www.ziyouz.com kutubxonasi
178
хонали уйга жойлашиб улгурганди. Бу уйни фақат Чувринди-ю, Асадбеккина билишарди.
Қўшнилар диққатини тортмаслиги учун, Асадбекнинг таклифига кўра, Козловнинг хотини кимё
заводига ишга ҳам кирганди. Ундан Чувриндининг ўзи хабар олиб турарди. Унинг ўлимидан
сўнг Асадбек ўзининг ташвишлари билан овора бўлиб, Олмалиққа боролмади. Дурди «қуён»
келиб кетгач, боришни режалаштириб турганда Козловнинг ўзи қўнғироқ қилди.
Асадбек бу ерга келаётганида идорада узоқ ўтирмай уйга кетишни ўйлаганди. Козлов томондан
одам келишини билгач, кутишга қарор қилиб, Жамшидга рухсат берди. Жамшид остонага
етганда уни тўхтатди:
— Сен уйга кириб ўтгин, Ҳамиднинг иситмаси тушса ҳам ланжлиги кўтарилмаяпти.
Эркажоновми деган профессорларинг бўларди-ку, ўшанга олиб боргин, бир кўриб қўйсин.
Тўйга айтадиган одамларини йўл-йўлакай таклиф қилаверларинг.
Жамшид вазифани олиб, чиқиб кетгач, ёлғизлик дарди қўзғолди. Деворлар худди силжигандай,
хона торайгандай туюлиб, Асадбекнинг юраги бехаловат ура бошлади. Чап кўкрагида
яраланган қушча потирлагандай бўлди. Ана шу потирлаш асносида гўё юрагидан данакдай
парча ажралиб чиқди-ю, бўғзига келганда қадалиб қолди. Асадбек чуқур-чуқур нафас олиб
ўрнидан турди-да, Бўтқа ўтирган хонага чиқди. Хожасининг танбеҳидан кейин сергак турган
Бўтқа уни қўл қовуштирган тарзда қарши олиб, «чой қайнаб турибди-я, дамлайми?» деб
сўради. Асадбек телевизор қаршисидаги оромкурсига чўкиб ўтириб:
— Чойингни қўй, оқидан элликта қуй-чи, — деб буюрди.
Бўтқа бўтқа бўлиб шу даргоҳга келибдики, Асадбек ҳали бирон марта бу хонада ўтирмаган, ўзи
«елликта қуй», деб сўрамаган эди. Шу сабабли Бўтқа амрни англамагандай хожасига қаради.
— Нимага анграясан, оқидан элликта қуй, деяпман.
— «Наполеон» яхшимасми, Бек ака, ўн икки минг томирдаги қонларни юрғизворади.
— Йўқ, юрагим сал ўйнагандай бўлиб турибди, оқи дуруст. Қани, тузукроқ томошангдан қўй-чи.
— Қанақасидан бўлсин, қитиқлайдиганлариданми? Буям бир кўнгил-терапияда, Бек ака. Нозик
томирларингизни ўйнатиб юборади.
Асадбекнинг бу таклифга қовоқ уюб қараб қўйиши Бўтқага кифоя қилди. Каратечи
болаларнинг саргузашти ҳақидаги тамошани қўйиб, Бек акаси хуш кўрадиган газакни
тайёрлагач, биллур қадаҳга, айтилгандай эллик эмас, юз грамм ароқ қуйиб эҳтиром билан
тутди.
Шом қоронғусига қадар вақт шу тарзда ўтди. Асадбек кетишга чоғланган пайтда эшик очилиб,
бир йигит шим кийган қизни бошлаб кирди-да:
— Видеобар ишлайдими? — деб сўради.
— Ишламайди, бўлди, ёпилди, — деди Бўтқа унга жавобан.
Йигит бу гапдан кейин изига қайтиш ўрнига Асадбекка қараб олиб, яна олдинга юрди. Бўтқа
ўрнидан туриб, унинг йўлини тўсди:
— Берк деяпман-ку!
— Битта қаҳва беринг, совуброқ қолган бўлса ҳам майли.
— Қаҳвани Бразилияга экиб қўйишибди, пишганда келасан.
Йигит яна Асадбекка қараб олди:
— Бу амакимиздан бир нарса сўрасам майлими?
— Майлимас, амакингнинг боши оғриб турибди, бўлди, чиқларинг, — Бўтқа шундай деб
йигитнинг елкасидан тутди.
— Хўп, кетамиз, — йигит шундай деб яна Асадбекка қаради: — Амаки, мен сизнинг
суратингизни уйимиздаги албомда кўрганман. Мен Петренконинг ўғлиман. Эслайсизми,
армияда бирга хизмат қилган экансиз.
Бу гапни эшитиб Бўтқа «Eрталаб телефон қилган сенмидинг ё адангмиди?» дегандай қараб
қўйди. Асадбек эса кутган одами келганини англаса ҳам сездирмасликка ҳаракат қилиб бош
чайқади:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |