www.ziyouz.com kutubxonasi
111
Мозорбошига қараб юраётган Асадбекнинг кўнглидан шу сўзлар кечди.
Касали оғирлашганда «ота-онам ёнларига чақи- ришяпти, вақт етган бўлса бораман-да, илож
қанча?» деб ўйлаганди. Унда ўғиллари тақдиридан кўнгли тўқ эди. Зайнабни ҳам хорижга
жўнатиб юборса, армонсиз, таҳликасиз кетиши мумкин эди. Аввал келганда «мени чорламанг»,
деб ялинмовди. Энди болаларини бундай аҳволда ташлаб кета олмайди. Ҳаққи йўқ ташлаб
кетишга!
Худога эмас, чириб ётган мурдага ялинди бу ғофил банда.
У озгина бўлса-да яшамоқни, хонадони тепасидаги бало булутини ҳайдамоқни, оиласига бахтни
қайтармоқни истарди.
Истарди... лекин...
Бу бахти қора бахтли бўлмоғи учун толеъ юлдузининг зулм зулматидан чиқиб, саодат буржига
юз буриши зарурлигига ақли қосирлик қиларди.
Гуноҳлар кирини пушаймонлик ва тавба ёши юва олишини ким билмайди? Унда эса тавба ҳам
йўқ, кўз ёши ҳам йўқ.
Жамшид бошлаб келган гўрков ўзи билганича тиловат қилгач, Асадбек унинг чўнтагига пул
солди-да, онасига қўйилган қора мармар тош ёнидаги янги қабр-га имлаб:
— Бу ерга ким келди? — деб сўради. Кейин таҳдид эмас, афсус оҳангида қўшиб қўйди: — Бу
ерга одам қўймагин, девдим-ку?
— Маҳалла бир нима деб турганидан кейин қайтар- олмайман-да. Бу ер уларнинг хилхонаси
экан, асли.
— Ким экан, ернинг эгаси? — Бу сафар Асадбек овозида қаҳр зоҳир бўлди.
— Суҳроб ота дейишдими?
— Нима? Почтачими?
— Унисини билмадим... бир ҳафта бўлдиёв...
«Ҳа, ўша, — деб ўйлади Асадбек. — Бу ҳароми, келиб-келиб шу ерга кўмилдими?
Асадбек қабристонда эканини унутмади. Сўкиб юбормаслик учун тишини тишига босди.
Тишларнинг ғижирлаганини сал нарида турган Жамшид ҳам эшитиб, сергакланди. Почтачининг
қилиқлари Чувриндига маълум эди, Жамшид билмасди. Шу сабабли хожасининг нима сабабдан
ғазабланганини англамади.
Алам жомига ғазаб майини қуйиб сипқорган одам аслида ёниб кетиши керак. Асадбек ёнишга
тайёр эди. Бироқ, онасининг руҳини қақшатишни истамади. «Агар бу мараз бир ҳафта олдин
қўйилган бўлса, — деб ўйлади у. — Онам бечоранинг арвоҳлари бир ҳафтадан бери чирқираб
ётибди экан-да? Йў-ўқ... мен бу маразни йўқотаман. Хилхона эмиш... Унинг хилхонаси
ахлатхонада...» Асадбек шу қарорга келиб, юзини бурди. Хаёлини чалғитиш мақсадида
мармартош ортидаги ўрик дарахтига тикилди. Онасини шу қабрга қўйган йили бош томонига
ўзи эккан нозиккина ниҳолча йўғон дарахтга айланган. Дарахтнинг танаси бужурлашган,
тарам-тарам ёриқлар пайдо бўлган. Гўё бу ердан таралувчи сассиз нолаларни тинглайвериб,
аламлардан тиришиб кетгандай... Шохчалардаги куртаклар баҳорга ҳомиладор бўлиб, тўлиб
туришибди. Алдамчи илиқ шабада уларнинг кўзларини очиб юбориши мумкин. Аямажиз қайси
бир кавакларда худди шуни кутиб турибди. Дарахтлар яйраб, гуллаган онда у бир ҳамла
қилади-ю, битта-битта ямлаб бу чаман гулларнинг жонини олади...
Асадбек нима гуноҳ қилиб қўйганини англамай довдираб турган гўрковга яна бир бор ғазабли
нигоҳини қадади-да, изига қайта бошлади. Дарвоза яқинида қимтиниб турган аёлни кўриб,
қадамини секинлатди. Ҳали келишаётган маҳалда бу аёл рўпараларидан чиқиб салом берган,
Асадбек унинг мунгли қарашидан қандайдир саросимани пайқаган эди. «Мени кутяптими ё
гўрковда иши борми?» деб ўйлади у. Аёлнинг чеҳраси таниш туюлди-ю, аммо қаерда кўрганини
эслай олмай Жамшидга қаради. Қарашдаги савол аломатини фаҳмлаган Жамшид:
—Шариф Намозовнинг хотини, — деб изоҳ берди.
«Демак, мени кутяпти».
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |