www.ziyouz.com kutubxonasi
125
юлдузлари чиндан-да чақнар», деган ўйда эди. Бўлажак куёв болалар билан танишиб,
гаплашишгач, хавотирлари анча чекинди. Бўлажак қайноталарини қандай юмушлар билан
банд экани, Тангри бу юмушлар эвазига қандай ажрлар тайёрлаб қўйгани, улар учун шубҳасиз
мавҳум эди.
Бу ёруқ оламда яшаб турган одам, истиқомат еридан, сиғинаётган динидан қатъи назар, бирон
жойга бормоқ истаса, ақли етган даражада режалар тузади. Бироқ, Оллоҳнинг истаги тамоман
ўзгача бўлмоғи мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Ғофил банда мўлжалидаги тадбиру режалари
амалга ошмаса-да, яна ўз ақлининг маҳсули бўлмиш тадбирларидан умид қилаверади. Донолар
деб эканларким: «Қул тадбир олади, бироқ, тақдирнинг қайси марказда бўлишини билмайди.
Тадбир эса Яратганнинг тақдири рўпарасида маҳв этилажакдир».
Ватан ҳавосининг гадоси Музаффархон ҳам, Гулузор бегим ҳам ўз тадбирларидан бахт кутган
нодон қуллардан эдилар.
Ровийлар дерларким: Иброҳим Адҳам Балҳда подшоҳлик мартабасида эканида овга чиқиб, бир
жайрон изидан от солибди. Жайрон бечора қочаверибди, у эса қуваверибди. От чарчаб, ҳолдан
тойгач, жайрон тўхтаб, инсон сингари тилга кириб, дебдики: «Қувишни бас қилсанг-чи, эй
ғофил банда! Сен бу иш учун яратилмагансан. Сени Оллоҳ мени овламоғинг учун бор этмади.
Менга етиб олиб, овлаган тақдирингда нимага етишасан?» Бу гапни эшитган Иброҳим Адҳам
ҳақиқатни англаб, подшоҳлик либосларини чўпонлик кийимларига алмаштирган экан.
Афсус шуки, бу ҳақиқатни англамак бахти ҳам барчага насиб этавермайди.
Ота-оналарининг тадбирлари туфайли бахтга етишажакларига ишонган икки қиз чарчаган
бўлишларига қарамай ухлай олишмади. Ой нурида ялтиллаган шиллиқ қуртдан қуёш ясаб
бўлмаганидек, ота-оналарининг тадбиридан бахтга етишолмасликларини англаб етмаган
қизларнинг ҳар бири бўлиб ўтган воқеаларни ўзларича таҳлил этардилар. Қизларини
кўзларининг икки гавҳари сингари авайлаган Музаффархон уларга юқори мақомда одоб
бермоқ мақсадида исломни қабул қилган немис аёлини тарбиячиликка ёллаган эди. Физика
илмидан эътиборли олималардан ҳисобланган фрау Хелга исломнинг илмий мўъжизалари
билан танишгач, университетдаги вазифасини тарк этган, ҳатто исмини «хоним Хадича» деб
ўзгартирган эди. Тарки дунё қилув ниятидан узоқ бўлмиш бу аёл илмдаги ёлғон, нотўғри
йўналишлардан йироқ юрмоқни истаган эди.
Музаффархон ҳам замонни, ҳам исломни билувчи аёлнинг қизларига тарбия бермоғини орзу
қиларди. Бу муаммони доктор Худоёр осонгина ечиб берди. Ота-она бир, ҳатто тарбия мезони
бир бўлгани билан қизларнинг феъллари айри-айри эди. Чўлпоной руҳан хоним Хадичага яқин
эди. Унинг сўзларини ҳамиша бутун жону дили билан берилиб тингларди. Унинг ҳар бир
гапини ҳатто ҳақиқат тарзидан қабул қиларди. Муштарий эса, аксар ҳолларда бу гапларни
зерикиш азоби билан тингларди.
Асадбекнинг хонадонида, келинлик кўшкида биринчи тунни ўтқазаётган опа-сингилларнинг
хаёллари олган тарбияларига монанд равишда эди. Чўлпоной куёв тўраларнинг Москвада
олиниб қолинишларининг асл сабабини билмаса-да, бу ҳаракат замирида зулм ётганини ақли
билан ҳис этарди.
Чўлпоной бойлик бахт эмаслигини яхши тушунарди. Хоним Хадичанинг «Улуғ Оллоҳ Фиръавнга
тўрт юз йиллик умр, мол-мулк, шоҳлик ва унинг бошқа турли орзулари адосини насиб этди.
Буларнинг барчаси фароғат эмас, балки уни Оллоҳ ҳузуридан узоқлаштирган нарсалар эди.
Фиръавнга ҳатто бош оғриғи ҳам берилмадики, оқибат у Ҳақни эсламай ўтди. У ўз муроди
билан банд бўлди ва Яратганни хотирламади», деганларини тез-тез ёдлайди, ҳар эслаганида
янги маъно уқади. У бойликни атрофи паришонлик уммони билан ўралган ожиз орол деб
билиб, бу оролнинг қачондир чўкиб, йўқ бўлиб кетмоғи тайин эканини ҳам англайди. Орол
чўкиб кетмаган тақдирда ҳам, ундагилар паришонлик уммонида тез-тез чўмиларлар, бу сувдан
ичарлар. Балки жон берар онларида ҳам лабларига ана шу паришонлик уммонининг афсус
сувидан томизарлар...
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |