www.ziyouz.com kutubxonasi
164
қилмай, Қамариддинни тинч қўйди-ю, бироқ, бу ёндаги қўшнини аврай-аврай аввал
ҳовлисининг ярмисини сотиб олдирди. Кейинроқ «икки қизингиз билан ҳовлида нима қиласиз
қийналиб», деб юриб, қолган ярмини шаҳар марказидаги тўрт хонали уйга алмаштирди-ю, сўнг
кўнгли ором топди. Асадбекнинг «бекор қилдинг шу ишни», деган гапига «Сенинг обрўйинг
менинг обрўйим, сен билан бир иш қиладиган одам аввал уйингга қарайди. Каталакда ўтирсанг
биров афтингга боқмайди», деб жавоб қайтарган эди.
Кеча Манзура «уйни сотишмоқчимишми...» деганида Асадбек Кесакполвоннинг ўша пайтдаги
аҳдини эслади. «Бу мараз яна менга яхши кўриниш учун Қамар акани сиқувга олдимикин?» деб
ўйлади. Ўғлининг фикридан ғашланишининг иккинчи сабаби шу эди.
Асадбекнинг қўшничилик бурчини бажариши тўй-маъракаларга бирров чиқиб қўйишдан иборат
эди. Кўчада кўришиб қолишгудек бўлишса ҳам асосан салом-алик билан кифояланарди.
Асадбекнинг ҳовлига кириб келиши Қамариддин учун кутилмаган бўлгани билан мақсади
маълум эди. Дарвозахонага тақаб чол-кампир учун солинган пастак уйга кириб ўтиришгач,
дуойи-фотиҳадан сўнг Асадбек гапни чўзиб ўтирмай муддаога ўтиб қўя қолди. Бир пайтлар
ҳовлига харидор бўл- ган одам, бугун ё эртанинг ўзида сотиб олади, деган ишончдаги
Қамариддин ҳам чайналиб ўтирмай, ниятини айта қолди:
— Шу ҳовли бегона бўлмасин, ўзингиз олинг, — деди у.
— Менинг уйим бор, — деди Асадбек.
— Мен ўғилларингизнинг бирига ватан бўлармикин, девдим.
— Сизнинг ўғилларингизга ватан керакмасми?
— Керакликка керак... қўл калта-да, Бек ака.
— Қамар ака, сизга бу ишни биров ўргатдими, ё битта-яримта зўр «сотасан», деб зўрладими?
— Мени ким зўрларди, ҳаётнинг ўзи мажбурлаб қўяркан.
— Заводда неча йилдан бери ишлайсиз? Ўттиз йил бўлгандир, а?
— Ўттизингиз нимаси, қирқ беш йил бўлди. Уруш вақтида ўн тўрт ёшимда бошлаганман ишни.
Дастгоҳга бўйим етмасди, оёғимнинг тагига ғишт қўйиб беришарди.
— Шунча ишлаб қўйибсиз, уй сўрамайсизми?
— Вақтида навбатга туриб қўймаган эканман. Оми одамман-да.
— Ҳозир навбатингиз борми ишқилиб?
— Борликка бор-ку, лекин элликнинг нарёғида. Бу йил завод битта уй қурувди, навбат
яқинлашиб қолармикин, десам, Россиядан ишчилар келадиган экан, уй ўшаларга берилармиш.
Катта ўғлим ҳам ишхонасида навбатда турибди. Туновинда ҳисобласак, навбати ўттиз йилда
келаркан.
— Ота-бола иккита уй олсаларингиз масала ҳал-ми?
Қамариддин Асадбекнинг мақсадини англаб ўнғайсизланди:
— Бек ака, шу жойни олиб қўя қолганингиз яхши эди бизга.
— Менга уй керакмас, — деди Асадбек қатъий тарзда, кейин самимий оҳангда қўшиб қўйди: —
Менга қўшни керак.
— Раҳмат, Бек ака, ўзи... сизнинг олдингизда ҳижолат эдим.
— Нега ҳижолат бўласиз? Сиз билан бизнинг орамизда гап-сўз бўлиши мумкинмас.
— Ўртанчамни яхши сомсахонага жойлаб қўювдингиз. Тирикчилик туппа-тузик ўтиб турувди.
Бола тушмагурнинг сомсапазликка сираям тоқати йўқ-да. Мендан бемаслаҳат автобазага бориб
ишга жойлашиб олибди. Бир шалақ аравани бериб қўйишган, бир кун юрса ўн кун қора мойга
беланиб тузатади. Шунда ҳам шаштидан қайтмаяпти. Жуда ўжар-да.
— Карате билан шуғулланадигани шу боламиди? Ташлаб юборгандир?
— Бе, қаёқда! Карате дегани унинг жони-ку! Иккита болали бўлдинг, қўй энди, десам ҳам
«отаммисан сен, кимга гапиряпсан» демайди.
— Шу ўғлингизни менга беринг, менда ишласин.
Бу таклиф Қамариддин учун ҳам кутилмаган, ҳам ёқимсиз бўлди. Шу сабабли ҳамсуҳбатига бир
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |