www.ziyouz.com kutubxonasi
134
ёшлик ўйноқилиги оқибати эмас, балки ота-онасининг истаги меваси эди. Таг-тугли узоқроқ
қариндошларининг хонадонида қизларининг бахт топишига астойдил ишонган ота-онаси
тиконни билмай босган эдилар.
Янгалар уч кун пойлаб зерикишди: келин-куёв қўшила олишмади. Куёв болани домлага олиб
бориб ўқитиш ҳам натижа бермади. Кунсанам сабр қилди, воқеани мажруҳ эрига билдирмади.
Ўғлига айтишдан ҳам қўрқди, ҳам уялди. Ойсанам ҳам сабр қиларди. Аммо... кичик чилласи
чиқмай туриб, ярим тунда эрининг безовта бўлиб ён хонага ўтиб кетишидан ташвишланди.
Сўнг сон томирига эм игнасидан дори юбораётган кўрди-ю, лабини тишлади. Сири ошкор
бўлган эр уни ҳам дори олишга даъват эта бошлагач, уйига қайтди-ю, бор гапни яширмай
айтди. Акасининг бориб куёв болани дўппослаб уриб келгани ҳисобга олинмаганида улар
ортиқча гап-сўзсиз ажралишди.
Бу воқеа Кесакполвонга номаълум, фикрича, гўзал жувоннинг эрдан чиқишига бошқа сабаб
мавжуд эди. Ҳар нима бўлганда ҳам Ойсанам Кесакполвон учун забт этилмаган қўрғон бўлиб
қолаверди. Кесакполвоннинг маишатбоп хотинларга муҳтожлиги йўқ, «Ойсанами кўнмаса
жонсанам-да» деб кетаверса бўларди. Лекин жувондаги кибр (ҳа, у номусни айнан кибр деб
фаҳмлаганди) унга тинчлик бермади. «Ўн йил бўлса ўн йил, юз йил бўлса юз йил кутаман.
«Акажон!» деб қўйнимга кирганини ўзи ҳам билмай қолади», деган аҳдини бугун эслади.
«Миркаримовнинг ўлиги сувдан чиқибди», деган хабарни эшитиб, жанозага борганида ҳамма
тобутни кўтариш билан овора эканида Кесакполвон майитнинг изидан йиғлаб чиққан
хотинларга қараган, улар орасидаги Ойсанамни кўриб «йиғласа ҳам офатижон-а, даюснинг
хотини» деб қўйган эди.
Ойсанамнинг Японияга отлангани ҳақидаги хабар Кесакполвоннинг тинчини бузган, бошида
мингта ташвиш, минг битта ғалва бўлса ҳам, бу янгиликнинг тагига етишни истаётган эди.
Дарвоза биқинидаги қўнғироқ тугмасини қайта-қайта босган Кесакполвон ичкаридан жавоб
бўлавермагач, «Нима бало, Японияга жўнаворганми?» деб ташвишланди. Умиди синган тарзда
изига қайтай деганида Ойсанамнинг «Ким?» деган товушини эшитиб, кўнгли яйраб кетди-ю,
ичида «овозингдан акагинанг айлансин!» деб қўйди. Жувон яна бир карра «Ким?» дегач:
— Менман, Ҳайдар акангман, — деб ўзини танитди.
Шундан сўнг ҳам дарвоза эшиги дарров очила қолмади. Бундан ори келган Кесакполвон
зардали овозда:
— Нима, танимай қолдингми? — деди.
Ойсанам эшикни очиб, салом берди-ю, «келинг, киринг», демади. Орқага тисарилмади, ёнга
ўтиб, йўл ҳам бўшатмади. Бу ҳаракати билан ўзига ёқимсиз бўлган эркакнинг остона ҳатлаб
киришига майли йўқлигини ошкор қилди. Ойсанамнинг хоҳиши бор ёки йўқлиги Кесакполвон
учун аҳамиятсиз нарса эди. Энг муҳи- ми — бу уйга кирмоққа унинг хоҳиши бор.
— Шу томонга йўлим тушган эди, сингилжонимни би-ир йўқлай дедим. Сени кўрмаганимга ҳам
минг йил бўлдиёв, — Кесакполвон шундай деб остона хатлагач, Ойсанам тисланиб, йўл
бўшатишга мажбур бўлди.
Айвон иссиқ бўлгани учун уйга бошламади. Кесакполвон юмшоқ оромкурсига чўкиб ўтиргач,
сигарет тутатди-да:
— Ўғлинг кўринмайдими, ёлғизмисан? — деб сўради.
— Ўғлим... ойим билан контсертга кетишувди, ҳозир келиб қолишади.
Ойсанам ёлғон гапирди: ўғли онасиникида, бугун келишмас эди.
— Ёлғиз зерикмаяпсанми? — деди Кесакполвон ишратталаб нигоҳини унга қадаб.
— Йўқ.
— Сен эрга тегишинг керак. Бевалик сенга сира ярашмайди. Сени... ўзим олиб қўя
қолсаммикин, деб турибман.
— Меними?
— Ҳа-да, тегасанми, менга?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |