www.ziyouz.com kutubxonasi
131
Бу луқма Кесакполвоннинг ғашини келтирди:
— Сен бола, ақлинг етмаган ишларга аралашма!
Кесакполвон бу гапни худди Асадбек каби қошларини чимирган ҳолда, зарда билан айтди.
Хонгирей беш бошли аждаҳо бўлса, энди битта боши менман, деб ўйлаётган Селимга бу зарда
таъсир этмади. Хотиржам тарзда:
— Сиз бугун Хонгирейга қўнғироқ қилиб, келганимни айтиб қўйсангиз бас. Мен «Ленинград»
меҳмонхонасида турибман. Бўш бўлсангиз ўтинг, бир ошиқ ташлаймиз, — деди-да, ўрнидан
турди.
У чиқиб кетгач, хонтахта остидан телефонни олган Кесакполвон Москвадаги Хонгирейнинг
қароргоҳи рақамларини терди. Хонгирейнинг ўрнига Маматбей гаплашиб, Селимнинг
гапларини тасдиқлади. Кесакполвон қўғирчоққа айланганини англаб, пешонасини тириштирди.
Қози билан бир оз маишат қилиб, юраги сиқилди. У Асадбекни йўлидан олиб ташлаб ўзлари
яратган оламга танҳо ҳукмронлик қилмоқчи эди. Оқибат нима бўлди? Аввалги мартабасиданда
пастлаб кетмадими? Ҳар ҳолда «Асадбекдан кейинги иккинчи одам», деган номи бор эди. Энди-
чи? «Хонгирейнинг югурдаги» деган унвонга етишдими? Энди бу хомсемиз Селимнинг оғзидан
чиқадиган гапга маҳтал бўлиб ўтирадими?
Агар Кесакполвонда номус туйғуси бўлганида бу ҳолга тушганидан кўра ўлимни афзал
биларди. Бундай туйғудан холи бўлгани сабабли ўлим ўрнига хорликни мақбул кўра қолди.
Ровийлар дерларким, Ҳиндистон подшоҳининг тўрт вазири бор экан. Вазири аъзам, Худонинг
марҳамати билан, тенгсиз ақл-заковот эгаси экан. Яратганнинг қудратини қарангки, бировга
ақлдан мўл берса, шун-га яраша ҳасадгўйларни ҳам бераркан. Уч ҳасадгўй вазири аъзамни
йўлдан олиб ташлаб, подшоҳга янада яқинлашмоқ чорасини излашибди. Субҳи содиқда бир
вазир кириб ажиб туш кўрганини баён қилиб дебди-ки: «Жаннатмакон отангиз у дунёда ҳам
подшоҳлик давру давронини сурмоқдалар. Аммо ақлли вазирга муҳтожликлари бор экан.
Ўғлимга айт, вазири аъзамни ҳузуримга йўлласин», дедилар. Бир ҳасадгўйнинг изидан
иккинчиси, сўнг учинчиси кириб айни туш кўрганларини айтишибди. Подшоҳ бундан
ажабланиб, вазири аъзамдан маслаҳат сўрабди. Вазири аъзам ҳасадгўйларнинг мақсадларини
англаб дебдики: «Eй подшоҳим, отангиз амр қилган эканлар, бўйинсинмоқ фарздир. У дунёга
риҳлат қилмоқ олдидан менга қирқ кун муҳлат беринг. Бу даврни мен ибодат билан ўтказиб,
тавбалар қилай, руҳимни поклаб олай. Мўътабар отангиз ҳузурларига бу дунёда топганим —
гуноҳларни ортмоқлаб бормай». Подшоҳ рози бўлибди. Подшоҳ изн бергач, вазири аъзам
фурсатни ғанимат билиб, уйидан то мурда ёқиладиган майдонга қадар лаҳм кавлатибди. Ўттиз
тўққизинчи куни эса ўтинларни ўзи тахлатибди. Қир-қинчи куни оппоқ либосларни кийиб
подшоҳ ҳузурига кирибди-да: «Мен тайёрман. Аммо оловни ўзим ёқаман. Гуноҳкор бандалар
гулханга яқин келишмасин», деб огоҳлантирибди. Айтгандай қилиб, оловни ёққач, тутун
кўтарилиши билан ўтинлар орасидан пастга тушиб, ерости йўлаги орқали уйига борибдию бир
йил ташқарига чиқмай ўтирибди. Сўнг яна ўша оппоқ либосини кийиб, подшоҳга рўпара бўлиб
дебдики: «Олампаноҳим, мен қайтиб келдим. Отангиз сизни беҳисоб равишда дуо қилдилар. Ва
амр эттиларким, бу уч вазирингизни хизматларига юбормоғингиз жоиз экан». Подшоҳ
ўйладики, «Мен вазири аъзамни булар кўрган тушга инониб у дунёга юборган эдим. У
хизматини адо этиб қайтиб келди. Нега энди унинг сўзларига инонмайин?» Подшоҳнинг шу
аҳди билан уч вазир ўтда ёнган экан...
Кесакполвон ўша вазирлар тоифасидан эди. У ўзининг майда ўғрилардан эканини унутган,
Асадбек паноҳида юрмаганида сал нарсага қамалавериб ийиғи чиқиб кетиши мумкинлигини эса
фаҳмлай олмасди. У баъзан «Асадбекни одам қилган менман, шунинг хизматида юрмаганимда
аллақачон тож кийиб, қонундаги ўғриларнинг зўри бўлардим», деб ўйларди. Бироқ унинг калта
ақли «Қонундаги ўғри мартабасига етиш учун ҳам фаросат керак», деган ҳақиқатни ҳазм қила
олмас эди.
Кесакполвон айни дамда ранжигани билан Хонгирейга, ҳатто Селимга хизмат қилишга кўникиб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |