлатди. Эшикдан бош суқиб
салом бергач, хожасининг «ўтир!» деган амрига итоат этди — чаққонлик билан машинанинг
орқа томонидан айланиб ўтиб, Кесакполвоннинг ёнига ўтирди.
«Йўқол!» деб ҳайдалганидан кўнгли ғашланган, машина томон дамба-дам қараб қўяётган
Хумкалла бу манзарани кўриб жойида пича қотди, киприк қоқмаган ҳолда машина томон
тикилди. Безовта кўнгли уни алдамаётган эди. Чиндан ҳам бу онда унинг тақдири ҳал
этилаётганди.
Кесакполвон мулозимидан ҳол-аҳвол сўраш ўрнига пиёлага коняк қуйиб узатди:
— Ма, исиниб ол.
Қози совқотмаган бўлса ҳам, хожасининг бу марҳаматидан мамнун бўлган ҳолда пиёлани бир
кўтаришда бўшатди-да, лабини ялаб қўйиб, эгасига термулган ит каби қараб турди.
— Хумкаллани кўрдингми? — деб сўради Кесакполвон.
Қози бу тагдор савол замирида қандай маъно яширинганини англамай «Ҳа»деб қўйди.
— Шу бола менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон.— Одам десанг одамга ўхшамайди, маймун
десанг маймунга ўхшамайди. Бу хумдай каллани кўтариб юраверишдан гавдаси эзилиб кетди.
Гавдасига раҳм қилсакмикин?
Хожасининг мақсадини уққан Қози жавобни ҳаяллатмади:
— Савоб бўларди.
— Савобнинг додахўжаси дегин! Хумкалла акахонига жа-а садоқатли эди-а? Жа-а куйиб,
эзилиб кетди-ку, бояқиш. Шу бугундан кечикмай борсин ёнига, акахони зерикиб қолмасин.
— Машина уриб кетсинми ё поезд-моезд босиб олсинми?
— Изи қолмасин. Лекин мозорга тиқма, хитлар айланиб юришибди.
— Гап йўқ, йўлини қиламан.
Қози шундай дейиши билан Кесакполвон уни ёқасидан олди:
— Иси чиқмасин, буни фақат сену мен биламан. Агар сал нари-бери бўлса орқасидан ўзинг ҳам
жўнайсан, — Кесакполвон шундай деб уни бир-икки силкиди, сўнг ёқасини бўшатмаган ҳолда,
аммо мулойимроқ оҳангда қўшиб қўйди: — Чойхонани ўзинг ишонган болага топшир. Энди
менинг ёнимда сен юрасан.
Қози мансаб пиллапоясидан кўтарилиб, ноиблик даражасига етгани, бу мартабанинг баҳоси
Хумкалланинг жони эканини англади-ю, хожасига қуллуқ қилди.
__________
* «Икки кило гўшту икки кило гуруч» демоқчи.
Do'stlaringiz bilan baham: |