www.ziyouz.com kutubxonasi
17
бўлди. «Қассоб» эса санарди: тўрт... Яна бир сониядан сўнг бу боши бузуқнинг тепкини босиб
юборишидан ҳеч нима қайтаролмаслиги мумкин.
— Розиман, қўйиб юбор уни, — деди Солиев олдингга бир қадам босиб.
— Тўхта, сен аввал иккита кишан ол, — деб буюрди «Қассоб».
— Иккита кишанни нима қиласан?
— Ишинг бўлмасин, айтганимни қил!
Солиев чўнтагидан бир кишан чиқариб, орқасига қаради. Йигитлардан бири унга иккинчи
кишанни узатгач, «Қассоб» томон юрди. Тўрт қадам қолганда «Қассоб»:
— Тўхта! — деб буюрди. — Қўлларингни кишанла!
Буйруқ адо этилгач, Солиев яна икки қадам босди.
— Энди ўнг билагингга кишаннинг бир ҳалқасини сол, — деб буюрди «Қассоб». Бу буйруқ ҳам
сўзсиз бажарилди.
— Орқангга ўгирилиб, икки қадам тисарил.
Солиевга «Қассоб»нинг мақсади аён бўлган эди. Унинг хаёли ҳозир «Қассоб»ни ушлашда эмас,
азобланаётган гўдакнинг ҳушсиз онаси билан қонга беланган йигитни қутқаришда эди. Шу
боис буйруқларга сўзсиз итоат этаётган эди. Унинг мақсадини англамаётган йигитлар эса
отишга шай туришарди. Солиев орқасига ўгирилган дамда уларга бир қараб олиб «зинҳор ота
кўрманглар» деб нигоҳи билан ишора қилди.
— Тўхта! — Солиевнинг гарданига «Қассоб»нинг сассиқ нафаси урилди.
Уч сониянинг ўзида кишаннинг бир ҳалқаси «Қассоб»нинг чап билагига илинди, аёл қўйиб
юборилди. Шунда Солиев чаккасига тўппонча тиралишини кутган эди. Аммо кутгани содир
бўлмади. Шу нуқтага тикилиб турган ўнлаб кўзлар учун ҳеч бир кутилмаганда тўппонча қўйин
чўнтакка солинди, ўрнига эса панжалари «лимончик» деб эркалаб аталувчи, ўсмирнинг
муштумидек келадиган бужир бомбани олди. «Қассоб» бомбани эҳтиёт ҳалқачасини тишлари
билан узиб ташлади-да, уни Солиевнинг кўкрагига босди:
— Қани энди отларинг, хунасалар! Ҳа, отмайсанларми! — деди у ҳансираб.
— Бақирма, нега ўкирасан? — деди Солиев хотиржам оҳангда. Бу хотиржамлик, талвасадан
йироқлик «Қассоб»ни бир оз ажаблантирди. Солиевнинг аҳволидаги бошқа одам қўрқмаган
тақдирда ҳам асабийлашмоғи лозим эди.
Солиев тўппончани ерга қўйганида ҳам, қўлига кишан урганида ҳам, ҳатто орқасига ўгирилиб
тисарилганида ҳам ўзини таваккал ҳукмига берган эди. «Қассоб»нинг чангалига тушгач,
таваккал чекиниб ўрнини қўрқув эгаллай бошлади. Қилиб қўйган иши энди ўзига ҳам ёқмай
бир оз асабийлашди. Аммо бу қўрқув, бу асабийлик қулига айланмади. Қўрқувни ҳам,
асабийликни ҳам сиртига чиқармай бўғиб туришга ўзида куч топди. Уйғонаётган талвасани
сездириб қўйиши мағлубият белгиси эканини биларди, шу боис рақибига сир бой бермади.
«Қассоб» Солиевдаги ҳотиржамлик сабабини англамай, унинг бўйнини қисди:
— Сен менга ақл ўргатма! — деб вишиллади.
— Секинроқ,— Солиев кишанли қўлларини кўтариб бўйнини бўшатмоқчи бўлди. — Ўлдириб
қўйсанг ўзингга ёмон бўлади. Сен жазавага тушмагину мақсадингни айт: мени гаровга олдинг,
энди нима қилмоқчисан? Шаҳарга чиқишингга йўл очиб беришсинми?
— Жим бўлмасанг, тилингни суғуриб оламан.
«Қассоб» шундай деб бақирди-да, атрофга олазарак қараб «ўлжаси» билан турмоққа қулай ер
излади. У ҳалқа орасида эканини биларди, шундай бўлса-да, қочиш имкони туғилиши ёки
ўқлар ёмғиридан қутулиш чораси изланиши мумкинлигини ҳам ҳисобдан чиқармаганди. Эшик
томон ҳам, зинага яқин паналик ҳам унга маъқул келмади. У пана ерни эмас, ҳалқанинг қоқ
ўртасини танлади. «Отишма бошланса бир-бирини отиб ўлдиради, у дунёга ёлғиз кетмайман»
деб фикр қилди-да, «ўлжаси» билан тисланди. Дастлабки ўлжаси — ҳушсиз аёл ва йигит
мурдасидан ўн қадамлар узоқлашгач, Солиев:
— Аёл билан болага қарашсин, — деди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |