www.ziyouz.com kutubxonasi
118
— Асад, Тўхтанинг бир илтимоси бор экан, ор-қангга қайтасан, энди ошнам...
— Нега? — Асадбек бу аёлга қарашни истамаётган бўлса ҳам мажбуран қаради.
— Сиз айтинг... биздан рози бўлсинлар...
— Розилик учун ҳам даллол керакми? — деб тўн-ғиллади Асадбек ундан кўзини олиб. — Ўзинг
сўрайвер.
— Биз сўрадик, жавоб бермаяптилар...
— Икки мўъминни яраштириб қўйиш савоб, — деди Жалил. — Банда розилик билан кетгани
дуруст.
— Шу савоб ўзингга буюрсин, — Асадбек шундай деб дераза томон ўтди-да, унга йўл бўшатди.
Гапни чўзишдан фойда йўқлигини англаган Жалил кўп ўйлаб ўтирмай олдинга ўтди-да, аёлга
«юр», деб ичкари кирди. Асадбек эса бу савдонинг нима билан тугашини кутиб турмай
ташқарига чиқиб кетаверди. У Шорасул аканинг феълини яхши билгани учун ҳам Тўхтахоннинг
кечирилмаслигига ишонарди. Бир марта Асадбек «Тўхта билан гаплашмаяпсизми, кечириб қўя
қолмайсизми?» деганида «Онаси кечирмаган қизни мен кечираманми?» деган жавоб эшитган
эди. Шорасул ака қизини фақат беҳаёлиги учун эмас, хотинининг исноддан куйиб, бевақт
ўлишига сабаб бўлгани учун ҳам кечиролмас эди. Асадбек буни ўша суҳбатдан кейин
тушунганди.
Шорасул ака қизини кечирса хотини руҳига хиёнат қилгандай бўларди. Ўртада турган
Асадбекнинг гапини икки қилмай қизининг кўчиб келишига розилик берганидан сўнг ўтган
кунлари унга азобли бўлди. Қизи уйига қайтди-ю, ўзи азобли, тўлғоқли денгизга ғарқ бўлди.
Тўхтахон остона ҳатлаб кириб келган дақиқадаёқ хотинининг руҳи чирқиллай бошлаган каби
туюлди. Уйқуларидан ҳаловат қочди. Тушларида хотинининг ғамнок кўзларига термилиб
«Қизимизни кечира қол, ёшлик қилган-да», деб ҳам ялинди. Лекин хотинидан садо чиқмади,
демак кечирмади. Шу сабабли ҳам Шорасул ака қизининг розилик сўраб айтган зорли
сўзларини жавобсиз қолдирган эди.
Асадбек кўча эшигига қадар кузатиб чиққан куёвга «хайр» ҳам демай, машинага ўтирди.
Ҳалимжон «Жалил ака ҳам чиқадиларми?» деган савол назари билан хожасига қараб жавоб
олмагач, таваккал қилиб машинани юргизмоқчи бўлди.
— Тўхта, аканг чиқмайдими? — деди Асадбек уни жеркиб.
Жалил узоқ қолмади. Машинага чиқиб ўтиргач, Асадбек «Ҳа, рози бўлдими?» деб сўрамаса ҳам
ҳисоб берди:
— Чол қайсар, кўнмади.
Асадбек ўртоғига «Аҳмоқ бўлмасанг ўртага тушармидинг?» — деган маънода қараб қўйди.
Жалил бу қарашдаги маънини уқмагандай худди ўзига ўзи гапирган каби давом этди:
— «Онасидан сўрамаган розиликни мендан сўрайдими, оқ сутни мен эмас, онаси берган», деди.
Мен бир нима дея олмадим. Тўхта қўрқяпти, бу норизолик болларимга урмасайди, деб
ташвишланяпти.
Асадбек бу гапларни эшитмагандай девор бўйи тахлаб ташланган пишиқ ғиштларга имо қилиб
сўради:
— Куёв боланг уй қурмоқчими?
— Шунақадир. Нима эди?
— Овора бўлмасин, айтиб қўй: жанозадан уч кун ўтгач, келган ерларига кўчиб кетишади.
— Сен ҳам ўжарсан.
— Бу менинг ҳукмим эмас. Уй Соҳиб сариққа қоларкан.
Бир оз юришгач, Жалил машинани тўхтатиб, «Укамда ишим бор», деб тушди-да, эшикни ёпмай
туриб:
— Менга қара, сенам бир фаросатингни ишлатгин, номаҳрам деган гапни тушунасанми ё
йўқми, даюс эмассан-ку, ахир, — деди. — Хўп, илгари майли эди, энди келинларинг бор.
Лайчангни бошқа ёққа боғла, ғар кўзини лўқ қилмай юрсин.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |