www.ziyouz.com kutubxonasi
114
чиннисига хосдир бу ҳикмат. Норасиданинг умидли нигоҳи жавобсиз қолганда синувчи қалб
чиннисини кейин чегалашнинг имкони йўқ.
«Дада» деб тили чиққанида отасининг дийдорига тўёлмаган, гўдаклик чоғларида отанинг
суйишлари қандай бўлишини билмаган, улғайган онида «тойчоқ» деб эркалашларга кўника
бошлаганда яна меҳрга зорлик даштида қолган бола учун нон дўконида ишловчи амаки
қаторидаги одамнинг бергувчи нонидан кўра биргина ширин сўзи азизроқ эди. Асадбек бу азиз
нарсага зор бўлган кунларини ҳанузга қадар унутмайди. Йўқ, у Шорасул амакисига гина
сақламасди.
Шорасул ака икки ҳафтадан сўнг шом қоронғусида уларникига келган, эски газит парчасига
ўралган тўрт кесим нонни бериб, «Тойчоқ, қалайсан, ойинг, уканг яхшими?» деб ҳол сўраган,
бироқ, остона ҳатлаб ичкари кирмаган эди. Туғилган гўдакнинг чилласи чиқмай туриб кириш
мумкинмас, ёлғиз аёлнинг уйига шом қоронғусида кириб-чиқиш ҳам айб, деган тушунча
Асадбекда йўқ бўлгани учун «халқ душманининг уйига киришга қўрқдилар», деб ўйлади.
Ўшандан сўнг Шорасул ака худди уруш йилларидаги каби ҳар куни келишни одат қилди. Фақат
аввалгилардек кундузи эмас, шом қоронғусида ров келиб-кетарди. «Тойчоқ, қалайсан?» деб
бошини силаб қўярди. Одамлардан яширинча берилаётган бу меҳр боланинг ўксик кўнглига
мал-ҳам бўла олмас эди.
Шорасул ака ҳар йили фарзанд кўрарди-ю, бироқ, унга бахт ваъда қилиб дунёга келган гўдак
бир-икки ойгина яшаб, ота-онасини ҳижрон оловига ташлаб кетарди. Фақат тўртинчи қизи
Тўхтахон исмига содиқ равишда яшаб қолди. Яшашга яшади-ю, ота-онасини куйдириб,
қаритди. Шорасул ака «қадрдон ошналаримдан бирининг ўғлини куёв қилсам, куёв эмас, ўғил
бўлса», деган ниятда юрганида ойдек чирой очаётган Тўхтахон тушмагур бир милиса йигитга
кўнгил қўйиб, тўйсиз, никоҳсиз тегиб олиб, ота-онанинг бошини эгди-ю, куёв боланинг юртига
жўнаб қолди. Шорасул аканинг хотини бу иснодга чидай олмади, шу эгик боши билан армонли
дунёни ташлаб кетди. Худо бу аёлнинг раҳмини еди, иснод оловида куйиб яшаш азоби эса
Шорасул акага насиб этди. Йигирма йилнинг нари-берисида у ёлғиз яшади. Асадбек билан
Жалил уйлаб қўйишга ҳаракат қилишса ҳам у кўнмади. Баъзан аччиқланиб, бу таклифни рад
этиб, баъзан эса «Ҳозирги хотинларга икки қўлли эр керак, бир қўлли нотавонни бошига
урадими?» деган ҳазил билан чап берди.
Уч йил илгари Жалил укасидан «Шорасул амакинг яхши юрибдиларми?» деб сўраганида «Бир-
икки кундан бери кўринмаяптилар» деган жавобни эшитиб «Кўринмаётган бўлсалар йўқлаб
қўйсанг ўласанми!» деб сўкиниб, хабар олгани уйига кирган эди. Уч кундан бери иситмалаб,
туз тотмай ётган бу одамнинг тирикми ё ўлик эканини дастлаб билмади. Қўшнилардан гина
қилганида улар «Қайдам, ветеранларнинг шифохонасига ётмоқчийдилар, ўша ёққа
кетгандирлар, деб ўйлабмиз», деган баҳона билан ўзларини оқлашди. Шундан сўнг Жалил
Асадбекни ишга солиб, Шорасул акани кўндириб, Тўхтахонни кўчиртириб келган эди.
Милитсиядаги хизматидан ҳайдалиб, ишининг тайини бўлма-ётган куёв болани Асадбек
Чувриндининг лимонад тсехига жойлаб қўйганди. Бошқаларга нисбатан тўрт баравар кўпроқ
маош олувчи «куёв бола» қайнотасининг бир пайтлардаги яхшиликлари эвазига бу мартабага
эришганини фаҳмламасди. Шорасул ака тақдирга тан бергандай кўринса-да, қизи билан ҳам,
куёви билан ҳам гаплашмасди. Бир нима дейиш зарурати туғилса набиралари воситасида
айттирарди. Шорасул аканинг бу одатларини билганлари учун ҳам улар набиранинг йўқлаб
келганидан ажабланишмади.
Шорасул ака ҳамишалик ўрни — темир каравотда эмас, хона ўртасида, қиблага оёқ қилиб
ётқизиб қўйилган эди. Бунинг маъносини тушунган Жалил орқасига ўгирилиб, остонада турган
Тўхтахонга ажабланиб қаради.
— Ўзлари айтдилар, — деб изоҳ берди Тўхтахон.
Жон бераётган одам юзини қиблага қаратиб, ибодатини қилиб олсин учун шундай
ётқизилишини билмайдиган Асадбек бу ҳолатга эътибор бермади. Шорасул аканинг кўзлари
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |