www.ziyouz.com kutubxonasi
120
қандай бахт тутсин?» деган саволга жавоб топа олмади.
Ҳамширанинг «гапирмасалар ҳам керак» сўзларини эшитгач «Қани эди, ҳам кар, ҳам кўр бўлиб
қолсам», деган армон уйғонди. Ҳамшира айтмаса-да, гапиролмаслиги унинг учун янгилик
эмасди. Уни ҳушсиз деб ўйлаган дўхтирнинг «умуртқа шикастланган, бир умр ҳаракатсиз ётади,
тилдан ҳам қолади», деганини эшитган эди. Шу сабабли йўқловчилар келиши билан беихтиёр
равишда чалажон каби кўзларини юмиб олаверди. Ҳеч ким йўғида эса бармоқларини
қимирлатишга уринди. Оёқ панжалари ҳам ҳаракатга келгандай бўлди. Гапирмоқчи бўлди,
ғўдираган товушини ўзи ҳам эшитиб, енгил тортди. «Дўхтирларнинг ҳамма гаплари бекор», деб
ўзини ўзи овутди. Жамшид келиб кетганидан сўнг Зайнабни кутди. Ҳатто «иккови бирга келса
фотиҳа бериб юбораман», деб ҳам ўйлади. У қайнотасининг «менинг энг катта хатоим — сени
ўлдиртирмаганим», деган гапини унутмайди. Шунга кўра, ҳали бу аҳволга тушмай туриб,
«менинг энг катта хатойим шулар билан ўчакишганим бўлди, қизига уйланиб, паст кетдим»,
деган фикри қатъийлашган эди. Бу ерда ётиб хуши ўзига кела бошлагач, бу ўйиндан, бу
даврадан чиқиш йўлини излади. Назарида биринчи қадами — Зайнабнинг жавобини бериш
эди. Зайнаб кўнглида илиқлик уйғота бошлаган бўлса-да, «ундан айрилиш азоби юрагимни
парчалаб ташламас», деб ҳисоблади. Асадбек оламидан қутулиш бахтининг саодати хотиндан
айрилиш паришонлигидан улуғроқ туюлди. Зайнабдан ажралиш аҳди жон бериш ҳукми билан
баробар эканини унинг ноқис ақли фаҳм этмас эди.
Eлчин узоқ йиллар давомида муҳаббат оловлари ҳақида ашулалар айтиб юргани билан
одамларнинг қалбини билмас эди. Айниқса аёл қалбининг қудратини, ундаги руҳ тўлқинларини
ҳис эта олмасди. У «Зайнаб аламзада, мени ҳеч қачон кечирмайди», деб ўйлаб янг-лишмаган
эди. Тўғри, Зайнаб қалби тўридаги умид чиннисини синдирган, тупроққа қорган одамни
кечирмас эди. «Муслима кечиримли бўлмоғи керак, Оллоҳнинг розилиги учун гуноҳидан ўт, кек
сақлаш дуруст амаллардан эмас»лигини билганида ҳам, тақдиридаги машъум кунларни унута
олмасди.
Бироқ, унда Элчиндан қасос олиш режаси йўқ эди. То турмушга чиққунига қадар, аниқроғи,
«Сиз... ўшами?» дейилгунига қадар унда қасос ўти мавжуд эди. «Отам мени хорлаган йигитни
топсалар уни ўзим ўлдираман», деган аҳди бор эди. Қийнаб ўлдиришнинг турли йўлларини
ўйлаб, топиб ҳам қўйганди. Лекин ўша хорлаган одамнинг қийшиқ бармоқлари никоҳ кечаси
ўзини ошкор қилган дамда бу аҳди — қарори бўғилди. Бу аҳдга нисбатан «Eрга итоат этмоқ»
деган ҳаёт қонуни устунлик қилди. Жамшидга бўлган муҳаббати хуружга кирган дамларда ҳам
ўша итоат қонунига омухта бўлган эрлик жувон ҳаёси вужудидаги ўч оловини ўчириб турди.
Элчин хотинига хос бу фазилатларни билмас, ҳис қила олмас эди.
Шу сабабли ҳам кейинги сафар Зайнаб ёлғиз кириб келганида ажабланди. Ярим очиқ эшикка
қараб, Жамшиднинг қораси кўринишини кутди. Зайнаб эрининг эшикка тикилиб қолганини
кўриб, орқасига ўгирилиб қаради. Сўнг ҳайрон тарзда «тузукмисиз?» деб сўради. Элчиннинг
«раҳмат» дейишга қурби етарди. Бироқ, гапиришни истамай, киприк қоқиб «ҳа» ишорасини
қилди. Улар соғ пайтларида ҳам узоқ суҳбатлашишмас эдилар. Шунда Элчин ўзида бир
масъулият сезиб, Зайнабни қизиқтириши мумкин бўлган воқеаларни баён қилиб ўтирарди.
Ҳозир бундай зўраки суҳбатга хоҳиш ҳам, қувват ҳам йўқ эди.
Ҳамшира кириб, бир-бирига тикилиб турган эр-хотиннинг унсиз суҳбатини узди.
— Эрталаб эрингизнинг жиянлари келишувди. Профессорга ҳам учрашишди. «Жавоб тегадиган
бўлса олиб кетамиз», дейишди. Профессор айтдиларки, буни фақат сиз ҳал қилар экансиз?
Бу гапни эшитиб, Элчиннинг қалби бир қалқиб тушди. Ўзи ҳам сезмаган ҳолда хотинига нажот
кўзлари билан қаради. Яқингинада хотинининг жавобини бериб, уни Жамшиднинг ихтиёрига
узатишни ўйлаб ётган Элчиннинг юраги «Йўқ!» деб фарёд ургандай бўлди. Айни фарёд
Зайнабнинг кўкрагини зириллатди. Чувриндининг хотини «Бояқиш оёқ-қўлсиз, тилсиз нима
қилади, бу азоблардан кўра Худо жонини ола қолмайдими?» деганида Зайнаб ундан ранжиган
эди. «Оёқсиз-қўлсиз бўлса ҳам у менинг эрим-ку?!» деганди. «Eнди жиянлари эга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |