www.ziyouz.com kutubxonasi
175
осонгина очди. «Ўзимни танитсаммикин?» деб иккиланиб турган Ҳалимжон бу тезкорликдан
ажабланиб, тилини тийди. Булар чинакамига милитсия ходимларими ё кийимини кийиб олиб
найранг қилиш-яптими — буни аниқ билмай туриб ўзини фош қилиши мумкин эмасди. Булар
ҳақиқий милитсия ходимлари бўлсалар ҳам бирон бир тўда билан боғланмаган деб айтиш
мумкинми? Ҳарҳолда буларни бу ерда тасодифан учратмади. Малла Сафтер ҳам бекорга ўзини
олиб қочмади. Булар кимлар? Мақсадлари нима?
Гарданидаги оғриқдан азобланаётган Ҳалимжон бу саволларга жавоб топишга ожиз эди.
Дипломат ичи ғижимланиб ташланган газета парчалари билан тўла эди.
— Бу ботир йигит шаҳримизга газета олиб келибди. Нима, сен почтачимисан? — Полковник
Ҳалимжонга шундай савол бериб, дипломатни очган йигитга буюрди: — Яхшилаб қара, наҳот
фақат газета олиб келган бўлса?
Ғижимланган газеталар стол устига сочилгач, ихчам китоб ҳажмидаги ўрам кўринди.
Полковник буюрмаса ҳам йигит ўрамни очди.
— Бу нима, биласизларми? — деб сўради полковник аёллардан. — Ҳа, билмайсиз. — Бу —
қорадори! Мана шу кўриб турганларингиз камида юзта йигитни тил торттирмай ўлдиради. Ёки
ногирон қилиб қўяди. Ҳа, бу ботир йигит почтачи эмас экан, янглишибмиз. Бунинг мансабини
«наркокурер» дейишади. Юзта йигитнинг жони эвазига бу жаноб мана бундақа дипломатдан
иккитасини пулга тўлатиб олиб кетиши керак эди. Пулни эса муҳтарам қўшниларингиз Козлов
жаноби олийлари тўлашлари шарт бўлган.
Дастлаб Ҳалимжонга ачиниш билан қараган аёлларнинг кўзларида энди нафрат зоҳир бўлди.
Полковник буни сезмагандай Ҳалимжонни сўроққа тутди:
— Тўғри айтяпманми, қанчага келишган эдиларинг?
— Менинг вазифам фақат мана шуни бериш эди.
— Ҳа, албатта, сен дипломат ичида нима борлигини билмагансан, а? Наркокурерларнинг
ҳаммаси шунақа лақма бўлишади. Молнинг ҳаммаси шуми?
— Мен мол ҳақида ҳеч нима билмайман.
— Лейтенант, бошқарма билан боғланинг, қўшимча куч юборишсин. Меҳмонхонани босамиз.
Мен сезиб турибман. Мен катта овни ҳамиша олдиндан сезаман. Хонимлар, сизлар ҳам биз
билан бирга борасиз. Рад этишга ҳаққингиз йўқ. Мен хавфсизликларингизни тўла
таъминлайман.
Полковник шундай деб ўрнидан турди. Бу орада сураткаш ҳам ишини битиргач, Ҳалимжонни
судрагудай қилиб ташқарига олиб чиқишди.
Меҳмонхонада, Ҳалимжон эгаллаган каравотнинг бош томонидаги жавонча ичида бир хил
ҳажмдаги, бир хил рангдаги яна иккита дипломат турарди. Улар очилганда бири пул,
иккинчиси қорадори билан тўлдирилгани маълум бўлди.
Лейтенант енгил-елпи тарзда баённома ёзгач, аёлларга имзо чекдирилди-ю, «катта овни
олдиндан сезиш қобилиятига эга» полковник амри билан қамоқхона сари юрилди.
Ҳалимжон бундай ҳолатдаги одамнинг ҳақ-ҳуқуқларини яхши билса ҳам, масала талашмади.
Икки кунгача уни терговга чақиришмади. Кейин эса номи тергов деб аталган, аслида
қийноқдан иборат жараён бошланди. Поябзалини ечиб қўйиб товонига резина таёқ билан ҳар
уришганда жони миясидан чиқиб кетай дерди. Аммо «Биродар, мен ҳам ўзингизданман,
ишонмасангиз қўнғироқ қилинг», дейишдан ўзини тиярди. Буларнинг жиноят олами билан
алоқаси борлигига шубҳаси йўқлиги учун ҳам ўзини танитмади. У ёқдаги ишларнинг остин-
устин бўлиб кетишидан хавотирлангани сабабли эмас, балки жони кўзига кўринаётгани учун
ўзининг кимлигини фош қилолмасди. Агар махсус топшириқ билан жиноятчи тўдага кириб
ишлаганини билиб қолишса, бу азамат ҳамкасблари товонига уриб, лаззатланиб ўтиришмайди.
«Чойшабни йиртиб, ўзини осибди», деган хулосани ёзиб, «йирик наркокурер»нинг «Иш»ини
ёпиб қўя қолишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |