www.ziyouz.com kutubxonasi
137
«Маҳмуднинг арвоҳи сени то гўрга киргунингга қадар таъқиб этиб, қийнайди. Қийноққа ўзинг
харидор бўлиб, уни ўзинг сотиб олдинг», деб ўйлади Асадбек. Тил эса бошқа гапни айтди:
— Кўчиш керак. Кўнглингга ёқадиган жой топ.
Асадбекнинг «кўнглингга ёқадиган» деганига Кесакполвон унча диққат қилмади. Чунки айрим
ишларни топшираётганда Асадбек «билганингни қил» ёки «кўнглингга қара» деб қўярди.
Ҳозир Асадбек «кўнглимизга» эмас, «кўнглингга» деб атай таъкидлаган, бу билан «топадиган
жойингда ўзинг иш юритасан», деган маънони сингдирмоқчи бўлган эди.
Диванга бориб ўтиришганда Бўтқа чойнак кўтариб кирди-да: «У-бу керакмасми?» деб сўради.
Кесакполвон «у-буга ҳожат йўқлигини» айтгач, пиёлаларга чой қуйиб узатди-да, жимгина
изига қайтди.
— Масковда Хонгирейни учратиб қолдим, — деди Асадбек, Бўтқа чиқиб кетгач. — Анавинда
тўғри айтдинг: не бўлса ҳам мусулмонлиги бор бу боланинг. Козлов туфайли орамизга
совуқлик тушди, деб афсусланиб юрувдим. Кўнгли кенг экан у чеченнинг. «Ўртамизда гина-
кудурат йўқ», деб айтди. Мардлигига қойил қолдим. Шерикка ёлчибмиз, ошна. Ана энди
ош-қатиқ бўлсак арзийди. Бир-иккита зўр ишларни мўлжаллаб қўйган экан, ўзинг биллалашиб
юритасан.
Бу сафарги «ўзинг биллалашиб» дейилуви Кесакполвоннинг диққатини четлаб ўтмади.
— Мўлжалидаги иш жуда катта, лекин жуда нозик, қалтис. Буни фақат ўзинг эплайсан.
Кесакполвон энди «ўзинг» шунчаки тилдан адашиб чиққан сўз эмаслигини англаб, таҳрир
киритди:
— «Ўзимиз» дегин.
— Йўқ, энди бу ишларни сен юритасан. Сен билан мен учиб бораётган мошинанинг
мурватларимиз. Мурват дегани эскийди, ишдан чиқади. Мурват янгиланмаса, ўзинг биласан,
мошина абжақ бўлади. Иккаламиз билла юриб, ёмон бўлмадик. Энди мен четга чиқишим керак.
Менинг ташқи кўринишим одам. Ичимни ҳали ҳам дард кемириб ётибди. Менга раҳминг келсин.
Жумбоқнинг бу қадар енгил ҳал этилишини кутмаган Кесакполвон бир оз довдираб қолди.
Асадбекнинг аҳди қатъийми, самимийми ёки синаш учун айтяптими бу гапларни — фарқлай
олмасдан гангиди. Собиқ хожасининг қарашлари, гапидаги оҳанг ичига яширинган сирни
ошкор қилмади.
— Ҳа, нега жимиб қолдинг, гапир,— деди Асадбек.
— Нимани гапираман, Масковда жин-пин чалиб кетдими сени? Гапларингдан латта ҳиди
келяпти. Касал бўлсанг, дамингни ол, ҳолингга қараб юравер. Сендан биров иш талаб
қиляптими ё давлатнинг ишхонасига ўхшаб бюллетен кўрсатишинг керакми? Бир ёғинг-ни ёзга,
бир ёғингни қишга қўйиб, таралла-бедод қилиб юравер, қанча иш бўлса, мен борман.
— Шуни айтяпманда. Ҳамма иш энди сенинг гарданингда бўлади.
— Гапни айлантирма. Сен — Асадбексан! Мен киссавурдан чиққан майда одамман.
— Илгари майда бўлган бўлсанг, энди йириклашасан. Масала ҳал бўлган, мен Хонгирей билан
келишиб келдим.
— Нима, энди Хонгирей хўжайинлик қиладими?
— Хўжайин эмас, у сенинг шеригинг. Тенг шерик! Шуни унутмагину сира паст кетма. Яна
бошингга чиқиб, ўтириб қўймасин.
— Бошни қотирма. Менинг шеригим ҳам, хўжайиним ҳам ўзингсан. Мени ташлаб, четга
чиқсанг, номардсан.
Асадбек унга кулимсираб қаради: «Бу гапни энди Хонгирейга айтасан. Хурсандликдан ёрилиб
кетай деяпсан-ку...» Асадбек собиқ аъёнига шундай дегиси келди. Сўнг бўралаб сўкишни,
кейин юмшоқ ерига боплаб бир тепишни истади. Кўнгил жилови бўш қўйилса, нималарни
истамайди. Вақти-вақти билан «портлаб» кетувчи Асадбек бу сафар кўнгли ҳукмига
бўйсунмади, кўнглини азобларга қолдириб, кулимсиради. Тил ва дил бирлигини бутунлай
йўқотди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |