www.ziyouz.com kutubxonasi
132
кетаверарди. Уни ташвишга солаётган нарса Асадбек томонидан бўлажак ногаҳоний ҳужум эди.
Асадбек Москвага кетганида бу ташвиш бир оз чекинган, ўзига далда берувчи баҳонаю
сабаблар топган эди. Асадбек қайтиб, кўз кўзга тушдию хавотир чўғи аланга ола бошлади.
Яйдоқ даладаги кўйлакчан одам дўлда қолса — ўлиши тайин. Кесакполвонни Асадбекнинг
дўлларидан Хонгирей асрайдими ё кўйлакчан ҳолича дала ўртасига ташлаб қўяверадими?
Қозихонадаги эски кўрпача устига ёнбошлаган Кесакполвон дўлдан ҳимоя қилиш чораларини
ўйларди. Хаёлига бир фикр ярқ этиб урилди-ю, қаддини кўтариб, чордона қуриб ўтириб олди.
Хожасидаги бу ўзгаришдан ажабланган Қози ўрнидан туриб «Хизмат, хўжайин», дегандай қўл
қовуштирди. Кесакполвон «нега туриб олдинг?» дегандай унга ҳайронлик билан қаради-да:
— Нима буюргансан, димламами ё қозонкабобми?— деб сўради.
— Ош дегандай бўлувдингиз... — Қози шундай де-ди-ю, эгасидан тепки ейишдан қўрқиб
думини қисган ит ҳолига тушди.
Кесакполвон Селим билан кўришмай туриб, чойхона ҳовлисидан ўтаётганида ош буюрганини
эслади, бироқ, сир бой бермай:
— Ош еявериб ичаклар пресс бўлиб кетди. Чиқиб айт, ёғлироқ гўшт босишсин, — деди.
Қози чиқиб кетгач, қаддини кўтаришга мажбур этган фикрга қайтди. У Асадбекнинг қаҳридан
қутулиш йўлини топгандай бўлди: эртага тонгдаёқ қаймоқ кўтариб Асадбекникига боришни,
нонуштада биргалашиб қаймоқхўрлик қилишни, сўнг «Маҳмудни мен ўлдиртирдим», деб тан
олишни режа қилди. Унингча «Маҳмуд сенга хиёнат қилиб Хонгирей билан тил
бириктираётганини билиб қолдим. Ўзинг айтгансан, бизда хиёнатчига айтадиган гап битта
бўлади... Сенга билдирмаганимнинг сабаби: уни ўзим топиб, ўзим тарбия қилган эдим.
Гуноҳига шерикман. Шунинг учун ўзим йўқ қилдим», деган гапларига Асадбек оз бўлса-да
ишониши керак эди. Шубҳасиз, у «ўзинг-чи, Хонгирейга қандай илакишиб қолдинг?» деб
сўрайди. Кесакполвоннинг мўлжалича, жавобнинг «хўр-рози» шу саволга қайтарилади:
«Хонгирей хитланиб, сенга осилмасин, деб номигагина яқинлашдим».
Ўзининг бу кашфиётидан қувонган Кесакполвоннинг чеҳраси очилиб, қозонкабобни буюриб
қайтган Қозига бир-икки ҳазил қилди.
Маишатлари якун топиб, кўчага чиқишгач, Кесакполвон «Қаерга борсам экан?» деб ўйланиб
қолди. Хотинининг Японияга, қизи билан сартарошнинг Ленинградга жўнаши ҳақидаги гап-
сўзларни эслаб, уйига боргиси келмади. Хотини бугун эрталаб «ери ўлган Ойсанам»нинг
Японияга отланаётганини яна гапирганида «шу момақаймоқни анчадан бери кўрмадим-а», деб
ўйлаган эди. Ҳозир ўша армонга барҳам бериб, жувонни кўрмоқ истагида машина сари юрди.
Ҳайдовчи ўрнига ўтирмоқчи бўлган Қозини тўхтатиб, сўради:
— Дўхтирни топдингми?
— Уйидагилар айтишмаяпти.
— Бек аканг келди-я! Намунча лаллаясан, ҳеббим! Уйидагилар айтмаётган бўлса битта
боласини анави ерга тиқиб қўйгин, сайраганини ўзи ҳам билмай қолсин. Нима, шунга ҳам ақл
керакми?
Кесакполвон шундай деб сўкинди-да, ҳайдовчи ўрнига ўзи ўтирди.
2
Ойсанам... Киприклари узун-узун, қошлари камон, яна минг йил яшасам ҳам чиройимни бой
бермайман, дегувчи латофат эгаси Кесакполвоннинг хаёлини ўзига тортган эди. Кесакполвон
Ойсанамнинг онаси Кунсанамни эркалаб «қиз ўртоғим» дерди. У дастлаб қамоққа тушганида
ўғрилик билан нон топиш, тирикчилик қилиш осон эмаслигини англади. «Детдом боласиман»,
деб болаларга зўрлик қилиш замони ўтган, ўғрилар оламида етарли обрўга эга бўлиш учун
лозим зеҳн, тадбирнинг ўзида йўқлиги, охир-оқибат хорлик жандасига ўрашини ҳам фаҳмлаб,
«сендан бошқа менинг кимим бор?!» деб кўз ёши тўкиб, Асадбекнинг этагидан маҳкам тутди.
Кесакполвоннинг умри бўйи қилган энг ақлли иши ҳам шу эди. Дам-бадам уйғонувчи «Мен
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |