ХI б о б
1
«Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан», деганларидек, Асадбекнинг ҳар бир қараши Кесакполвоннинг
нигоҳига зирапчадек санчиларди. Асадбек билан Хонгирейнинг нима ҳақда, қандай тарзда
гаплашганлари унга номаълум. У фақат суҳбат натижасини билади: Асадбек чекинган, бўйнига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
130
мағлублик кишанини солиб қайтган. Бу кишаннинг бир учи Хонгирейнинг қўлидами ёки
Кесакполвонга тутқазиладими — буни билмайди. «Ошна, бўлар иш бўлибди, энди четга чиқа
қол, оёқларим остида ўралашмай тур», дейдими ё Асадбекнинг ўзи «Ҳайдар ошнам, энди
сенинг ошиғинг олчи турибди, бу ёғига катта-катта босавер», деб бўйнини эгадими — буни ҳам
билмайди. Ҳар ҳолда Асадбек бўйнига арқон боғланса кўзларини жавдиратиб турувчи ахта
қўчқор эмас, бундай демаслигига Кесакполвоннинг ақли етиб турарди. Гапни ўзи бошласа
балоларга қолишига ҳам фаҳми етарди.
Асадбек қабристонга бориб келганидан сўнг у кетишга баҳона излади. Ашулачи келиб,
хиргойисини бошлагач, собиқ хўжайини, бўлажак тобеидан рухсат сўраб, кўчага чиқди.
Асадбек бу сафар одатига хилоф равишда уни дарвозага қадар кузатиб чиқиб «Раҳмат, ошнам»
деб, уни ҳайрат тўрига чирмаб қўйди. Шу пайтга қадар Кесакполвонни бу хонадонда биров
кутиб олмаган, биров кузатмаган. У ўз уйига қандай кириб-чиқса, бу ерда ҳам ўзини шундай
эркин тутарди. Асадбек кузатиб чиқиб «ошначилигимиз шу онда, шу остонада ниҳоясига етди,
энди сен бегонасан», демоқчи бўлдими? Асадбекда бундай фикр йўқ, беихтиёр тарзда кузатган
бўлса-да, Кесакполвон унинг ҳаракатини бегоналик сари қўйилган дастлабки қадам деб билди.
Кўнгил хиралашганича машинага ўтирганида Қози унга кутилмаган янгилик айтди:
— Қозихонада сизни масковлик меҳмон кутиб ўтирганмиш.
Бу хабар Кесакполвонга хуш ёқди. «Яхши, Хонгирей одам юборибди. Бек билан бўладиган
олди-бердини ўзи эплаштириб ташлайди», деб ўйлади.
Шу кайфиятда қозихонага кирган Кесакполвон Селимни кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушган
одамдай ажабланди. Шу сабабли қисқа салом-аликдан сўнг дабду-рустдан:
— Сени ким юборди? — деб сўради.
— Хонгирей, — деди Селим. — Сизга айтишмадими?
— Йўқ. Хонгирей билан қанақа алоқанг бор, сенинг?
— Ака-укачилигимиз бор, — деди Селим фахр билан. Ҳозир у кечагина Хонгирейнинг ҳузурида
пусиб, қалтираб турган Селим эмас, балки ўзидан бир неча поғона пастдаги тобедан лутфини
дариғ тутмай гаплашаётган хожа мартабасидаги одам эди. «Вақти келса бургани ҳам тақалаб
бера оламан», деб ўйловчи Селим ёлғон гапи билан Кесакполвонни жиловлаб олмоқчи эди.
Кесакполвон «қанақасига ака-укасан, Ҳосил «пишт» деса думингни қисиб туришингни
билмасмидим, Академикнинг дўппослаганини эшитмаганманми?» деб майдалашиб ўтирмади,
Селимнинг гапига ишонгандай бўлиб:
— Хонгирейни қачон кўрувдинг? — деб сўради.
— Уч кун аввал.
«Демак, Асад бормасидан олдин кўришган. Бу ҳеч нима билмайди», деб ўйлаган Кесакполвон
Селимни синаётгандек тикилиб туриб сўради:
— Хонгирей нима учун сени менга юборди? Мен кичкина бир одам бўлсам. Бу ерларнинг
хўжайини бор?
— Сабабини Хонгирейнинг ўзидан сўрайсиз. Менинг билганим шуки, бу томонлар энди
Хонгирейники. Бошқаларнинг тиши ўтмайди. Мен унинг вакилиман. Сиз билан бирга катта
ишлар қилишимиз керак. Энди тирикчилик бошқачароқ бўлади.
— Тирикчилик, дегин... Эшитгандирсан, битта одам мажлисда насиҳат қилибди: «Касал
бўлсангиз дўхтирга учранг, чунки дўхтирларнинг тирикчилиги бор. Дўхтир ёзиб берган дорини
албатта сотиб олинг, чунки дорифурушларнинг ҳам тирикчилиги бор. Лекин бу дориларни ича
кўрманг, чунки ўзингизнинг ҳам тирикчилигингиз бор». Ўша мажлисда гўрков ҳам ўтирган экан,
шарт ўрнидан туриб: «Ўртоқлар, бу одамнинг гапига қулоқ солманг, ўша дориларни албатта
ичинг, чунки менинг ҳам тирикчилигим бор», деган экан.
Селим кулиб, иягини қашиган бўлди-да:
— Гўрков бошқаларнинг ҳисобидан тирикчилик қилиб турар. Бизнинг ишимиз катта бўлади.
Лимонад сотиб юриш жонингизга тегмадими? — деди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |