www.ziyouz.com kutubxonasi
115
очиқ, нафас олиши ҳам бир меёр-да — жон бераётган одамга ўхшамас эди.
— Асад, келдингми, тойчоқ болам, — деди у тетик овозда. Сўнг Асадбек билан изма-из кириб
келган Жалилга кулимсираб қаради: — Ҳа, шалпангқулоқ, сенам келдингми? Ишқилиб Худо
сенларни бир-бирларингдан айирмасин. Шалпангқулоқ, бормисан, бу дунёда? Юз сўмлик
пулдай йўқ бўлиб кетдинг-ку, а? Асаддан гинам йўқ, унинг иши кўп. Сен салти-свой одамсан,
сени сўксам ҳам арзийди.
— Нима бўлса ҳам балога қолувчи Жалил-да, а? Бу тойчоғингизни мен етаклаб келдим. Ой
чиқса ҳам шунга чиқсин, кун чиқса ҳам шунга, а? Бу қанақа ётиш, отагинам?
— Бу ётишми... Оталарингни соғиндим. Ёғоч отга миниб би-ир йўлга чиқадиган бўлиб
турибман.
— Адаларимизнинг сизга кўзлари учиб тургани йўқдир, биз билан отамлашиб юраверинг. Ёғоч
отни ҳам қўйинг, бу ёқда ота бўлиб қилиб берадиган ишларингиз чиқиб турибди.
— Хайрли ишми, ишқилиб? — Шорасул ака шундай деб Асадбекка қаради.
— Хайрли ишларнинг додахўжаси, — деди Жалил.— Тойчоғингиз ўғилларини уйлантиряпти.
Энди тойчоқ демасангиз ҳам бўлади. От бўлиб қолди. Озгина эшшаклиги ҳам бор-у лекин
сизнинг ҳурматингизни қилиб «от» десак ҳам бўлар.
— Тойчоқ, ошнангдан хафа бўлма, бунинг онаси гармдорига бош-қоронғу бўлган-да.
— Отагинам, онамни қўя туринг. Келинлар қаердан, деб сўрасангиз-чи?
— Сўраш учун сен бировга гап берасанми, қани айтавер-чи?
— Келинпошшалар сиз етиб боролмаган нақ Гирмоннинг ўзидан.
— Гирмондан дейсанми? — у ўрнидан бир қимирлаб олиб, ажабланганини яширмай Асадбекка
тикилди.
— Ҳа, Гирмондан, лекин сиз ўйлагандай Гитлернинг жиянлари эмас улар. Ўша ерда қўниб
қолган бир ўзбек бойнинг қизлари экан. Ака-ука божа бўлишяпти. Тойчоғингизнинг омади
юриб қолган, ҳозир хўрози ҳам тухум қиляпти. Ана энди ўрнингиздан «бисмилло» деб турасизу
бир тоғорагина норин, бир челак нишолдани кўтариб, бўрдоқини судраб Гирмонга тўй олиб
борасиз. Шалпангқулоқ болангиздан ор қилмасангиз ёнингизга олволарсиз, қўйни етаклаб
юрар...
Шорасул ака соғ пайтида Жалил билан унча-бунча ҳазил қилиб турарди. Ҳозир ҳазил гапларга
майл билдирмади. Асадбекдан кўз узмаган ҳолда Жалилдан илтимос қилди:
— Сен чиқиб тур, тойчоққа айтадиган гапим бор.
Жалил илтимос оҳангидаги амрга итоат этди. Даҳлизга чиқиб, эшик ортида турган Тўхтахонга
«гап пойлаяпсанми?» дегандай қараб қўйди.
— Адангни олиб келармишсан, ростми? — деб сўради Шорасул ака, Жалил чиқиб кетгач.
— Аниқ бир қарорга келганим йўқ, — деб жавоб берди Асадбек. — Биров олиб кел, дейди,
биров безовта қилма, дейди. Ҳайронман.
— Безовта қилмаслик яхши-я... лекин олиб келганинг маъқул. Бегона юртларда ётмасин... Олиб
келсанг... ёнимга қўй, хўпми, тойчоғим?
Кейинги гапни ёш болага гапираётгандай ширин оҳангда айтди. Отаси қамалган кунлари
Асадбек нон дўконида умидвор бўлиб турганида худди шундай ширин оҳангга зор эди. Амаки
қаторидаги бу азиз одам ширин оҳангини ўлими олдидан айтиш учун асраб қолганмиди?
— Унгача бир иш қиласан: адангнинг қабридан тупроқ олиб келувдинг, а? Озгинасини
онангнинг қабрига тўкувдингми? Қолгани-чи? Қолгани турибдими?
— Ҳа, — Асадбек шундай дейишга деди-ю, ўйланиб қолди. Ўшанда Манзура «Адаси, мозорнинг
тупроғини бекорга олиб келибсиз, хосияти йўқ, мозорга олиб бориб ташлаш керак» деган эди.
Асадбек «билганингни қил», девди. Ҳозир шуни эслаб «ташлаб юборган бўлса-чи?» деб
ўйлади.
— Ўша тупроқдан бир ҳовучини менга атайсан. Кўмаётганларингда гўрковга берсанг, бошимга
қўйиладиган гувала устига сочади. У тупроқда адангнинг ҳиди бор-да...
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |