www.ziyouz.com kutubxonasi
128
— Катта-ю кичик «Ўтган кунлар»ни яхши кўриб ўқишади, — деди Зайнаб.
— О, чўх гўзалдир бу! — деди Чўлпоной қувониб. Сўнг қувончи сабабини изоҳлади: — Мен
айни шундайдир, деб мулоҳаза қилиб эдим. Бу гўзал румонни ўзбекларнинг чўх суймасликлари
мумкин эмасдир.
— Сиз... ўқиганмисиз? — деб ажабланиб сўради Зайнаб.
— Чўх-чўх маротабалаб, — деди Муштарий суҳбатга қўшилиб. — Унда зикр этилмиш сатрлар
хаёлимизга-да муҳрланмиш.
— Сиз китобни нардан олдинийиз, деб ажабланиюрсизми? — деди Чўлпоной. — Бизим бир
ватандош вордур, исм-насаблари Жўра Бўтакўз. Эшитганийиз ворми?
Зайнаб бунақа одамни эшитмаган эди, йўқ, маъ-носида елкасини қисиб қўя қолди. Чўлпоной бу
кишини ўзи кўрмаган, шундай миллатпарвар ватандошлари борлигини отасидан эшитган эди.
Ҳозир ана шу ҳикояларни баён қилиб берди. Жўра Бўтакўзнинг бу китобга ғоят меҳри
баландлиги туфайли «Ўтган кунлар»ни барча ватандошларим ўқисин», деган мақсадда араб
алифбосида нашр қилдирганини, бунинг учун Истанбулдаги меҳмонхонасини сотиб, барча
маблағини босмахона харажатларига сарф этганларини, ношир истаб Эрону Покистонга қадар
борганларини ҳаяжонли туйғу билан айтди. Опа-сингилга миллат равнақи йўлидаги улуғ
фидойилик ва жўмардлик бўлиб туюлган бу во-қеани Зайнаб оддий иш сифатида қабул қилди.
Чўлпонойнинг ҳаяжонли ҳикоясини эҳтироссиз тарзда тинглади. Хонадонида ҳам, ўқишда,
дугоналари даврасида ҳам миллат тақдири, Ватан равнақи ҳақида сўзлар эшитмаган, «Ватанни
суймак», деган тарбия мезонидан узоқ бўлган Зайнаб бу воқеадан келин аялари каби ифтихор
эта олмасди. Чунки унинг учун Ватанни соғиниб яшаш ҳисси бегона эди. Миллат учун борини
бериш, ҳатто жондан кечиш ҳам бир бахт эканини у қайдан билсин? Унинг учун бахт —
Кумушбиби каби суйганига етишмоқ эди. Етишолмаганини бахтсизликка йўйди. Бу олам аро
бундан-да кўра улуғроқ бахт, бундан-да кўра ўлчовсиз бебахтликлар борлигини у тасаввур эта
олмасди. Шахс ташвишидан ташқари миллат қайғуси деган фазилатлар борлигини Зайнаб
бировлардан кўп марталаб эшитса-ю, ҳис қила олмаса, уни айблаш ўринли бўларди.
Яхшики, келинпошшалар Ватан тақдири, миллат қайғуси ҳақида ота-оналаридан
эшитганларини айтиб, Зайнабдан бу борада фикр сўраб, уни оғир аҳволга солишмади.
Чўлпоной Жўра Бўтакўзнинг саргузаштларини айтиб адо қилгач, самимий тарзда деди:
— Бунларнинг қизлари худди Кумушбиби каби, худди Раъно хонум каби чўх гўзал эмишлар.
Бунда ҳар бир хонумқиз бир Кумушдир, бир Раънодур. Бизим яшаганимиз Олмонияда на бир
Кумуш вордур, на бир Раъно. Мирзо Анварким, бежиз байт битмамишларким:
Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг Раъноси.
— Офаринлар, ташаккурлар! — Муштарий яйраб кулганича енгил қарсак урди. — Сўнг опасини
қув-ватлаш мақсадида гап қўшди: — Бунда кўрдимки мен, ҳар бир хонимқиз Кумушдир,
вале ҳар йигит бир Фарҳоддир, бир Қайсдир. Бобур мирзомни эслаймизми:
Қани Лайли била Ширинким, алардан ишқ ўргансанг,
Қани Фарҳод ила Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.
Зайнаб бу байтнинг айтилувидан мақсад — акаларини алқаш эканини англаб, жилмайди.
— Румонни мутолаа этивум жараёнинда Кумуш қандай қиз экан, деб чўх ўйга толурдим. Сизни
кўрдим ва дедимки: ана, Кумуш!
Зайнаб бу гапдан сўнг бошини эгди. Келин аялари унинг бу ҳолатини ийманишга йўйишди.
Лекин кутилмаганда Зайнаб паст овозда:
— Кумуш ўлган... — деди.
Опа-сингилларга бу гап оғир таъсир этиб, бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.
Суҳбатни шу ҳолда узилишини истамаган Чўлпоной:
— Кумушбиби жисман ўлмишлар. Бибийимиз муҳаббатлари тирикдир, ўлмасдир. Унинг
туйғулари сиз ила бизда яшар, — деди-ю, бу гапи билан Зайнабнинг юрагидаги ярани тирнаб,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |