www.ziyouz.com kutubxonasi
217
— Мен аразлайдиган ёшдан ўтганман.
— Умуман, Бек, сен бекорга четга чиқдинг. Чин дўст бўлиб ишлайверсак бўларди. Сен мени
тушунмадинг. Боболаримга қилич солганларнинг зурриёдини қора дори билан «сийлайман».
Сенлар ҳам жабрдийдасанлар-у, аммо сенда ғурур йўқ.
— Сен ҳали қилаётган ишларингни ғурур деб ўйлайсанми?
— Сен-чи? Нима деб ўйлайсан?
— Бегуноҳ одамларни қириш ғурурга кирмайди, ёвузлик бўлади. Сенинг қорадоринг кофирни
мусулмондан, славянни чечендан ажратиб ўтирмайди. Сен ғурур деб ўзингни алдама, менга
ҳам таъна қилма. Ўзинг сўрадинг, энди очиғини айтаман, ранжима, сен айтган ғурур — оқиб
келадиган пул, бошқа нарса эмас. Пул оқиб келмаса ғуруринг ҳам сўнади. Сен адашяпсан, княз,
оқибати яхши бўлмайди.
— Ҳм... оқибатни сен белгилайсанми?
— Йўқ.
— Ҳа яхши, кўрамиз. Очиқ гапирганинг учун раҳмат. Бу гапинг чиндан ҳам дўстона бўлди. Мен
оқибатни сен билан бирга кўришни истардим. Менинг ҳақлигимни сен ҳам кўр. Унгача ўлиб
қолма. Бек, хўпми? Қани, энди тўйинг қачон, айтмайсанми?
Асадбек тўй кунини айтгач, Хонгирей узун ҳуштак чалиб қўйди:
— Ўша куни мен Полшада сайр қилиб юрган бўламан. Менинг амаким Краковни озод қилишда
ҳалок бўлган экан, отамнинг васияти билан кетяпман. Се-нинг тўйингга эса... Маматбей
боради. Ранжима, жон қардош.
Хонгирей ўрнидан туриб, Асадбекни қучди. Бир оздан сўнг меҳмонни кузатиб қайтган
Маматбейни Хонгирей норози қиёфада қаршилади:
— У тўй қиляпти. Ўғиллари соғломга ўхшайди-ку?
— Унчалик эмас, мен хабар олиб турибман. Бир туриб, бир ётяпти. Узоққа бормайди,
бу ёғи ишонч-ли.
— У анча дадиллашиб қолибди. Менга ақл ҳам ўргатди. Бунга нима дейсан?
— Княз, у эртага бутунлай синиб, чилпарчин бўлиб кетадиган одам.
Маматбей унга шу тарзда тасалли бермоқчи бўлди. Бу гаплар Хонгирейга тасалли учун кифоя
қилмади.
Ясатиғлиқ дастурхон ясатиғлиғича яна меҳмон кутарди. Дастурхон Асадбек учун тузалмаган,
хос меҳмонлар энди келишлари лозим эди. Учрашув вақти ҳам улар билан келишув асосида
белгиланиб, Асадбекнинг «мени йўлдан қолдириш учун атай шу соатга чақирди», деган гумони
ўринсиз эди. Хонгирей унинг Тбилисига учганини эшитган, бироқ, Москвага келиб, йўқлашини
кутмаган эди. Шунинг учун ҳам Асадбекнинг соат нечада учиб кетишидан хабарсиз эди. Унинг
аслида Асадбек билан суҳбатлашишга кўзи учиб турмовди.
Фақат ўйиндан чиққан «Ўқилон»нинг ранги-рўйини ўзи бир кўриб қўймоқчи эди. Шу сабабли
жаҳли чиқса ҳам сир бой бермай, гапни кўпайтирмай унга ижозат бера қолди.
Асадбек ўтирган машина шаҳар ҳудудидан чиқмай туриб ресторанга Хонгирей кутган
меҳмонлар кириб келишди. Ўн кишилик жойнинг тенг ярмини Хонгирей, Байгилдин, Маматбей
ва ҳар балони қайтаришга шай бўлган икки соқчи эгаллади. Кутилган меҳмон — Бугай икки
соқчиси билан келиб, Хонгирейнинг рўпарасига ўтирди. Ташқаридан қараган одам ўғрилар
оламининг икки вакили жанжалли масалани ҳал қилишга тўпланган, деб ўйламасди. Аксинча,
қуюқ зиёфат устидаги дўстлар даврасига ҳавас қилган бўларди. Давра чинакам зиёфат тарзида
бошланиб, икки соатга яқин давом этди. Бир-бирларига яхши тилаклар билдирилди, латифалар
айтилди. Яхши тилаклардан эриб кетган Бугай ўрнидан туриб бориб Хонгирей билан
қучоқлашиб, ўпишиб ҳам олди. Ёлғон лутфу карамларнинг узоқ давом этмоғи мумкин эмасди.
Давра совуй бошлагач, Бугай мақсадга кўча қолди:
— Княз, — деди у эҳтиром билан, — «Орхидея»ни очаётганимда ўзинг менга оқ йўл тилаган
эдинг. Мен сенга ўхшаган чапдаст эмасман, нўноқ ўғриман. Шунинг учун ҳам ишларим тошбақа
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |