www.ziyouz.com kutubxonasi
215
тушмаган бўлса, уни танимайсан. Унинг бутун уруғ-аймоғи яралганидан бери от ўғриси бўлган.
Бобоси Колчакдан от ўғирлаб қизилларга сотаркан, қизиллардан ўмариб, колчакчиларга
пулларкан. Охири Колчакнинг қўлига тушиб осилган экан. Красноярскда гражданлар уруши
қаҳрамони Макар Квасов номидаги кўча бор. Макар — Шурка лўлининг ўша ўғри бобоси. Бир
юмалаб қаҳрамонга айланган. Шурка лўли ҳам бир юмалаб от ўғрисидан «наркобарон»га
айланди-қўйди. Алексейнинг илдизига аслида ўша болта урди. Мен кўп айтдим, лўли билан
пачакилашма, дедим. Хонгирейнинг иши энди шу билан пишяпти. Сенинг шеригинг ҳам шу
занжирнинг бир ҳалқаси. Ўйиндан чиқдим, деб хомтама бўлма, бизнинг ишимизда фақат ўлган
одам ўйиндан чиқади. Одам йўқми, демак, муаммо ҳам йўқ. Сел келса, барчани баравар олиб
кетади. Бу киши ўйинда йўқлар, деб ўзанни ўзгартирмайди. Сен таклифимизга ҳозир жавоб
берма. Ўйлашинг учун фурсат етарли. Биз — ўғрилармиз, ҳалол одамлармиз, сен буни яхши
биласан. Уйингга қайтганингда сенга учрашган йигит яна ҳузурингга киради. У Алёшанинг
оиласини бу ерга олиб келиши керак. Сен эҳтиёт чорасини қилиб қўй. Эрталаб Тбилисига
учмоқчимисан? Яхши. У ердан Москвага уч. Хонгирейнинг отаси ўлган, кўнгил сўраб қўй. Ҳозир
бу ҳам муҳим. Балки... бирон нима деб гапидан илинар. Пайти келганда сени яна йўқлаймиз.
Шу билан ишга доир масалага якун ясалиб, учрашувнинг зиёфат қисми бошланди.
2
Москвага учиб келган Асадбек уйга қайтиш чорасини қилиб қўйгач, Хонгирей билан боғланди.
Хонгирей қадрдонини орзиқиб кутиб, ниятига етган бахтиёр одам оҳангида гаплашиб, учрашиш
нияти борлигини, уч соатдан сўнг «Будапешт» ресторанида кутажагини билдирди. Уч соатдан
сўнг Асадбек Москвадан учиб кетиши лозим эди. Хонгирей буни билиб туриб атай шу соатга
белгиладими ё тасодиф бўлдими — Асадбекка қоронғу эди. «Барвақтроқ учраша қолайлик»,
деб илтимос қилишни ўзига эп кўрмай, кўнди.
У белгиланган вақтдан беш дақиқа аввал борди. Хонгирейнинг йигити уни кутиб олиб,
одамлардан холи бўлган кичик хонага бошлади. Ўн кишига мўлжалланган стол усти дид билан
безатилган эди. Буни кўрган Асадбек «яна бошқа одамлар ҳам бор экан-да», деб ўйлади.
Хонгирей роппа-роса бир соат кечикиб келди. Ресторан хизматчисининг «нима буюрадилар»,
деб кириб тургани ҳисобга олинмаганда Асадбек ёлғиз ўтирди. Хонгирей кечикканининг
сабабини ҳам айтмади, узр ҳам сўрамади. Асадбек билан қучоқлашиб, юзини юзига босиб
омонлашди-да, ўтиришга улгурмай, амрга маҳтал турган хизматчига «қуй» деб имо қилди.
Хизматчи икки қадаҳни тўлдиргач, Асадбекка «гапирасанми?» дегандай қаради. Асадбек
телефонда таъзия билдирган эди, ҳозир ўша гапни такрорлади:
— Отангни худо раҳмат қилсин.
— Ҳа, албатта. Қани, ол! — Хонгирей шундай деб қадаҳни олди-да, ҳаволатиб чўқиштиргач,
бир кўтаришда бўшатди.
Асадбек Кесакполвоннинг «мусулмончилиги бор-да шу йигитнинг» деган гапини эслаб ғижиниб
қўйди.
— Ичмайсанми? — деди Хонгирей.
— Бизда таъзияга келганлар ичишмайди, — деди Асадбек.
— Аҳмақона одатларинг кўп сенларнинг. Ўлган одам ўлиб кетди, сен тирикларни ўйла.
— Хонгирей! Ўзимга тегишли даъволарингни гапирсанг гапир, аммо одатларимизни
ҳақоратлама. Биз — ўзбеклармиз, одатларимизни ҳамма нарсадан устун кўрамиз. Индамас,
мўъмин экан, деб бошга чиқувчилар кўп янглишишган.
Асадбекка Хонгирейнинг гапи қанчалик ёқмаган бўлса, Хонгирей ҳам унинг айниқса сўнгги
жумласидан шунчалик аччиқланди. Аммо суҳбатни асабий тарзда бошламаслик учун сир бой
бермади.
— Мен чиройли гапиришни билмайман, жон қардош. Кўзимга аҳмақона кўринган нарсани
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |