www.ziyouz.com kutubxonasi
181
бошланади. Неча-неча одам шубҳа тўрига ўралади. Бу тўрга Элчин ҳам илашиб қолиши ҳеч
гапмас. Бу соҳадаги ҳақиқат юзага чиққунига қадар қанча одамнинг ҳаловати бузилади.
Худди Миркаримовнинг ишига ўхшаб...
Ким билади, мурдаси сувда ириган Миркаримов ҳам тириклик чоғида неча-неча одамнинг
юрагига заҳарли сўз ханжарларини санчгандир?
Ким билади, унинг ўлиги сувдан топилганда неча-неча одам қувонгандир, «баттарроқ бўлсин
эди», дегандир.
Ким билади, балки Миркаримовнинг заҳарли сўз ханжаридан ўлим топганлар унинг бошига
гувала қўйилиб, лаҳад оғзи беркилганда дўзахнинг олов тошлари билан қаршилагандирлар.
Ким билади, балки Холидийнинг қисмати ҳам шундай бўлар...
Балки ҳаммаси аксинчадир...
Агар Зоҳид ниятини амалга ошириб, Холидий ҳузурига борса-да, айтсаки: «Сиз билан
Миркаримов бир хилдасизлар». Бу гапдан, шубҳасизки, Холидий ажабланар, тўғрироғи
ғазабланар ва айтарки: «Бу қандай нодонлик! Мен олим одамман, жамиятга фалон миқёс-да
фойдам теккан. У эса пулдан бошқа нарсани ўйламаган одам...» Холидийнинг фатвосида
зоҳиран жон бор. Касб, турқу тароват — кўзга кўринувчи жиҳатлар фарқланади. Аммо назарга
тушмас бир иллат борки, уни «нафс» дейдилар. Айнан шу нафс бир-бирига зохиран ўхшамаган
одамларни ботинан бир хил кўринишга келтиради. Миркаримовнинг нафси маишатни истарди.
Бунинг учун у ҳаётини пул топишга сарф этди. Холидийнинг нафси ҳам маишат истарди.
Бунинг учун у ҳаётини амал эгаллашга сарф этди. Бунда бирон фарқ кўринадими?
Зоҳид ўйлаб-ўйлаб фарқ топмади.
Кўп масалаларда Анвар билан ҳамфикр бўлди. Фақат... Сўнгги чорани ақлсизлик деб баҳолади.
2
Зоҳид Саид Қодировнинг бу сафарги йўқловидан асосий мақсадни дуруст англамади. У
одатдагидай Миркаримовнинг ўлими асадбеклар тўдасига боғланяптими ё йўқми, деб қизиқди.
Зоҳид гумонларнинг бири заиф бўлса-да, ҳамон шу тўдага боғланиб турганини айт- ди-ю,
бироқ янги туғилган шубҳаларини баён қилиб ўтирмади.
— Маҳмуд Эҳсоновнинг ўлимидан кейин тўдада бирон ўзгариш сезилмаяптими, миш-мишлар
нима дейди?
Зоҳид Саид Қодировнинг бу илмоқли саволига дарров жавоб бермади. «Мени миш-миш йиғиб
юради», деб эшитувдингизми, демоқчи ҳам бўлди-ю, тилини тийди-да:
— Асадбеклар билан шуғулланмай қўйганман, — деб қўя қолди.
— Тўда ичида қора мушук ғимирлаб юрганга ўхшайди, — деди Саид Қодиров худди ўзига-ўзи
гапираётгандай. Сўнг «Наҳот қизиқмай қўйдингиз?» деган савол назари билан қаради-да,
гапини давом этди: — «КамАЗ»нинг ҳайдовчисидан фойда йўққа ўхшаб турибди. Боши катта,
бўйи калта одам эса изсиз йўқолган. Миродил Бойқўзиев деганини эшитганмисиз?
— Йўқ.
— Унинг хотини милитсияга арз қилган: эри йўқолибди. Эҳсоновнинг жанозасидан кейин уни
ҳеч ким кўрмаган. Ҳозирча тирик одамлар орасидан қидириш-япти. Бугун умид бор...
билмадим... эртага балки қаб-ристонлардан излашга тўғри келар... Уларнинг орасидан яна
кимлар йўқолаётган экан...
Саид Қодиров аслида шу саволга жавоб топиш мақсадида Зоҳидни йўқлаган эди. Доимий
равишда маълумот етказиб турувчи Ҳалимжоннинг тўсатдан йўқолиб қолиши уни хавотирга
сола бошлаган, эҳтиёт чораси сифатида Халимжоннинг оиласини бошқа жойга кўчиртиргач,
«бирон гап эшитгандир», деган умидда Зоҳидни чақирганди. Чақиришга чақирди-ю, «тўдадаги
одамимиз йўқолди, суриштиринг» демади. Халимжонни ошкор этишга ҳали фурсат бор, деб
ўйлаб, суҳбатини чучмал тарзда якунлади. Зоҳид мана шундан ажабланди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |