www.ziyouz.com kutubxonasi
126
Опа-сингил бир-бировига туннинг хайрли ўтмоғини тилаб, уй-уйига киргач, ўзларини олам аро
ёлғиз қолгандек ҳис этдилар. Бундаги ҳамма нарса улар учун бегона эди. Бу ялтироқ
пардаларни, серҳашам қандилларни, жавон тўла идиш-товоқларни Оврупо тарбиясини олган
қизларнинг дидлари ҳазм қилолмас эди. Ортиқча ҳашамсиз, латифлик ила уй тутишга кўниккан
қизларга бу уйдаги безагу анжомлар оғир юкдай туюлиб, худди бошлари устига бостириб
келаётгандай бўлаверди. Ҳам бу оғирлик, ҳам ёлғизлик уларни дастлабки онданоқ сиқувга
олди. Хоним Хадичанинг тарбиясига кўра, улар зериккан дақиқаларида китоб билан ҳамроз
бўлардилар. Уларнинг хоналаридаги жавон безаклар билан эмас, турли тилларда, турли
мамлакатларда нашр этилган китоблар билан банд эди. Опа-сингилларнинг ўзлари учун
ажратилган келинлик хоналарига киргандаги дастлабки ажабланишлари ҳам жавонда бирорта
китоб йўқлиги бўлди.
Қизлар лозим бўлганда руҳларига далда берувчи китоблардан беш-ўнтасини олволган эдилар.
Аммо ҳозир, ёлғизлик омбурига маҳкум онларида халоскор бўла олгувчи бу китоблар эрлари
билан биргаликда Москвада қолган...
Чўлпоной бир оз енгил тортиш мақсадида ичкарига кириб, юз-қўлини муздек сувга ювиб чиқди.
Хонанинг чироғини ёқмай, дераза пардасини сурди. Шунда кўзлари самодаги ҳилолга тушиб,
«алҳамдулиллаҳ!» деб пичирлади. Худди соғинган кишисига етишгандай, уч кунлик Ойга
суқланиб боқди. «Бу ернинг осмони биз томонлардан тамизроқ, тиниқроқ экан, — деб ўйлади
у. — Ойнинг нури-да, юлдузларнинг нурлари-да тамизроқ. Одамлари-да шундай бўлсин,
иншооллоҳ» Чўлпоной яна бир оз осмонга мафтун ҳолда тикилиб тургач, синглисининг
ҳузурига ошиқди.
Тунги чироқни ёқиб, юмшоқ оромкурсида ўтирган Муштарий опасининг кириб келишидан
қувониб кетди.
— Бу не ҳолки, ақлим лол, — деди у ўрнидан туриб. — Айрилиқ кишани урилган маҳкума
мартабасига етушмагимиз муборак ўлсун.
— Зинҳор! Ақлингиз лол-у ҳайрон бўлмасин, юлдузим, — деди Чўлпоной, синглисини худди
онаси каби эркалаб. — Бери келинг-чи, кўкка бир боқинг-чи...
Бу хона деразасидаги парда ҳам сурилиб, Муштарий ҳилолга опаси сингари соғиниб боқди.
Сўнг худди ўзига ўзи гапираётган девонаваш сингари пичирлади:
Жон қасди кўп этти ёр ҳижрони манга,
Хирмон ўқин урди улчи имкони манга,
Гар бўлса мутеъ чарх даврони манга
Еткурса мен ул ойға ё они манга.*
— Бале, юлдузим! — Чўлпоной енгил қарсак чалиб, синглисини олқишлади. Бу олқиш айнан
Гулузор бегимники эди. Қизларини мақтагиси келса шундай деб, енгил қарсак чалиб қўярди.
Чўлпоной уйларида баъзан атайин, баъзан беихтиёр тақлидан равишда онасининг гапларини
айтиб, қилиқларини такрорлаб турарди. Муштарий уйда бунга эътибор бермас эди. Ҳозирги
аҳволида онасининг эркалашлари ёдига тушиб, бир энтикди-ю, опасини енгил қучиб, елкасига
бошини қўйди.
— Тингланг-чи, юлдузим, ҳилол биза бир ширин хабар шивирлайдир, — деди Чўлпоной
синглисининг сочидан ўпиб. — Бу хабардин айрилиқ зиндонида тут-қун бўлганлар таскин
топгайлар.
Муштарий бир оз жим турди. Худди сукунатга қулоқ тутиб опаси айтмоқчи, ҳилолнинг
шивирлашларини эшитгандек бўлди. Сўнг бошини кўтариб Чўлпонойга тикилди:
— Оллоҳ, Оллоҳ, айрилиқ шомининг зимзиёлиги қанчалар дилни хуфтону жонни саргардон
этгувчи эмиш.
Чўлпоной синглисининг дардли гапларини эшитиб, кулимсиради-да, қошлари, юзларини силай
туриб, деди:
— Ваҳ, ваҳ! Висол тонгининг равшанлиги қанчалар дилга ёқимлигу жонни қувонтиргувчи
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |