www.ziyouz.com kutubxonasi
138
— Гапларингни қара, четга чиқиб сен билан юзкўр-мас бўлиб кетяпманми? Ўша ошналигимиз,
ўша қадрдонлигимиз бир мисқол ҳам камаймайди. Гўримга кетгунимча ёнингдаман. Фақат
ҳамма ишни ўзинг мустақил юритасан. Хонгирей мўлжаллаган ишда иккита ақлнинг биттаси
ортиқчалик қилади. Энди мен сенга иш буюрмайман. Ҳа, айтмоқчи, охирги марта битта иш
буюраман, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам бажарасан,— Асадбек ўрнидан туриб, қўлида
кўтариб кириб, столи устига қўйган газитга ўроғлиқ нарсани олди-да, Кесакполвонга узатди:
— Нима бу? —деб ажабланиб сўради Кесакполвон.
— Пул. Масковга кетмасимдан олдин Шарифнинг хотини берувди, — Асадбек гапининг
ёлғонлигини ошкор этиб қўймаслик учун ҳамсуҳбатга қаттиқ тикилди.
...У эрталаб барвақт туриб, қабристондаги учрашувни эслаган, кун ёйилганда, аёлнинг идорага
келишини истамай, уйига ўзи борган эди. Кесакполвон танимайдиган «қадрдонлардан биттаси»
шу аёл эди.
Чала қурилишни кўриб, «ҳали ҳам битириб беришмабди-да», деб ғашланган бўлса, эски
дарвозага осиқлиқ қулф уни ажаблантирди. Кўчага сув сепиб, супураётган қўшни аёлдан
буларнинг қаердалигини сўраб, «уйни сотиб кетишган», жавобини эшитди-ю, таажжуби янада
ошди.
Насиба болаларини олиб, онасиникига кўчиб кетган экан. Асадбек қўшни аёлдан унинг
манзилини билиб, қидириб борди. Шариф Намозовнинг уйидан ҳам ҳароброқ бўлган уйга
болалари билан кўчиб келган аёлнинг аҳволи қандай эканини биров айтмаса ҳам, Асадбек ҳис
этди. Асадбек ота уйига турли сабаблар туфайли қайтиб келган аёлларнинг қисмати ҳақидаги
гапларни кўп эшитган. Уйлар кўп, яшаш бемалол бўлган тақдирда ҳам бир қориндан тушган
жигарларнинг бир ҳовлида яшамоқлари жуда мушкул. Уйни сотиб келган бу аёлнинг ака-
укалари бордир, демак, уйнинг «келин» деб аталмиш норасмий эгалари бордир...
Асадбек шуларни ўйлаб, машинада ўтирганида Ҳалимжон Насибани бошлаб чиқди. Аёл
Асадбекни кўриб, бир тўхтаб олди. Сўнг чўчибгина яқинлашди. Асадбек уни бу қўрқувдан
қутқариш мақсадиди машина эшигини очиб, ўтирган ерида уни қаршилади.
— Маҳаллангизга йўлим тушувди, ғалати гапни эшитиб қолдим-ку? Синглим, уйни сотибсизми?
Насиба титроқ бармоқларини санаётгандай тикилиб қолди.
— Нега сотдингиз?
Насиба Асадбекка қараб олди. Унинг кўзларида ғазаб учқунини кўрмагач, сал дадилланиб, бир
хунук йигитнинг пул талаб қилгани, кейин болаларини ўғирлаб кетганини айтди.
— Шунақа экан, нега менга бориб айтмадингиз? — деди Асадбек гина оҳангида.
— Борувдим, касал экансиз, ёрдамчингиз «биз бунақа жиноят ишларга аралашмаймиз, бошқа
келманг», дедилар.
Асадбек бу гапни эшитиши билан кўз олдига дарров Кесакполвон келди. Чувриндининг бунақа
демаслигига амин бўлса-да:
— Бўйи узунроқ, гавдали, мендан сал ёшроқ одаммиди? — деб сўради.
— Йў-ўқ... бўйлари сиздан анча паст эди...
— Ҳа... қора чигирткага ўхшаганми?
Аёл «ҳа» ишорасини қилди.
— Қабристонда менга шуни айтмоқчимидингиз?
— Йўқ... ҳозир... — Насиба шундай деб тезгина изига қайтди-да, сал ўтмай, қўлида газетага
ўралган бир нимани Асадбекка узатди.
— Нима бу? — деб сўради Асадбек, газета ўрамига қўл узатмай.
— Бу... сотилган уйимизнинг қолган пули.
— Нима? — Асадбек «бу хотиннинг эси соғми?» дегандай тикилиб қаради. — Бу пулни... нега
менга бер-япсиз? Ё... эрингиз васият қилувдими?
— Шариф акамнинг бир оғиз сўзларига зор бўлиб қолдик-ку... — Насиба шундай деб хўрсинди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |