www.ziyouz.com kutubxonasi
121
чиқишмоқчими? — деб ўйлади Зай- наб. — Ҳа... хотини ташлаб кетади, хор қилади,
дейишаётгандир-да...» Зайнаб хаёлида уйғонган бу фикрни ҳамширадан эшитгандай, унга
норози қиёфада қа- ради:
— Бу киши менинг эрим, биласиз, а? — деди зардали овозда. Бу овозда Асадбекнинг руҳи
сезилиб, Элчин енгил титраб олди. Зайнаб эридаги ўзгаришни сезмай, ҳамширадан, кўзларини
узмаганича гапини давом эттирди: — Бу кишининг уйлари бор, оилалари бор. Жиянлари яна
келишса шундай деб қўйинг. Рухсат теккан куни ўзим олиб чиқаман. Сиз эса... — Энди
Зайнабнинг овозидаги қатъийлик кучайди. — Айтилган ишни қилинг: касалнинг олдига ҳар хил
қаланғи-қа-санғиларни қўяверманг.
Зайнаб «тўғри қиламанми?» дегандай эрига қаради. Ундаги отасига хос мардлик Элчиннинг
руҳини тамомила парча-парча қилиб ташлади. Кўзлари ёшга тўлиб, киприклари пирпиради.
Зайнаб эрининг бош томонидаги стулга ўтириб олгач, қўлидаги тугунни ечди. Қайноғи салгина
босилган қайнатма шўрвадан ичирмоқчи бўлди. Зайнаб «бу киши менинг эрим» деганидаёқ
кўкрагида уйғониб, бўғзига қадалганича туриб қолган фарёд шўрвага йўл берармиди?
Зайнабнинг зўри билан икки қошиқни амаллаб ичди-ю, бош чайқаб «ичмайман» ишорасини
қилди.
— Дўхтир «кучлироқ овқатга ўтиш мумкин», деди. Эртага димлама қилиб келайми? — деб
сўради Зайнаб.
Ҳамма эркаклар «ўлдирса ҳам паловхонтўра ўлдирсин», деганда Элчин «таомларнинг подшоси
димлама», деб ҳисобларди. Баъзан ҳафсала қилиб икки кишилик димлама тайёрларди. Зайнаб
шифохонада ётганида ҳам фақат димлама пишириб келарди.
— Сизчалик ширин пиширолмасам ҳам уриниб кўраман, — деди Зайнаб жилмайиб. Бу
жилмайиш Элчиннинг илиниб турган жонини жойига қайтарди. У шукрона маъносида енгил
хўрсинди. Шу хўрсиниш бўғзида тош каби тиқилиб турган фарёдни йўқот- ди-ю, Элчин ҳам
хотинига жилмайиш билан жавоб берди.
Зайнаб кетганидан сўнг Элчин ўзини соппа-соғ ҳис қилди, ўрнидан турмоқни, қанот чиқариб
уйга қараб учмоқни истади.
Тунда эса ширин бир туш кўрди: тоғнинг лолазор бағрида Зайнаб билан қувнаб юрганмиш.
Зайнабнинг қўлида ширин бир бола эмиш. «Бу кимнинг боласи?» деб сўрармиш Элчин.
«Ўзимизники» — Зайнаб шундай деб қувнармиш. «Ўлик туғилди», дейишганди-ку?» «Сизни
алдашган». Элчин ҳам қувнаб-қувнаб яйрабди...
Уйғонди-ю, кўнгли яна хиралашди. Ўлик туғилган боласини кўмган куни ўз-ўзидан тилга келган
марсияни эслади. Элчин ўша куни ёлғиз ўзи уйига қайтиб, беихтиёр тарзда қўлига тор олган,
ўзига бўйсунмаган бармоқлари «Гиря»нинг пардаларини топишни ирода этган эди. Куйга
монанд равишда йиғлагиси келган, аммо йиғлай олмаган эди. Ўшанда «Гиря» тиниб, ундан-да
маъюсроқ куй тарала бошлаган эди, тилидан эса ундан-да қайғулироқ сатрлар учган эди.
Ай, бағримни тиғлаган болам,
Ай, дунёга сиғмаган болам,
Ай, дунёнинг бевафолигин
Гўдакликдан илғаган болам...
Eлчин бу сатрлар қаердан қуйилиб келаётганини билмади. Бармоқлари лозим пардаларни
ўзлари топганлари каби, тил ҳам зарур сатрларни ўзи баён қиларди:
Қайдан келиб, қайга йўқолдинг,
Аччиқ-аччиқ ўйларга солдинг,
Онангнинг ё менинг гуноҳим
Қай бирининг касрига қолдинг.
Ноиласининг ўлимидан сўнг қамоқхонада тақдири ҳал бўлишини кутиб ётганида худди шунга
ўхшаш марсия қуйилиб келган эди. Хаёлида туғилган марсиянинг сўзлари, куйи тилга чиқмай,
бунинг эвазига кўз ёшига айланиб ёноқларини ювган эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |