www.ziyouz.com kutubxonasi
183
— Албатта. Лекин сиз сўроқ қилгани келган одамсиз, фалсафадан масала сўқишга тоқатингиз
етмас?
— Етади, ташвишланманг, гапираверинг.
— Яхши, унда эшитинг: дунёдаги барча нарсалар, ҳодисалар «мантиқ» деган кўринмас занжир
билан боғланган, деган фикрга қўшиларсиз? — Зарипованинг саволига жавобан Зоҳид бош
ирғаб қўйди. — Лекин ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Фақат бизга ҳамма ҳаракатда мантиқ
бордай кўринаверади. Биз мантиқ билан мантиқсизликнинг аниқ чегарасини ажратиб
ололмаймиз, бунга нима дейсиз? — Зоҳид «қани, давом этаверинг-чи», дегандай елка қисиб
қўйди. — Мана, масалан, сиз билан менинг бу ҳолда ўтиришимизда мантиқ борми?
— Йўқ деб ўйлайсизми?
— Албатта йўқ. Сиз «ҳақиқатни ойдинлаштириш учун мантиқий мажбурият бор», дерсиз? Мен
эсам айнан шуни энг катта «мантиқсизлик» дейман. Агар бегуноҳ бир аёлни икки юз ўттиз кун
қамоқда ушлаб туришни «мантиқий мажбурият», ҳисобласангиз, хафа бўлмангу, ҳеч нарса
билмас экансиз.
— Сиз ўзингизни бегуноҳ ҳисоблаяпсиз. Бу ерда ўтирганларнинг деярли барчаси шу фикрда.
— Бу масалада сиз билан баҳслашмайман. Ўзимга тегишли гапни айтай: жиноят ўз-ўзидан
содир бўлмайди, а? Кутилмаганда, тўсатдан юз берди, деб ҳисобланган фожиа ҳам аслида анча
илгари бошланган бўлади. Мисолга Мавлон аканинг тақдирларини олайлик: ўша куни бехос
сувга тушиб кетиб ўлдиларми ё ўлдирилдиларми? Агар ўлдирилган бўлсалар, қотил ўша куни
қасд қилиб ўша куниёқ мақсадига етмагандир? Тасаввур қилайлик, сизнинг шубҳангиз тўғри
чиқди, қо-тил — менман. Мантиқан олиб қарасак, Мавлон акани ўлдиришга тайёргарлигим у
киши билан танишган кунимиздан бошланган бўлади. Бир-биримиз билан учрашганда
атрофимизда ҳеч ким йўқ, деб ўйлардик. Аслида орамизда ўлим бор экан-у, сезмабмиз. Кунлар,
ойлар ичи ана шу ўлимнинг қачон ва кимнинг қўли билан юзага чиқиши масаласи беихтиёр
равишда ҳал этилган. Шунақа десак мантиққа тўғрими? Ҳа, — Зарипова аянчли тарзда
кулимсиради. — Бу бир тахмин. Яна ҳақиқат деб ёпишиб олманг. Лекин гапимда озгина
ҳақиқат ҳам бор. Менинг бу кўргулигим, гуноҳларимга яраша туҳмат билан мукофотланишим
Мавлон ака билан танишган дақиқамдан бошланган экан, — Зарипова бошини эгиб бир оз
сукут сақлади. Сўнг Зоҳидга қараб кулимсиради: — Гапни ҳам резинкадай чўзиб юбордимми,
ажабланманг, мен азалдан эзмароқман. Хўп, яна озгина тоқат қилинг, асосий гапни айтволай:
Мени қотил деб гумон қилганингизда «бу хотин шундай бой ўйнашини нега ўлдирди?» деб
ўзингизга ўзингиз савол бериб кўрмадингизми? Бу ерда мантиқ қани? Мавлон аканинг
ўлимидан кўпроқ мен жабр чекдим-ку?
— Моддий манфаатни назарда тутяпсизми?
— Фақат бу эмас. Мавлон ака мени... яхши кўрардилар. Ёлғиз аёл учун бу яхши кўришнинг
қадри қандайлигини сиз ҳис қила олмайсиз. Сиз худди шу нуқтада менга мантиқни топиб
беринг-чи? Агар Мавлон аканинг ўлимидан бирон фойда олсам, бу ишга қўл уришим мумкин
эди. Бу гапим ҳам тахмин, мен бировнинг ўлимидан фойда кутадиган аблаҳ эмасман.
— Саволингизга ҳозир жавоб беришим шартми?
— Мутлақо шарт эмас. Гапдан гап чиққани учун озгина эзмалик қилдим, кечирасиз.
— Фикрларингиз менга маъқул. Саволингизга эса албатта жавоб қайтараман, фақат бугун-ерта
эмас, қотилни аниқлаган куним.
— Шундай дейишингизни билардим. Саволимга жавоб берсангиз ҳам, қотилни топиб
жазоласангиз ҳам менинг бу ерда чириган кунларимни қайтариб бера олмайсиз, бу ердан
чиқиб мен техникумдаги ўқувчиларимга дарс ўта олмайман, бу шаҳарда, умуман бу ҳаётда бош
кўтариб юришим мумкин бўлмай қолади.
— Сиздаги илм, фаросат билан бу азобни енгиш мумкин, деб ўйлайман.
— Йўқ, енгиш учун илм билан фаросатнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳатто иродага ҳам ишониб
бўлмайди. Менинг келажагим — ўзимнинг бош оғриғим, сиз ўйламай қўяверинг.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |