www.ziyouz.com kutubxonasi
117
оғрийди. Алаҳсираяпти... Хаёл кетган шекилли...»
— Эсингдами, мен сени урган эдим. Шу шапалоғим билан урган эдим. Ошиқ тепаётганингда
«қимор ўйнама», деб урувдим. Шу бармоқларим қақшаяпти. Сен ўша шапалоқ учун мени
кечир. Мендан рози бўл, тойчоқ. Рози бўлмасанг, бармоқларим қақшайверади. Дўзахда ҳам
куйиб қақшайди...
Ургани ёдида... Уларга нон берган бу бир қўлли одамнинг орқасидан сўккани ҳам эсида.
Аммо... ўнг қўли билан урмаган эди. Чап қўли билан қулоғини аямай бураб, орқасига астароқ
тепганди.
— Эсингга тушдими, кечирдингми? — деди Шорасул ака кўзларини очиб. Кўзларининг қорачиғи
худди кулга кўмилгандай зўрға кўриниб турарди.
— Тўғри ургансиз ўшанда. Мен сиздан кечирим сўрашим керак.
— Мен сендан розиман. Сен ўзинг учун ҳам, отанг учун ҳам мендан рози бўл, болам. — У яна
кўзларини юмиб ингради. — Отанг рози бўлмайди мендан. Эсингдами, отангни олиб
кетишгандан кейин мен икки ҳафта сенлардан ўзимни тортиб юрувдим. Ўшанда мен ҳам сўроқ
бераётувдим. Мен ожизлик қилдим, қўрқоқлик қилдим. Отангни «Бу халқ душмани эмас», дея
олмадим. Отанг раҳматли «немиснинг ҳаммаси фашист эмас, яхшилари кўп, илмда, маданиятда
илғор», деган экан. Шу гапни айтмаган, дея олмадим... Худо урушда қўлимни олмай, тилимни,
кўзимни, қулоғимни ола қолмайдими?.. Шунча ўқлар бекорга ёғилиб турганида биттагинасини
юрагимга санча қолмайдими?.. Бармоқларим қақшаяпти... Ҳа, шу бармоқларим билан қўл
қўйиб берганман ўша хатга. Шунинг учун қақшаяпти. Бармоқларим дўзах оловида куйишини
бошлади.
Асадбек чап қўлнинг совуқ бармоқларини силади.
— Адам тирик бўлганларида сизни кечирардилар, гина сақламасдилар. Ўша хатга қўл
қўймаганингизда ҳам барибир қамашарди, сиз бундан сиқилманг.
Бу гапдан кейин Шорасул ака кўзларини очди. Буткул ўзга оҳангда, ўзга мавзуда гап бошлади:
— Маъракага куёвнинг бир тийини ҳам аралашмасин. Ўзимнинг ҳалолдан топиб, атаб қўйганим
бор, Жалил ошнанг билади. Кейин... шу уйни Жалил оғайнингга хатлаб бера қолсаммикин?
Каталакда яшамай, маҳаллага кўчиб кела қолсин, хўпми?
Бу фикр Асадбек учун янгилик эмасди.Тўхтахонни кўчириш таклифини айтганида Шорасул ака
«Қўй уни, яхшиси ошнанг Жалил кўчиб келсин», деганди. Асадбек ўша суҳбатни эслаб:
— Айтаман-ку... лекин кўнмайди у шалпангқулоғингиз, — деди. — Мени эшакка ўхшатади-ку,
асли ўзи эшшакдан ҳам баттарроқ қайсар.
— Бу гапинг тўғри. — Шорасул ака чуқур нафас олди. — Унда Соҳиб сариққа хатлаб берасан.
Ўн иккита боласини қайга жойлашни билмай гаранг, у бояқиш.
Асадбек унинг мақсадини англагани учун ҳам «Тўхтахон-чи, қизингиз туравермайдими?» деб
сўрамади.
— Энди сен боравер, мен чарчадим, озгина дам олволай.
Асадбек Шорасул аканинг бармоқларини яна оҳистагина силаб қўйиб хайрлашди-да, ўрнидан
турди. Остонага етганида Шорасул аканинг овозини эшитди:
— Худо сенга ширин-ширин неваралар берсин, невараларингнинг тўйларини кўр. Отанг
кўрмаган бахтни Худо сенга насиб этсин...
Асадбек бу дуони эшитиб, орқасига ўгирилди. Шорасул ака бўйнини буриб, унинг изидан
мўлтиллаб қараб турган эди. Бу ҳолатни кўриб Асадбекнинг кўнгли янада вайрон бўлди,
кўзларига ёш келди. У айни дамда бир соатгина илгари почтачининг ўлигини қабрдан
чиқартириб ташлатаман, деб ҳукм юритаётган дийдаси қаттиқ раҳмсиз одам эмасди. Агар
ҳозир Жалил ўша аҳддан сўз очгудай бўлса «Гапинг тўғри, ошнам, ўликда нима гуноҳ, ётган
ерида ётаверсин», деб чекиниши табиий эди.
Асадбек даҳлизга чиққач, Жалил билан Тўхтахонни кўриб, ўртоғига савол назари билан
тикилди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |