www.ziyouz.com kutubxonasi
127
эмиш...
Муштарий ўзини мажбурлаб жилмайди-да, жойига қайтди. Опасидан илгарироқ ўтириб, ҳурмат
қоидасига хилоф қилганини англади-ю, чаққон туриб, Чўлпон-ойга узрли нигоҳ билан қаради.
Чўлпоной синглисининг ёнига ўтиб ўтиргач, Муштарий енгил хўрсинди:
— Кўнглим бир қаҳва истар. Бунда бир хизматкор борми экан? Зайнаб хонимдан сўрамагимиз
лозим эди.
— Пича сабр этинг, юлдузим. Дарровда бирон нимарса сўрамагимиз одоб саналмас.
— Ажойиб қизиқ қурилмиш бу уйлар. Сайр қилмоққа боғ ҳеч йўқтур. Одамлари-да ажойиб
қизиқдурлар. Ўтирарлар, таом ерлар, сўнгсиз гапирарлар. Гапира-гапира чарчамаслар, таом
ея-ея толиқмаслар, узоқ вақт ўтира-ўтира ҳормаслар. Кўрдимки, мусулмон юрт бўлса-да, бунда
намоз қилмаслар.
— Бу менга-да ажаб туюлди. Насроний юртда намоз қилмаслик бизим учун айб эди, бунда айб
эмас кўринадур. Бу сизнинг учун муддаонинг ўзи эмасдурми, деб хавотир қилурман.
Муштарий опасидан фарқли ўлароқ, уйда эканида намозга кўп ҳам эътибор бермас, ҳушига
келса ўқир, бўлмаса йўқ эди. Чўлпоной ҳозир унинг шу одатига шама қилиб, айёрона кулиб
қўйди. Умр йўлдошларининг доктор Худоёр таъсирида ўша ерда намозга ўрганганлари,
уларнинг ҳам ибодатда собит эмасликларини улар ҳам билмас эдилар.
Асадбек ўғиллари билан меҳмонхонада тонг оттирган азобли кечада унинг хонадонида она ва
қиз, опа ва сингил дунёнинг шўришларидан паришон ўтиришган эди.
Eртасига қайноталарига салом бераётганларида суюклиларига ўғринча қараб олишгач, кўнгил
осмонида қуёш чарақлади.
___________
* Ҳазрат Алишер Навоийдан. Мазмуни: Ёр фироғи жонимга кўп қасд этти, айрилиқ ўқи эса
танимни нишон этти. Агар фалак менинг ҳукмимга бўйсунса эди, ўша Ойни менга ё мени унга
еткурса эди.
4
Дастлабки кунлардаги келди-кетдилар камайгач, опа-сингиллар зерика бошладилар.
Абдусамад билан Абдулҳамид соғинган ошналари билан чойхоналардаги ўтиришларини бошлаб
юборишгач, улар аввалига ажабланишди. Сўнг бу ерларнинг одатича «ер-хотин биргаликда
судралиб юрмасликларини» билиб, афсус чодирига ўралганча бунга ҳам кўникишди.
Улар учун бу хонадонда бирдан-бир юпанч — Зайнаб эди. Эрлари ошхўрликларга кетган
дамларда улар Зайнаб билан шаҳар сайрига чиқдилар. Элчинни ҳам йўқладилар.
Бир куни чой ичишиб ўтиришганда Муштарий:
— Зайнабхоним, сиз биза кутубхонангизи кўрсатмайсиз? — деб қолди.
Зайнаб онаси билан кўз уриштириб олиб, жавобга тараддудланди. Чунки кийим-кечагу
безаклардан кам-кўсти бўлмаган бу жувоннинг кутубхонаси йўқ эди. Тўғри, у китоб ўқирди,
баъзан дугоналари мақтаган асарни уч-тўрт кунга сўраб оларди, баъзида эса ўзи ҳам харид
қиларди. Уйдаги китобни биров олгани, қайтиб бермагани билан иши йўқ эди. Китобларни
тўплаб, кутубхона шаклида тартиб беришни эса ўйламасди. Келин аясининг саволидан шу
сабабли ҳам хижолат бўлди. Ўзини мутолаасиз, жоҳил қилиб кўрсатиб қўймаслик учун:
— Кутубхона нариги уйимда, — деб оғир вазиятдан қутулди.
— Сўрамакка ижоза веринг, Зайнаб хонум, мумкинмикин билмагимиз: бунларда қайси бир
китоб чўх севилиб ўқиюлур?
Бу саволга жавоб тайёр бўлишига қарамасдан Зайнаб «айтаверайми?» дегандай онасига қараб
олди. Манзура бу қарашни бошқача тушуниб, «ёшларнинг гапларига ҳалал бермай», деган
фикрда ўрнидан туриб, чиқди. Қайнонанинг ҳурмати юзасидан ўринларидан туришган
келинпошшалар жойларига қайтишгач, саволга жавоб кутиб, Зайнабга қарашди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |