www.ziyouz.com kutubxonasi
146
ейиш эмас, балки Бек акаларига бир кўриниш бериб қўйиш. Гапдан гап чиқса, бу ниятни ҳам
тан олмайдилар. «Марҳумнинг ҳурмати» деб тиржайиб тураверадилар. Қизиқ, марҳумнинг
ҳурматини ош белгилайдими? Уч юз кило гуруч дамланса — ўликнинг ҳурматига гап йўқ! Юз
кило дамланса ҳурмат сал мундайроқ, эллик-ўттизда эса шунга яраша. «Йигирма оши»
берилмаса марҳумнинг ҳурмати умуман йўқ бўладими?.. Акам ўлганларида ўн беш кило гуруч
дамлаб ош дамлаганидик. Демак, ҳурмат ҳам салкам нол эканда?..»
Бу фикр Зоҳиднинг ўзига малол келиб, пешонасини тириштирди. Юришдан тўхтади.
Eсида бор, акасининг жанозасини ўқишдан олдин имом бир оз маъруза қилиб, «Исломда
йигирма, қирқ, йил оши деган гаплар йўқ, бидъатлардан қочингизлар», деб огоҳлантирди. Ҳар
нарсага рози бўлаверадиган отаси бу даъватга ҳам кўнди. Аммо тоғаси «Вой почча, гувала
кўмганимиз йўқ-ку, чоғингиз келмаса мен берай ошни», деб ғашга теккач, маҳалла билан
маслаҳатлашиб, ўн беш кило ош дамлатган эди. «Сабзи тўғраш» деган маросимга келган
имомни кўриб Зоҳид «Ўша куни шунчаки бир гапириб қўйган экан-да», деб ўйлади. Аммо имом
узатилган чойни олмагач, гапига диққат билан қулоқ тутган эди. «Биродар, имомнинг гапини
олмас экансиз, нима қилардингиз жаноза ўқитиб?»
Бу гапни эшитиб отасининг ранги оқариб кетган, Зоҳиднинг баданида ҳам ғалати титроқ
уйғонган эди.
«Биз билиб айтамиз, билмасак, салла-чопонни сизга ўхшаган «доно»ларга топшириб, елкага
кетмонимизни ташлаб жўнаворамиз. Берадурган ошингизнинг мар-ҳумга нафи борми? Нафи
бўлса майли, ўн беш эмас, юз эллик кило гуруч дамланг. «Eҳсон қилиш керак», деб
ўргатишган-да, сизга? Эҳсон, биродар, ночорларга қилинади. Тўқ одамларга эмас. Агар эртага
ночор, чопони йиртиқ одам келса, унга «тўхта, аввал бу тўқлар тўйиб олишсин», дейсиз. Ё
демайсизми? Ночорга ёки гадога сарқитни берасиз. Шуми, сизнинг эҳсонингиз?»
Ўшанда имом шу гаплар билан кифояланиб, чиқиб кетган эди. Оз гапирса ҳам юракни тилиб,
туз сепиб қўйгандай бўлганди. Кўп оғир гапларни ичига ютувчи отаси бу маломатни ҳазм қила
олмай, чуқур «уф» торт-гандан кейин хўрсиниб: «Бунинг гапига кирсам бир бало, кирмасам
яна бир бало» деб қўйганди.
Акасининг ўша маъракасида Зоҳидга жуда қаттиқ таъсир қилган яна бир воқеа юз берганди.
Зоҳид у дамда ўлим ларзасидан қутилмаган, бутун борлиғию руҳи карахт ҳолатида эди.
Имомнинг айтган гапларини, маърака қилиш шартми ё лозим эмасми деган муаммони ҳазм
қилмай туриб, эрталаб...
Маърака ошига келаётганлар орасида қотилларнинг оталари, акаларини кўриб аввал
ҳайратдан донг қотди. Сўнг дод деб юборай деди. Дадасига қараган эди, у «жим бўл, ўзингни
бос», деган маънода лабини қимтиб қўйди. «Бу қанақаси ўзи, уялмай-нетмай ош егани
келишяптими? Томоқларидан овқат қандай ўтади?» деган ўйда уларнинг изидан ҳовлига кириб
ош ошашларини кўрмоқчи бўлган эди. Ўшанда отасининг таъқиб этувчи нигоҳига бўйсунмай
ичкарига кирганида уларнинг номигагина нон тишлаб, ошдан бир чўқимгина еганларини
кўрган бўларди. Ана ўшанда уларга нақадар оғир эканини тушунарди. Уларнинг не ҳижолатлар
билан бу хонадонга яқинлашганлари Зоҳидга номаълум эди. Яхшики, Зоҳиднинг отаси вазмин
табиатли одам. Агар ўзини тутолмай «Сенларнинг ўғилларинг менинг ўғлимни ўлдирди», деб
лаънатлай бошлаганида, унга Зоҳид қўшилганида нима қила олишарди, бошларини ҳам қилиб
изларига қайтишдан ўзга чора топа олармидилар? «Мингдан минг розимиз, ана ўғилларимизни
ўз қўлингиз билан ўлдиринг, хун олинг, хумордан чиқинг», деганларида ҳам маломатдан
қутула олмас эдилар-ку?
Ўша манзара кўзи олдига келгач, Зоҳид Ҳамдамга қўшилиб эрталаб бериладиган ошга боришни
истаб қолди. Чувриндининг фожиаси сабабини аниқ билмаса ҳам, «қасддан ўлдирилган», деган
тахминда юрган Зоҳиднинг назарида наҳорги ошга қотил ҳам келадигандай эди. Ҳа, буюртмачи
эмас, айнан қотилнинг ўзи! Балки... акси бўлар, қотил эмас, буюртмачилар савлат тўкиб
келишар? Тумонат одамлар орасида уларни ажратиб олиш мумкинмикин?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |