www.ziyouz.com kutubxonasi
124
Кун бўйи қуёш эплолмаган юмушни кечки шамол оппа-осон ҳал қилди: бир озгина ёмғир
ёғишга имкон бергач, сўнг бош кўтариб, булутларни ҳайдаб осмонни тозалаб қўйди. Қизининг
сочларини силаб ўтирган Манзура дераза оша осмонга қаради-ю, енгил хўрсиниб
«Етқизганингга шукр», деб қўйди. Зайнаб бошини кўтариб, онасининг кўзларига боқди.
Яратган Оллоҳ оналарнинг митти қалби, қалбидан-да кўра миттироқ кўзларини ўзига хос бир
қудрат ва ажиб мўъжиза билан беҳад чидамли қилиб яратган. Агар Тангри таолонинг бу
мўъжизаси бўлмаса дунёга сиғмаган ғам-ташвиш митти юракка, юракдан-да миттироқ кўз
қорачиғига сиғармиди...
Манзура шу пайтга қадар кўргуликлардан бировга ҳасрат қилмаган. Айтгандамиди, ҳасратини
эшитган одам, унга душманлик аҳдида бўлса ҳам, ачиниб, «бундан кўра келинлик чоғингиздаёқ
эрингиз қиморга ютқизиб юбора қолса минг марта яхши эди, бунчалик кўп азоб
чекмасидингиз», демоғи шубҳасиз эди.
Ҳозир ҳам қизи онанинг кўзлари тубига яширинган ташвиш вулқонини кўрмади. Онасининг
енгил хўрсиниб қўйиш сабабини билмай:
— Ҳм, ойи? — деб сўради.
— Янги Ой чиқибдилар, — деди Манзура, дераза оша осмонга қараб. — Ўзларига тинчлар, элга
нотинч... Худо сақласин ҳаммамизни.
Манзура шундай дегач, қўлларини фотиҳага очиб, пичирлаганича узоқ дуо қилди. Ой
янгиланганида онасининг «Янги Ой чиқибдилар», деб сизлаб гапириши, сўнг дуо қилиши
Зайнаб учун янгилик эмас. Бундай ҳолатни кичиклигидан кўравериб, дуо фақат ҳилол
кўринганида қабул бўларкан, мавҳумликка эмас, айнан ҳилолга топинмоқ керак экан, деган
янглиш ўйда, у ҳам баъзи-баъзида Худодан сўрайдиганларини сўраб оларди. Ҳозир ҳам унсиз
равишда онасига қўшилди.
Дуодан сўнг Зайнаб онасининг саволга тутиб қолишидан чўчиб «У ёқнинг тўйи қандоқ
бўларкан, айтиб беринг», деб қистади.
Тўй манзараси туширилган видеокассетанинг Москвада қолган жомадонларда эканини эслаган
Манзуранинг кўнгли хираланди-ю, аммо паришонлигини қизига сездирмасликка интилиб,
таассуротлари баёнига берилди.
Зайнаб хавотир билан кутган нохуш ҳолатдан шу тахлитда қутулиб қолди.
3
Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам ота-оналарининг таърифларига кўра, «Совет Иттифоқи» деб
аталмиш мамлакатни эртакларда тасвир этилган қизил аждаҳо салтанати каби деб билар
эдилар. Ота-оналарининг Ватани бўлмиш юртини босиб ётган бу аждаҳонинг бошларини
узгувчи бир баҳодир чиқармикин, деб улар ҳам орзу қилар эдилар. Фақат суратларинигина
кўрган бу юртга уларнинг дилларини қандайдир бир куч тортиб турарди. Бир куни дадалари
ҳасратли оҳангда:
— Юлдузларим, киндик қонлариниз бурая тўкилмиш ўлса-да, чин Ватанларингиз
Ўзбекистондир. Ўзбекистон — бизим галбимиз, бизим умидимиз юлдузидир. Оллоҳ жаннатдан
бир улуш олиб, бизим ажадодлара Ватан қилиб вермиш экан. Бу Ватан — Ўзбекистондир.
Манда тунда Ватан, деб кўз юмиюрман, субҳи содиқда эса яна Ватан, деб кўз очиюрман.
Оллоҳнинг номидан сўнг энг суюкли сўз мен учун Ватан — Ўзбекистон! Вақти келибким, барча
сўзларимни ёддан чиқарсаларингизда, менинг бу сўзларимни унутмакдан тийилиниз, — деган
эди.
Музаффархон Ватанга йўл кўрсатар, деган умидда йўлчи юлдуз — тонг юлдузига умид қилиб,
қизининг исмини Чўлпоной қўйган эди. Қизлар буларни билишарди. Билишгани учун ҳам
Ўзбекистонга келин бўлиб боражаклари ҳақидаги хабарни бир оз хавотир, айни дамда жиндек
шодлик ила кутиб олдилар. Уларнинг хавотирлари қизил аждаҳо эгаллаб ётган юртга
боришдан бўлса, шодликлари «бизим баҳонамиз ила ота-онамиз Ватанга етишурлар,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |