www.ziyouz.com kutubxonasi
156
осон- роқ.
Машиналарнинг тўхташи осон бўлмаса-да, четроқда турган Асадбек ғашланмади. Кузатиб
тураверди. Аксинча Манзура «Ношуд!» деб сўкиб қолмасалар эди, деб ташвишланди.
Ниҳоят, бир машина тўхтагач, Асадбек яқинлашиб, манзилни айтди:
— Анҳор бўйига.
— Қанча берасиз? — деди ҳайдовчи.
Асадбек унга жавоб бермай, Манзура учун орқа эшикни очди-да, ўзи олд ўриндиққа ўтирди.
— Акажон, кира ҳаққини келишмадик-ку? — деди ҳайдовчи.
— Сен аввал олиб бориб қўй, келишаверамиз, — деди Асадбек эшикни ёпиб.
— Ҳисобли дўст айрилмас, деган гаплар бор.
— Менга дўстмисан ҳали, унда текинга олиб бориб қўясан. Мен дўстларимга пул бермайман.
— Энди ака...
— Бўлди, мижғовлик қилма. Пул ишлайдиган одам шунақа имижиқи бўладими, э сўтак! —
Асадбек аччиқланиб, чўнтагидан ўн сўмлик чиқарди-да унинг тиззаси устига ташлади. «Сўтак»
дейилганига ичи оғриб бир нима демоқчи бўлган ҳайдовчи ўн сўмликни кўриб, тилини тишлай
қолди. Ўзича ҳисобни тўғрилаб қўйди, икки сўми кира ҳаққи, саккиз сўми «сўтак» деб ҳақорат
қилгани учун жарима...
Анҳор бўйлаб юриш Манзура учунгина эмас, Асадбекнинг ўзига ҳам дастлаб ғалати туюлди.
Атрофга қараб енгил тортди: қучоқлашгудай бўлиб бир-бирининг пинжига кириб бораётган
ёшлардан ташқари чол-кампирлар ҳам, болаларини ўйнатгани олиб чиққан жувонлар ҳам сайр
қилишарди. Бировнинг бошқаси билан иши йўқ... Ҳеч кимнинг, жумладан, Асадбекнинг соядек
илашиб юрадиган қўриқчилари ҳам йўқ.
Шундай яшаса ҳам бўлар экан-ку?
Eркин ҳаёт деб шунга айтилмайдими?
— Манзур, бундан бу ёғига болохонада одам ўтирмайди, — деди Асадбек.
Бу янгиликни эшитиб, Манзура беихтиёр «вой» деб юборди.
— Қўрқасанми? — деб сўради Асадбек.
— Йўғ-а, нимадан қўрқаман, — деди Манзура.
— Энди келинлар бор, тепадан кўзларини лўқ қилиб ўтириши менга ёқмаяпти.
— Тўғри қиласиз, адаси, келинларингиз ҳам «бу-лар нима қилиб ўтиришади», деб ҳайрон
бўлишув- ди.
— Шунақами? Сен нима дединг?
— Булар қариндошларимиз, институтга киришга дарс тайёрлаб ўтиришади, дедим.
— Боплабсан-ку, шу пайтда институтга кирадими?
— Нима дейишим керак эди?
— Ҳа, майли, институтга кирмайдиган бўлиб, қайтиб кетишди, деб қўясан энди, — деди
Асадбек кулиб.
Шундан сўнг гап халтаси бўшаб қолгандай индамай кетишди. Бундай юриш Асадбекка ёқмай:
— У томонларда ҳаёт қандай экан, айтиб ҳам бермадинг, а? — деди.
— Мавриди бўлмади-ку, — деди Манзура айбли оҳангда.
— Одамларининг муомаласи қанақа экан?
— Тилларига тушунмасам... Лекин қўни-қўшни бир-бирини танимас экан, оқибат ҳам қилмас
экан.
— Қўни-қўшниларнинг бир-бирларини танимаганлари ҳам маъқул. Тинч яшашади, ғийбат
қилишмайди.
— Вой қўйинг-е, ёмон бўлса ҳам қўшнининг бори яхши.
— Сен ўша томонларда қолиб яшаган бўларми- динг? — деб ўсмоқчилаб сўради Асадбек.
— Ўлсам ҳам яшамасман.
— Келинларинг ўйимизга кетамиз, дейишса, ўғилларинг уларга қўшилиб жўнашса-чи?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |