www.ziyouz.com kutubxonasi
148
Хоразмийни билмайди, Фарғонийнинг номини умуман эшитишмаган. Мактабда ўқиётганимда
мен ҳам шундай эдим. Болаларим ҳам шундай бўлса, набираларим ҳам шу тубанликда
қолаверса, Лондонга бориб маъруза ўқиганимдан нима фойда? Яна қанча авлод чала илмга
қаноат қилади? Хуллас, шу тариқа мен масаланинг энг тўғри ечимини топдим. Қандай, деб
сўрамайсанми? Менинг дарсларимда саволга тутишни яхши кўрардинг-ку?
— Савол бераман, аввал масаланинг моҳиятини тушуниб олай.
— Моҳиятни тушуниш қийин эмас. Озгина туйғу бўлса кифоя экан. Билмадим, бу туйғу менда
қайдан пайдо бўлдийкин? Ё укам ўлиб, туйғуси менга мерос сифатида кўчдимикин?
Руҳшуносларда шунақа тахминлар ҳам бормикин, билмайсанми?
— Шунга яқин гапни эшитувдим. Қайси бир дин ақидасига кўра одам ўлса руҳи ҳайвонларга
кўчар- кан.
— Э, йўқ, бу гапинг ўтмайди. Укамнинг руҳи ҳайвонларга кўчадиган руҳлардан эмас. Ҳар ҳолда
ўзимга ҳам ғалати туюлган туйғу билан масалани ечдим: ҳозир мактабда ўқитувчи бўлиб
ишлаяпман. Бир-икки оғайниларим мени ҳатто телбага чиқаришди. Нима, фан доктори,
профессор мактабда ишлаши учун жинни бўлиши керакми? Болалар менга «устоз» деб
мурожаат қилишади. Институтдаги «Ҳабиб Сатторович» билан «устоз» деган сўз орасида фарқ
борми? Биринчисида самимият йўқ, а? Ширин тил билан айтилса ҳам, бу ширинликнинг ортида
баъзан заҳар туради. Иккинчиси жуда-жуда самимий, беғубор. Бу ширин тилнинг ортида заҳар
йўқ, мунофиқлик йўқ. Биласанми, мен ҳозир қандай аҳволдаман? Балчиқдан чиқиб, ювиниб,
тоза ҳаво олаётган одамга ўхшайман. Ҳатто ота уйимга кўчиб келдим. Мендаги ўзгаришдан
онам ҳам ҳайронлар. Фақат... мактабда ишлаётганимни у кишига айтмаганмиз. Айтсам... —
Ҳабиб Сатторович айёрона жилмайди, — балоларга қоламан. Мана, мендаги ўзгаришларнинг
натижаси ўлароқ, сени йўқлаб келдим. Эътибор қилган бўлсанг, шошилмаяпман. Менинг
ўрнимга сен безовтасан. «Домла чиндан айнибди, гапини тугата қол- са-ю, кетса, мен чала
ишларимни битириб олсам», деб ўтирибсан. Эътироз билдирма, бу — аксиома! Мен
ўзгаришимни сенга кўз-кўз қилгани келмадим. Ишингга тааллуқли бир фикр бор. Энди эсим
жойидалигида шуни айтай.
— Сизда яна битта ўзгариш сездим, айтайми? — деб сўради Зоҳид, муғомбирлик билан
кулимсираб.
— Албатта, — деди Ҳабиб Сатторов.
— Кинояга уста бўлибсиз. Аввал унақа эмасдингиз. Масалани қисқа ва аниқ равишда
айтардингиз.
— Худди роботга ўхшаб, а? Укам шунақа деб тан-қид қиларди. Демак, айниганим рост.
— Ҳа, рост, лекин яхши томонга.
— Илтифотинг учун раҳмат, азизим, энди эшит: сен математика илмидан юз ўгириб, ҳуқуқ
илмини танладинг. Иккаласи бутунлай бошқа-бошқа оламми?
—Шунақа.
— Шунақа эмас, азизим. Шунақага ўхшайди. Пирамида қоидаси эсингдадир? — Ҳабиб Сатторов
саволига жавоб кутмай, ён чўнтагидан гугурт чиқарди-да, тўртта чўпни олиб, учтасининг
қалпоқчали бошларини бирлаштирди. Сўнг тўртинчи чўпни ўт олдириб қалпоқчаларга тутди.
«Пов» этиб ёниши ҳамоноқ пуфлаб ўчиргач, қалпоқчалар куйиб, бир-бирларига ёпишди-да,
пирамида шакли ҳосил бўлди. Шундан кейин Ҳабиб Сатторов гапини давом эттирди: — Бу мен
учун пирамида. Сен учун-чи?
Зоҳид устозининг мақсадини англамай елка қисди:
— Мен учун ҳам пирамида-да.
— Йўқ, бу сенинг бошингни қотираётган жиноятга оид иш. Демак, бу ҳолда сен нима қиласан?
Сен аввал битта чўпни турткилаб кўрасан. Кейин бошқасини. Лекин пирамидани йиқолмайсан.
Чунки пирамиданинг кучи мана бу уч қисмда. Сен аввал мана бу бирлаштириб турган бошни
айиришинг керак. Шунда пирамида ўз-ўзидан қулайди. — Ҳабиб Сатторов шундай деб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |