www.ziyouz.com kutubxonasi
142
ўқимасам ҳам, ҳаётнинг ҳар қанақа дарсларини кўрганман. Сиз «мени эрингизга ўхшатманг,
ўйнашим йўқ», демоқчисиз-да, а? Тўғри, ҳозир йўқдур. Ҳозир ёшсиз.Eр-хотин бир-
бирларингизнинг жонларингизга текканингиз йўқ. Яна беш-ўн йилдан кейин ҳар қандай сулув
хотин ҳам эри учун «пуф сассиқ» бўлиб қолади. Кўнгил янгисини тусайверади. Хотинидан беш
баттар исқиртроқ бўлса ҳам майли, янгиси топилса бас! Сиз билан ўшанда гаплашаман, ука.
— Келинг опа, бу ҳақда ҳозир ҳам, беш-ўн йилдан кейин ҳам гаплашмайлик. Шу топда
иккаламиз ҳал қилиб оладиган бошқа муҳимроқ муаммо бор. Демак, акангиз келганларида
ўғлингиз билан телевизор кўрятувдингиз, а? Қайси мултфилм эди, эсингиздами?
— Мултфилмни эримнинг ўлимига нима алоқаси бор? — деди Ойсанам норози оҳангда.
— Қандай алоқаси борлигини кейинроқ айтаман сизга. Ҳозир эса эслашга ҳаракат қилинг. —
Зоҳид «бу хонанинг эгаси менман, савол бердимми, демак, жавоб олишим шарт», дегандай
стол устига икки-уч черт-ди. Ойсанам унинг бармоқларига қараб қўйди-да, сўнг нигоҳини
дераза оша ташқарига қадади.
— «Сеними, шошмай тур!» эмасмиди? — деб ёрдам бермоқчи бўлди Зоҳид.
— Йўқ, у эмасди. Ҳа, «Винни Пух» эди. Акам кириб келганларида ўғлим «Ана, Винни Пух тоғам
келдилар», деб, мендан қулоқ чўзма евди.
«Бунчалар аниқлик! Бунчалар хотира! Эрининг йўқолгани ҳақидаги ташвишли хабар, сўнг
ўликнинг сувдан топилгани... бу ғам-аламлар ҳам хотирага таъсир этмабди-да? Хўп, бунинг-ку
ўғли «Винни Пух тоғам келдилар» деган экан, Эшпўлатов-чи? У мултфилмни нега эслаб
қолди?» Зоҳид шу ўринда калаванинг бир учини топгандай кўнгли ёришиб, савол-жавобни шу
мавзу атрофида давом эттирди:
— Мултфилмни охиригача кўрдингизми?
— Мен чой дамлагани турдим. Ўғлим тоғаси билан бирга ўтириб кўрди.
— Демак, акангиз хавотирларини сизга дарров билдирмаганлар?
— Шунақа бўлди. Мени қўрқиб кетмасин, дегандирлар. Бир пиёла чойни совутиб ичиб, кейин
айтдилар.
— Нима деганлари эсингиздами?
— «Eринг йўқолиб қолганга ўхшайди, нима қиламиз, милисага хабар берамизми?» дедилар.
— Сиз нима дедингиз?
— Нима дердим, юрагим шув этиб кетди. Қўлларим қалтираб, гапиролмай қолдим. Ўзи
эрталабдан кўнглим ғаш эди.
— Демак, сал ўзингизга келволиб, сўнг милитсияга хабар қилдингларми?
— Йўқ, аввалига ўртоқларини чақиртирдим. Болаликдан бирга катта бўлган оғайнилари бор,
менга ишонмаган сирларини ҳам ўша кишига айтардилар.
— Толмас Хайриевми?
— Ҳа, буларни олдинги терговчига ҳам айтганман.
— Биламан.
Шу пайт эшик очилиб, остонада Ҳамдам Толипов кўринди. «Ие, банд экансан-ку, чиқиб
турайми, нима қилай?» дегандай Зоҳидга савол назари билан қаради. Хона соҳибидан бир
ишорат бўлмагач, «гаплари зарурмасдир», деган фикрда ичкари кирди-да: «Қалайсан, ўртоқ
прокурор!» деб сўрашди. Сўнг зийрак нигоҳини Ойсанамга қадаб, у билан ҳам саломлашди.
Зоҳид Ҳамдамнинг ҳеч бир лутфсиз тўғри кириб келаверишига кўникиб қолгани учун унга
«сабр қилинг», деб ишора қилмаган эди. Сўроқни унинг иштирокида давом эттиргиси келмай,
Ойсанамнинг қўлидан рухсатномани олиб, имзо чекди-да:
— Бир-икки кундан сўнг яна учрашамиз, — деди.
Ойсанам суҳбатнинг бу қадар кутилмаган тарзда узилишига сабабчи бўлган Ҳамдамга норози
қиёфада бир қараб олди-да, иложсиз равишда ўрнидан турди. Сўнг:
— Акамни қачон чиқарасиз? — деб сўради.
— Вақти келганда айтамиз.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |