www.ziyouz.com kutubxonasi
141
кечаги сўроқ пайтида эшитган маълумотларини солиштириб, текшириб олиш пайида эди.
«Атторнинг қутисида йўқ гаплар»нинг тугаб қолгани Зоҳидни сўроқни бошлашга даъват этди.
— Опа, у воқеага саккиз ой бўляпти. Кўп нарсалар хаёлингиздан кўтарилгандир. Баъзи
нарсаларни сўрасаму эслолмасангиз, ҳижолат бўлманг, — деди Зоҳид меҳрли оҳангда. У
«самимий тарзда гапирсам, аёлнинг кўнгли юмшаб, кўпроқ гап оларман», деб янглишди.
Ойсанам биргина ширин сўзга кўнгли ийиб кетадиган тоифадан эмасди. Болалигидаги
қийинчиликлар уни то муддаога етмагунича сув келса симиришга, тош келса кемиришга
ўргатган эди.
Бу хонадаги айни ҳолатнинг ажабланарли ери шунда эдики, терговчи бўлмиш Зоҳид рўпарада
ўтирган хушсурат аёлнинг, ҳуқуқшунослик тили билан айтилганда ҳозирча жабрланувчи ва
қисман гувоҳнинг кўнгли юмшашидан умидвор эди.
Ёшлик гўзаллиги билан видолашишни истамаётган Ойсанам эса, Зоҳиддан фарқсиз ўлароқ,
қаршисидаги «ғўр» терговчининг кўнгли юмшаши оқибатида талабини амалга ошириш умиди
билан ўтирарди. Зоҳиднинг гапларини эшитгач:
— Сўроқларингизга тўппа-тўғри жавоб бераман. Ке-йин акамни чиқариб юборасизми? — деб
сўради.
Зоҳид «Ўзимнинг ҳам шундай ниятим бор эди, аммо, акангизнинг қамоқда ўтиргани ўзи учун
фойдали. Балки унда бировнинг қасди бордир, балки эрингизнинг қотили акангизни ҳам даф
қилар?» деб ниятини ошкор қилишдан ўзини тийди. Аёлга тикилиб туриб, истеҳзоли
жилмайди-да:
— Опа, бунақа олди-берди бозорда бўлади. Бу ер прокуратура, — деб аёлнинг попугини сал
пасайтиргач, сўроқни бошлади: — Акангиз эрингизнинг йўқолгани ҳақидаги хабарни сизга қай
вақтда айтдилар? Тахминан пешин пайтлари эдими?
— Йўқ, кеч кирувди. Соат ўнтакам тўққиз эди.
Ойсанамнинг ўйлаб ўтирмай аниқ жавоб қайтариши Зоҳиднинг эътиборидан четда қолмади.
— Демак, йигирмаю эллик. Шу аниқми? — деб сўради аёлдан кўзларини узмай.
— Аниқ. Ўғлим Масковдан бериладиган «Хайрли тун»ни яхши кўради. Степашка билан
чўчқачанинг гаплари тамом бўлиб, мултфилм бошланганида акам кириб келувдилар.
«Тўғри», — деб ўйлади Зоҳид, Эшпўлатовнинг сўроқдаги жавобини эслаб. Эшпўлатов уйга
кириб келганида синглиси билан жиянининг мултфилм кўриб ўтиришганини айтган эди. Ҳар
икки жавобнинг бу қадар бир-бирига аниқ мос келиши Зоҳид учун муҳим бир илгак каби
туюлди.
— Эрингиз эрталаб ишга бормаган, ўйнашиникида ҳам йўқ, — Зоҳид бу сафар дангалига
«ўйнаши» де- ди-ю, гапи қандай таъсир этишини билмоқ учун бир нафас сукут қилди.
«Ўйнаш» деган сўздан Ойсанам ғашланмагач, Зоҳид гапини давом эттирди: — Акангиз бу орада
уйингизга бир келиб кетмадиларми?
— Келиб-кетдилар, лекин индамадилар.
— «Нега бир ўзингиз келдингиз, эрим қани, кечаси ҳам келмади», деб сўрамадингизми?
— Сўраб нима қиламан? Акам йўллари тушса чой-пой ичгани кириб турардилар. Эримнинг
улфатлари кўп. Кўпинча тонготар ўтиришади. Келмай қолишларига кўникиб кетганман.
— Фақат улфатлариникида қолармидилар?
— Мақсадингизни очиқроқ айтаверинг: ўйнаши демоқчимисиз?
— Ўйнашлари борлигини билармидингиз?
— Билардим, лекин бошқаларга ўхшаб куйиб-ёнмасдим. Худо инсоф берсин, дердим.
— Кўнглингиз кенг экан.
— Кенг бўлди нима-ю, тор бўлди нима? Униси ҳам бир бало, буниси ҳам. Ҳозир ўйнаш
тутмайдиган эркак борми ўзи?
— Агар дунёга сизнинг кўзларингиз билан қаралса, йўқдир?
— Келинг, бу ҳақда гаплашмайлик, — деди Ойсанам қўл силтаб. — Мен институтларда
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |