www.ziyouz.com kutubxonasi
145
— Ишга мен шошяпман, сен нега соатингга қараяпсан? — деб сўради.
— Сизни биров кутаётган бўлса...
— Кутаётган бўлса, кутаверади, сен ташвишланма. Ҳозир бориб чол билан келинни
юзлаштирадиганман. Майли, бир оз юраклари сиқила турсин.
— Шу одатингиз ҳали ҳам қолмабди-да, а?
— Қайси одатим? — деди Ҳамдам. — Бетартиблигимми?
— Ҳа.
— Бу одат эмас, прокурор, бу — қўндоқда теккан касал. Битта одам айтиб кетган экан:
«Ёшликда одат қилсанг — қаригунингча кўникасан, қариганингда одат қилсанг —
кўниккунингча кўмиласан.» Зўр гап эканми? Шунақа, оғайни, ҳали ёшмиз, қаригунимизча
ақлимиз кириб қолар. Қариганда ҳам қуйилмасам, бунинг дориси бор: гўримга олиб кетаман.
Иҳ, эсдан чиқай дебди-ку, эрталаб бўшмисан?
— Ҳа, нима эди?
— Бугун ярим кечадан бошлаб очларнинг юриши бошланади. Маҳмуд Эҳсоновингнинг эсон-
омон кўмилганига ўн тўққиз кун тўлиши муносабати билан катта тантаналар бўлади. Қўрқма,
ош бизга ҳам етади, камида уч-тўрт юз кило гуруч дамланар, борасанми?
— Йўқ, — Зоҳид ўйлаб ўтирмай рад жавобини айтди-да, сўнг ҳазил тариқасида изоҳ берди: —
қорним тўқ.
— Меники ҳам тўқ. Лекин мен ошхўрликка эмас, тамошага бораман. Бормасам еган лағмонимни
ҳазм қилолмайман.
Ошхона хизматчиси дамлаб келган чойдан бир пиёладан ичишгач, қўзғолишди. Ҳамдам
йўловчи машина тўхтатиб, кетди. Зоҳид эса пиёда юргиси келди. Кечаги изғириндан сўнг кун
бирдан илиб, фасллар курашида энди баҳорнинг қўли баланд келганидан далолат берган эди.
Зоҳид адолат хусусида фикр юритгудай бўлса, баҳор фаслини кўз олдига келтиради. «Баҳор
ҳам, адолат ҳам беқарор, — деб ўйлайди у. — Уларни интиқиб кутасан, энди кўз қувониб,
кўнгил яшнаган пайтда иккови ҳам одам зотига хоинлик қилади».
Зоҳиднинг бундай фикр қилиши бежиз эмас. Баҳор ўз ўрнини жазирама ёзга бўшатгани каби
адолат ҳам чекиниб, ноҳақлик рўпарасида ожиз бўлиб қолади. Баҳор билан адолатнинг фақат
рамзий маънодагина ўхшашлиги мавжуд. Аслида эса баҳорнинг келиб-кетиши инсон ҳукмида,
ёки истагида эмас, табиатнинг ўзгармас қонуни эканини ҳамма билади. Баҳордан фарқли
ўлароқ, адолат табиат ҳукмида эмас, балки у инсон ақл-идроки, иродаси, мақсади йўлидаги
хатти-ҳаракатига боғлиқ. Инсон болалари истасалар адолат қиладилар, истамасалар — йўқ.
Адолатга етганларида суюнадилар, ноҳақлик жарига қуласалар фарёд чекадилар. Кечаги
қувончларини унутиб, «бу дунёда адолат йўқ!» деб нолалар қиладилар. Шундай онда
«Биродар, ноҳақлик жари лабида ўзингиз юрдингиз, ўзингиз тойдингиз, ўзингиз қуладингиз.
«Тўғри йўлдан юринг», дейилса «менга шуниси маъқул» дедингиз. Ҳадеб жар ёқасида
юрадиган кимса ҳар қанча зийрак, ҳар қанча тийрак, чаққон бўлмасин, бир кунмас бир кун
барибир қулайди...» деб кўринг-чи?
Зоҳид булар ҳақида кўп фикр юритган. Жиноят қилиб қўйиб, айбини бўйнига олмай «Мен
туҳматга қолдим», деб зорланувчиларни кўрганида уларга жар ёқасида юрмоқнинг хавфли
эканини тушунтирмоқчи ҳам бўлган. Кейинчалик эса бу ҳаракатидан натижа чиқмаслигини
билиб, бас қилган эди.
Баҳорнинг хуш ёқувчи ҳавосидан кўнгли ёришган Зоҳид ҳозир буларни ўйламас, хаёли Ҳамдам
Толиповнинг таклифи билан банд эди. Гарчи «қорним тўқ», деб таклифни рад этса-да,
маъракани бир тамоша қилгиси келди. «Ҳар ҳолда Асадбек акалик мақомида туриб
меҳмонларни кутса керак, — деб ўйлади у. — Асадбек таниган-танимаган, маъракага таклиф
этилган-етилмаган неча юз тўқ одам таъзим қилиб келади. Буларнинг орасида қанчаси умрида
Маҳмуд Эҳсоновни бир марта ҳам кўрмаган. Лекин ошга келаверади. «Ош егани келдим»,
демайди, «марҳумнинг ҳурмати», дейди. Аслида шу ошни емаса очдан ўлмайди. Мақсад — ош
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |