www.ziyouz.com kutubxonasi
220
— Қайси бири?
— Кенжаси, уйланмагани. Сизнинг номингизни сотиб, «Бек акамнинг жияниман», деб
автобазага ишга кирган экан. У ердаги лақмалар бунга ишониб, янги мошина беришган экан,
бир ҳафтада уриб, мажақлабди. Бўшатиб юборишга қўрқиб, энди эски мошина бериб
қўйишибди.
«Буни отаси билмасмиди? Менга бошқача гапирувди?» — деб ўйлади Асадбек.
— Бола қулоғигача қарзга ботган, — деб гапни давом этди Жамшид.
«Демак, билган. Мақсади уйни сотиб бошқа уй олиш эмас, қарздан қутулиш... Мени нега
алдади? Қўрқдими? Ё уялдими?»
— Бугун Қози ота-болани чойхонага чақиртирган. Ҳисоб-китоб бўлади.
— Ҳайдар аканг биладими?
— Ҳа. Сизнинг йўқлигингизда гаплашиб олишмоқчи. Бунақада уй ҳам кетади, бола ҳам кетади.
— Жамшид хожасининг ўйга ботганини кўриб, жим бўлди, сўнг сўради: — Қозихонага
ҳайдайми?
Асадбек унга ялт этиб қаради, кўзлари ёнди:
— Қозихонада нима бор?! Уйга ҳайда! — деди зарда билан.
Жамшид бу хабарни «агар аралашиб, тўхтатмасангиз, гап айланиб келиб, сизнинг номингизни
булғайди», деган маънода айтувди. Асадбек аввалига «баттар бўлсин, буларга одамгарчилик
қиламан, деган одамнинг ўзи аҳмоқ», деб ғазабланди. Кейин Жамшид айтолмаган фикр
ўзининг хаёлига келиб, жаҳл ўтини ўчиришга уринди. «Менга чиққани бесабаб эмас. Унча-
бунча бойваччанинг менга қўшни бўлишга юраги дов бермас. Айниқса бунақа гапдан кейин,
биров яқинлашмайди. Ҳа... Ҳайдар олиши мумкин. Олиб менга сов-ға қиладими?!» Шу фикрда
тўхтаган Асадбек буюрди:
— Чойхонага ҳайда!
Асадбекнинг кутилмаганда қозихонага кириб келиши қозини ҳам, Қамариддин, унинг ўғлини
ҳам довдиратиб қўйди. Даъвогарнинг эса ҳуши учиб, талвасага тушаёзди. Асадбек саломларга
алик олди-ю, бироқ, ҳеч ким билан қўл бериб сўрашмади. Хона тўрига ҳам ўтмади. Хожасининг
истагини фаҳмлаган Жамшид усти ёғ доғлари билан «безалган» стул устига кўрпача ташлади-
да, пойгакка, эшикка яқин жойга қўйди. Асадбек ўтиришдан аввал айбдорларга, даъвогарга
синчиклаб разм солди. Қамариддин нигоҳлар тўқнашувидан қочиб, ерга қаради. Чап юзи
шилинган ўғли эса нима воқеа юз бераётганини фаҳмламаётгандай карахт ўтирарди.
Даъвогарнинг кўзлари олма-кесак терарди. «Бек аканг келгунича ё у ёқли, ё бу ёқли қил бу
ишни», деган топшириқни бажараётган Қози эса ажинадан қўрқиб иштонини ҳўл қилиб қўйган
бола каби сўппайиб қолган эди. Асадбек ўтириб «давом этсин», деган маънода Жамшидга
қаради. Жамшид бу унсиз буйруқни кўз қараши билан Қозига етказди.
Қози аввалги шаштини йўқотган ҳолда сўроғини давом этди. Инсоф юзасидан қараганда
гиёҳванд болага эмас, ота — Қамариддинга раҳм-шафқат қилинмоғи даркор эди. Ўзи емай
едириб, ўзи киймай кийдириб улғайтирганда, энди роҳатини кўраман, деб умид қилиб
турганида бу аҳволга тушмоғи чиндан-да ачинарли эди. Беаёв ҳукмни кутиб турган Қамаридин
алҳол аламдан ўз кўксига мушти эмас, тош билан урса-да, хумордан чиқмас эди. Аксинча,
қўшниси Асадбек ғазабли кўзлари билан қараш ўрнига кира солиб тепкилай бошлаганида руҳ
азобидан қутуларди. Бундан бир неча дақиқа аввал ўғли калтакланганида жонҳолатда ҳимояга
ташланиб, «боламни урманглар, ҳаммасига мен айбдорман», дейиши шунчаки тилдан учган
нола эмас, балки қалбнинг фарёди эди. Агар Асадбек озгина барвақт келиб унинг бу ноласини
эшитганида «Чиндан ҳам айбдор мана шу ота», деб ҳукм чиқарган бўларди.
Қўшнисининг ғариб кўриниши Асадбекда шафқат уйғотмади.
Қиморни ташлаган пайтлари бу ерда эмас, бошқа жойда Асадбекнинг шундай қозихонаси
бўларди. Нажот истаганлар иймон мулки ғариб, нафс мулки тўла бу гўшага умид билан
келишиб баъзан армон билан қайтардилар. Илтижоли боқишлар, эркакнинг кўз ёшлари,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |