www.ziyouz.com kutubxonasi
179
— Петренко? Бунақа танишим йўқ. Армияда ҳам бўлмаганман. Лекин сенинг юз-кўзларинг
менга кимнидир эслатяпти. Қани, бу ёққа ўтиб ўтир-чи. Қизинг ҳам ўтирсин. — Улар ўтиргач,
Асадбек ажабланиб турган Бўтқага мулойим овозда буюрди: — Расул, булар меҳмонга
ўхшашяпти, қаҳва қайнатиб бергин, — Бўтқа амрга итоат этиб ошхона томон юргач, яна
йигитга қаради: — Хўш, меҳмонлар, қаерликсизлар?
— Биз меҳмон эмасмиз, шу ерликмиз, айланиб юриб бир қаҳва ичмоқчийдик. Дадам ҳозир
Томскдаги қариндошларникида дам олятувдилар. Мен ҳам эртага ўша ёққа кетяпман.
Сафардан олдин Юля билан сайрга чиқувдик. Сиз Томскда бўлганмисиз?
— Йўқ, бунақа шаҳар борлигини энди сиздан эшит-япман.
— Вой, — деб ажабланди қиз, беихтиёр суҳбатга қўшилиб, — географиядан ўқимаганмисиз?
— Мен мактабда иккичи эдим, — деди Асадбек кулимсираб.
— Ахир...
— Юля, илтимос, аралашмай тургин. Амаки, сиз Томскка албатта боринг, зўр шаҳар! Дадам у
ерда туғилмаган бўлсалар ҳам «иккинчи ватаним» дейдилар,— йигит шундай деб пиджагининг
ич чўнтагидан бир нечта фото сурат чиқарди: — мана қаранг-а, чиройлими?
Асадбек шаҳар манзараси акс этган суратларни қизиқиб тамоша қилгандай бўлди.
— Булар сизга эсдалик, — йигит шундай деб суратларни Асадбекка узатди.
Йигит сергап экан, қаҳвани ичиб бўлгунича ҳам гапдан тинмади. Бўтқа уни гарданидан
чангаллаганча кўчага судраб чиққиси келди. Асадбек эса унинг қувлигига тан бериб,
кулимсираб ўтираверди. Йигит меҳмондорчилик учун раҳмат айтиб, қизини етаклаб чиқиб
кетгач, Бўтқа:
— Бир силтови камроқ-ку бу боланинг, қандоқ чидаб ўтирдингиз? — деб сўради.
— Бунақа алмойи-алжойи гапларни анчадан бери эшитмовдим. Гапи нима билан тугашига
қизиқиб ўтиравердим.
— Қизи шкалат экан, битта имо қилганингизда болани чиққан жойига кирғизворардим.
— Қўй, бояқиш эртага отасининг олдига кетаётган экан. Сен билан мени Томск деган шаҳарга
таклиф қилди, борамизми?
— Бе, совуқ жойларда нима бор, иликларни тўғнатиб нима қиламиз. Бизга Ялта ярашади.
«Пулинг бўлса халтада — боравергин Ялтага, пулинг бўлмаса халта- да — пишириб қўйибдими
сенга Ялтада?» — Бўтқа шундай деб ҳузурланиб кулди.
«Илгари рўпарамда титраб туришарди. Тузук-ку, мақолни ҳам биларкан. Яна озгина бўшашсам
бошимга чиқиб олар?» Бу фикрдан ғашланган Асадбек қовоқ уйди. Қуюшқондан чиқиб ноўрин
ҳазил қилганини анг-лаган Бўтқа дарров лаб-лунжини йиғиштириб олди.
— Бўтқасанда бола, ҳақиқий бўтқасан, — Асадбек шундай деб захарли тарзда кулди-да,
ўрнидан туриб эшик томон юрди.
Do'stlaringiz bilan baham: |